Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 44 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ПЕНСИЯ ҲИСОБЛАШ УЧУН ҚОҒОЗ МАЪЛУМОТНОМАЛАР камаяди

Вазирлар Маҳкамасининг 19.10.2015 йилдаги 297-сон Қарорига мувофиқ «Пенсия» дастурий мажмуи негизида пенсия таъминотининг янги ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади ва жорий қилинади.

Маълумки, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва ижтимоий нафақалар оладиган 2,7 миллиондан ортиқ пенсионер ва 237 минг фуқаро бўйича ягона маълумотлар базасини ифодалайдиган автоматлаштирилган ахборот тизими – «Пенсия» дастурий мажмуи жорий этилган. Унинг воситасида пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш, ҳисоб-китоб қилиш, қайта ҳисоб-китоб қилиш, ҳисоблаш жараёнларини автоматлаштириш таъминланмоқда.

2015–2017 йилларда кекса кишилар учун қулай бўлган, маълумотномалар ва тасдиқловчи ҳужжатларни қоғоз шаклида олишни истисно этувчи, шунингдек пенсиялар ва нафақалар тўлашга маблағларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлайдиган пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизими («Нафақа» тизими) жорий қилинади.

Ҳужжат билан «Нафақа» тизимини босқичма-босқич жорий қилишнинг режа-жадвали тасдиқланди, манфаатдор вазирлик ва идораларга эса уни тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини ташкил қилиш топширилди.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тизимни жорий этиш тугаллангандан кейин 2018 йил мобайнида унинг фаолият кўрсатишини янада қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган сервер асбоб-ускуналарини харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш топширилди.

 

ИМПОРТ ТОВАР ҚАНДАЙ СЕРТИФИКАТЛАШТИРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 14.10.2015 йилдаги 292-сон Қарори билан мувофиқликни баҳолаш ва метрологик хизматлар бўйича органлар фаолиятини аккредитация қилиш ва инспекция назоратидан ўтказиш тартибини тартибга солувчи, шунингдек Ўзбекистондан ташқарида амалга оширилган мувофиқлик сертификатларини баҳолаш натижаларини эътироф этувчи ҳужжатлар тасдиқланди.

«Ўзстандарт» агентлигига инспекция назоратидан ўтказилгандан сўнг 5.04.2014 йилгача аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш ва метрологик хизматлар бўйича аккредитация органлари тўғрисида янги гувоҳномаларни расмийлаштириш топширилди.

Қарор билан 2 та Низом тасдиқланди:

Мувофиқликни баҳолаш органларини ва метрологик хизматларни аккредитация қилиш ҳамда инспекция назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида эътироф этиш тартиби тўғрисида низом.

Биринчи Низомга мувофиқ маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимлар, шунингдек метрологик ишлар ва хизматларнинг мувофиқлигини баҳолаш ва тасдиқлаш борасида ўзининг малакали эканлигини эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан Миллий аккредитация органига мурожаат қилган талабгор аккредитация қилинади.

Низом билан бир неча босқичдан иборат аккредитация шартлари белгиланган. Унинг ҳар бир навбатдаги босқичи олдинги босқичнинг натижалари ижобий бўлган тақдирда бажарилади. Аккредитация қилиш (аккредитация соҳасини кенгайтириш) ишлари учун тўлов босқичма-босқич амалга оширилади.

Қарор ижобий бўлган тақдирда Миллий аккредитация органи ариза берувчига тегишли гувоҳномани 5 йил муддатга 3 иш куни мобайнида беради.

Иккинчи Низом мамлакатимизга импорт қилинаётган маҳсулотлар, ўлчов ва синов воситалари, стандарт намуналарига, шунингдек давлат метрологик назоратини татбиқ этиш соҳасида қўллаш мумкин бўлган ўлчовларни бажариш методикасига татбиқ этилади.

Ўзбекистондан ташқарида берилган мувофиқлик сертификатлари (декларациялар) ва синов протоколлари қуйидаги ҳолатларда эътироф этилади:

уларни ўзаро эътироф этиш тўғрисида халқаро битим мавжуд бўлганда;

рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган, Низомга 1-иловада кўрсатилган мамлакатларда ишлаб чиқарилган технологик асбоб-ускуналарни ва уларнинг қисмларини олиб киришда;

олиб кирилаётган маҳсулотларнинг сертификатлаштириш синовларини ўтказиш учун Ўзбекистонда аккредитация қилинган синов лабораторияси мавжуд бўлмаганда.

Ўзбекистондан ташқарида берилган мувофиқлик сертификатларини (декларацияларини) эътироф этиш учун ариза берувчи (жисмоний ёки юридик шахс – импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ёхуд уларнинг вакили) томонидан сертификатлаштириш органига зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда буюртманома берилади.

Сертификатлаштириш органи 2 иш кун (тез бузиладиган маҳсулотлар учун – 1 иш куни) мобайнида буюртманомани кўриб чиқади, тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилади, маҳсулотни идентификациялашни амалга оширади. Натижалар бўйича 1 иш куни мобайнида мувофиқлик сертификатини (декларацияни) эътироф этиш, қўшимча синовлар ўтказишнинг зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади ёки эътироф этишни рад этишнинг расман асосланган ҳужжатини беради.

Ўзбекистондан ташқарида берилган мувофиқлик сертификатини (декларацияни) эътироф этиш уни мамлакатимизнинг мувофиқлик сертификати юзасидан қайта расмийлаштириш ва сертификатлаштирилган маҳсулотларнинг давлат реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.

 

ОНЛАЙН-ДЎКОНЛАРДАН ТОВАРЛАР УЧУН БОЖХОНА ДЕКЛАРАЦИЯСИ

Давлат божхона қўмитасининг қарори билан (Адлия вазирлиги томонидан 20.10.2015 йилда 834-27-сон билан рўйхатдан ўтказилган) аввал қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш учун Божхона юк декларацияси (БЮД)ни тўлдириш тартиби тўғрисида йўриқномага қўшимчалар киритилди.

Эндиликда экспорт қилувчилар товарлар, ишлар ва хизматлар учун уларнинг банклардаги ҳисобварақларига тўлов тўлиқ миқдорда амалга оширилгандан сўнг ҳамда бу ахборот Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилгандан кейин уларни онлайн дўконлар орқали экспорт контрактларисиз экспорт қилишга ҳақли, қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Қиймати 1 000 АҚШ долларигача бўлган товарлар БЮД расмийлаштирилмаган ҳолда онлайн дўконлар орқали ҳамда почта хизмати кўрсатиш қоидаларига мувофиқ тарзда экспорт қилиниши мумкин.

Йўриқномада аниқлаштирилишича, экспорт божхона режимига қўйиладиган товарлар учун БЮДни тўлдиришда контракт (шартнома, битим) тушунчасига онлайн дўконлари орқали тузилган электрон битим ҳам киради.

Қарор «Ўзбекистон қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 26.10.2015 йилдаги 42 (698)-сонида расмий тарзда чоп этилганидан кейин кучга кирди.

 

Елена ЕРМОХИНА, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1821 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика