Norma.uz

Чет элликларга – худди қардош сингари

Мен кўп йиллардан бери Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси бўйича истиқомат қиламан, бироқ бошқа давлат фуқаросиман. Ана шу йиллар давомида ишладим ва, тегишинча, меҳнат стажига эгаман. Ўриндошлик бўйича ўзим фуқароси бўлган давлатнинг ОАВларидан бирида ҳам ишлаганман. Шунга асосан мен пенсиямни фуқаро бўлган мамлакатда расмийлаштирдим ва уни ўтказма тариқасида олаяпман. Пенсиямни доимий яшаш жойим, яъни Ўзбекистонда қайта расмийлаштирсам бўладими? Бунинг учун қандай ҳужжатларни тақдим этишим керак?

И.Аненкова.

Тошкент шаҳри.

 

– Ҳа, сиз Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқароси сифатида пенсия олиш ҳуқуқига эгасиз (Қонуннинг 1-моддаси).

Корхона фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай ишингиз, агар суғурта бадаллари тўлаган бўлсангиз, иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси).

Чет элда ишлаган бўлсангиз Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иши Ўзбекистонда ишланганига тўғри келадиган стажнинг 1/3 ҳиссасидан ошмаган миқдорда стажга қўшилади.

Сиз доимий яшаш жойингиздаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишингиз зарур.

Битимнинг 7-моддасида белгиланишича, пенсионер Битим иштирокчиси бўлган давлатлар доирасида бошқа жойга кўчганда, агар ўша турдаги пенсия пенсионернинг янги яшаш жойи бўйича давлатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, аввалги яшаш жойи бўйича пенсия тўлаш тўхтатилади.

Пенсия миқдори унинг янги яшаш жойи бўйича Битим иштирокчиси бўлган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта кўриб чиқилади.

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.10.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова) 12-бандига асосан, пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

олий таълим муассасаларида (шу жумладан, ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида, шунингдек партия мактабларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар-изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада кундузги ўқишни, шу жумладан, чет элда ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома;

болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилганидан бошлаб у 3 ёшга тўлгунигача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган бола 3 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома;

фамилия, исм, ота исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари корхоналар, ташкилотлар ва айрим шахслардан тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, зарур ҳолларда эса, уларнинг берилиши асослилигини текшириш ҳуқуқига эгадирлар (Қонуннинг 43-моддаси).

 

Абдурашид ИСМОИЛОВ,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг
пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил ҳамда мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.

Прочитано: 1448 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика