Norma.uz

Юбилей ва ишдан бўшатиш

Компаниямиз ходим пенсия ёшига етганлиги муносабати билан у билан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи. Шу сабабдан бир қатор масалалар бўйича тушунтириш олмоқчи эдик.

1. Унга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни ким – ходим ёки иш берувчи (компания) тўплаши керак?

2. Агар уларни компания тўплаши керак бўлса, у эса, айтайлик, буни меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги 2 ойлик огоҳлантириш муддати давомида қилишга муваффақ бўлмаса, ушбу муддатни узайтириш мумкинми?

Г.Мамазиева,

МЧЖ кадрлар бўлими бошлиғи.

 

1. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон, бундан кейин – Қонун) 43-моддасидан келиб чиқишича, пенсия тайинлаш тўғрисидаги аризани ижтимоий таъминот органларига ходимнинг ўзи ва унинг оила аъзолари (боқувчисини йўқотган тақдирда) охирги иш жойидаги корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти орқали беради.

Ташкилот 10 кунлик муддат ичида стаж ва иш ҳақи тўғрисидаги зарур ҳужжатларни расмийлаштириши ҳамда уларни берилган ариза ва ўз тақдимномаси билан бирга аризачи истиқомат қиладиган Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига (бундан кейин – ПЖ бўлими) юбориши керак.

Башарти ходимга пенсия тайинлашга тавсия этиш рад қилинса, унга рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма хабар қилинади.

Маъмуриятнинг уни пенсия тайинлашга тақдим этишни рад этиш тўғрисидаги қарорига қўшилмаган шахс бевосита ПЖ бўлимига ариза бериши мумкин. Ушбу орган пенсия тайинлаш масалалари бўйича тушунтириш ва маълумотномалар бериши, шунингдек аризачига зарур ҳужжатларни олишда ёрдам кўрсатиши шарт. У корхоналар, ташкилотлар ва айрим шахслардан тегишли ҳужжатларни талаб қилишга, зарур ҳолларда улар берилишининг асослилигини текширишга ҳақли.

Корхона ва ташкилотлар пенсия тайинлаш учун (пенсия қайта ҳисобланиши учун) ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки ишончсиз маълумотлари бўлган ҳужжатларни тақдим этиш оқибатида пенсионерга етказилган зарар учун унинг олдида қонун ҳужжатларида белгиланганидек жавобгар бўладилар.

Ташкилот маъмурияти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тўплай олмаган ҳолларда, ПЖ бўлимига бор ҳужжатлар топширилади, етишмаган ҳужжатлар эса қўшимча равишда тақдим этилади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 7-банди, бундан кейин – Низом). Ушбу ҳолларда ПЖ бўлими қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлигини ташкилот маъмуриятига ёки ариза берувчига маълум қилади. Агар улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан бошлаб 3 ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади (Низомнинг 10-банди).

Низомнинг 12-бандига кўра, ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг ушбу аризасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси (1.01.2005 йилдан кейин).

Зарур ҳолларда бошқа ҳужжатлар ҳам тақдим этилади: ҳарбий хизматни тасдиқлайдиган маълумотнома; олий таълим муассасаларида кундузги ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома; ариза берувчи уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс ҳисобланишини тасдиқлайдиган ҳужжат; фахрий унвон берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва ҳоказо (Низом 12-бандининг «а»–«п» кичик бандлари ва 16-банди).

Пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар ҳам асл нусхада, ҳам ПЖ бўлими ёки нотариус томонидан тасдиқланган нусхаларда тақдим этилиши мумкин, фақат асл нусхаларда тақдим этиладиган маълумотномалар (иш ҳақи, ногиронлик, оила аъзоларининг таркиби тўғрисидаги маълумотномалар ва бошқа маълумотномалар) бундан мустасно (Низомнинг 27-банди).

2. Энди пенсия ёшига етиши муносабати билан ходим билан меҳнат шартномасини маъмуриятнинг ташаббуси билан бекор қилишга келсак (Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-банди). Кўриб турибмизки, ушбу асоснинг ўз формулировкасида пенсия тайинлашга шама ҳам йўқ – фақат ёш тўғри келганда тайинланади. Айни шу боис, сиз ёзгандек, МК 102-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантиришнинг 2 ойлик муддати меҳнатга доир муносабатлар маъмуриятнинг ташаббуси билан бекор қилинадиган ҳолларда қўлланади. Шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсияси олиш ҳуқуқи бўлганда ходим пенсия олиш ёшига етганлиги муносабати билан.

Мазкур муддат ходимга пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатларни тўплаш ва уларнинг иш берувчи томонидан ПЖ бўлимига тақдим этилиши учун бирор-бир аҳамиятга эга эмас. Охир-оқибатда, у иш берувчи уларни тўплаш ва тақдим этишга улгурмагани туфайли узайтирилиши мумкин эмас. Дарвоқе, уни бошқа сабабларга кўра узайтириш ҳам МКда назарда тутилмаган.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2127 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика