Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 43 / Аудитор хабарномаси

МҲХС: уч йиллик иш режаси

МҲХСни жорий этиш бир кунлик иш эмас. Бу иш мамлакатимиз Президентининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон), 2015–2018 йиллар мобайнида барча акциядорлик жамиятлари ҳар йилги молиявий ҳисоботларни Молиявий ҳисобот халқаро стандартларига (МҲХС) мувофиқ эълон қилиб боришга ҳамда ана шу ишнинг ташқи аудитини Халқаро аудит стандартларига (ХАС) биноан ўтказишга ўтиши назарда тутилган Фармони қабул қилинмасиданоқ бошланган эди.

 

Бироқ МҲХСни акциядорлик жамиятлари фаолиятига жадаллик билан жорий этиш айни шу ҳужжатдан бошланди. Чунончи, Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси мажлисининг 5-сон баённомаси билан «Акциядорлик жамиятлари ХАСга биноан ташқи аудит ўтказиши ва МҲХСга мувофиқ молиявий ҳисоботни эълон қилиш графиги» деб номланган 9-илова тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда акциядорлик жамиятларининг ХАСга мувофиқ ўтказилган аудиторлик текшируви натижалари асосидаги, МҲХСга мувофиқ бўлган ҳар йилги молиявий ҳисоботни ­эълон қилиб боришга босқичма-босқич ўтиш назарда тутилган. Бу иш 2015 йилдан бошланмоқда, негаки 2015 йил якунлари бўйича МҲХСга мувофиқ тайёрланган молиявий ҳисобот 2016 йилнинг 1 майига қадар эълон қилинмоғи керак.

«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун (9.12.1992 йилдаги 734-XII-сон Қонун, 26.05.2000 йилдаги 78-II-сон Қонун таҳририда) билан Халқаро аудит стандартларини қўлланиш ҳамда аудиторлик фаолиятини халқаро принципларга мувофиқ тарзда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилди. Мамлакатимиздаги кўпгина аудиторлик ташкилотлари аудиторлик компанияларининг йирик халқаро тармоқларига аъзо бўлиб кирдилар. Бу эса уларда дунё миқёсидаги қоидалар билан иш олиб бориш юзасидан етарлича тажриба борлигидан далолат беради.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳисоботларни МҲХС бўйича тузиш ҳамда эълон қилиш борасидаги вазифа хўжалик юритувчи субъектлар олдидагина эмас, балки текширувни Халқаро аудит стандартлари бўйича ўтказиши жоиз бўлган аудиторлик ташкилотлари олдида ҳам кескин бўлиб турарди. Дастлабки босқичда, одатда, бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича тайёрланган молиявий маълумотларни МҲХСга айлантириш амалиёти қўлланмоқда.

Акциядорлик жамиятларидан «Бухгалтерия баланси»ни «Молиявий аҳвол тўғрисидаги ҳисобот»га, «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»ни «Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ва бошқа ялпи даромад ҳақидаги ҳисобот»га, «Ўз капитали тўғрисидаги ҳисобот»ни «Ўз капиталидаги ўзгаришлар ҳақидаги ҳисобот»га, «Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот»ни «Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот»га айлантириш талаб этилади. Шунингдек ана шу маълумотларни МҲХС бўйича тушунтириш ва шарҳлаб бериш баёнларини тайёрлаш ва бу маълумотларни эълон қилиш зарур бўлади. Дастлабки босқичда акциядорлик жамиятларидан фақатгина МҲХСга мувофиқ тайёрланган молиявий ҳисоботни эълон қилиш талаб қилинмоқда, бошқача қилиб айтганда, бухгалтерия ҳисобини олиб боришни ҳам, молиявий ҳисобот тузишни ҳам бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича амалга ошириш мумкин, аммо кейинчалик молиявий ҳисоботни Халқаро стандартлар талабига мос келадиган шаклга айлантиришга тўғри келади. Акциядорлик жамиятининг ҳисоб юритиш сиёсатида бухгалтерия ҳисобини ҳам шундай қилиш (айлантириш) ва олиб бориш жараёнлари мустаҳкамлаб қўйилмоғи жоиз.

Шуниси ҳам борки, ҳисобот йилининггина эмас, балки ундан олдинги йилнинг ҳисоботини ҳам шу зайил, янги шаклга солиш талаб этилади, чунки «Бухгалтерия баланси», «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот» ҳамда молиявий ҳисоботнинг бошқа шакллари ўтган ҳисобот даврига оид ёки ҳисобот даврининг бошларидаги қиёсий (таққослама) кўрсаткичлар билан тақдим этилмоғи лозим. Масалан, акциядорлик жамиятлари 2015 йил юзасидан МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни 2016 йилнинг биринчи ярмида эълон қилишлари лозим. Бироқ 2015 йил юзасидан тайёрланган молиявий ҳисобот қиёсланадиган давр – 2014 йилдир. Шундай қилиб акциядорлик жамиятларига олдинги тегишли даврларга оид молиявий ҳисоботни ҳам янги шаклга айлантириш юзасидан катта ҳажмда иш қилишга тўғри келади.

Бундай қараганда ҳаммаси тушунарли, бемалол уддаласа бўладигандай. Лекин ҳисоботни янги шаклга айлантириш учун МҲХС ва ХАСни қўлланиш юзасидан назарий билими ва амалий кўникмаси бўлган малакали бухгалтерлар ва аудиторлар керак. Айни ана шу босқичда бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари МҲХСдан нимаси билан фарқланишини билиш зарур.

Халқаро амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, халқаро стандартларни қўлланиш жараёнини тезлаштиришда асосий омил ва восита профессионал жамоат бирлашмаларидир. Бу ишга профессионаллар ҳамжамиятини жалб этиш акциядорлик жамиятлари бухгалтерия хизматларининг ходимларини ва аудиторларини Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси мажлисининг 5-сон баённомаси билан тасдиқланган жадвалга мувофиқ мазкур ҳамжамият томонидан ўқитиш йўли билан амалга оширилади.

Қайд этиб ўтиш керакки, барча МҲХС ва ХАСлар дастлаб инглиз тилида тайёрланган. Ўзбекистонда инглиз тилида иш олиб борадиган мутахассислар бармоқ билан саналарлидир, шу сабабли мутахассисларимизни ўша муҳим стандартларнинг давлат тилига ва рус тилига қилинган таржималари билан таъминлаш зарур. МҲХС ва ХАСлар мунтазам равишда МҲХС Фонди ва Халқаро бухгалтерлар федерацияси томонидан такомиллаштириб, замон талабларига мослаштириб борилмоқда.

Ҳозирги вақтда МҲХСнинг 2013 йилги таҳрирининг ўзбек тилига қилинган таржимаси бор (Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси таржимаси), МҲХСнинг 2015 йилги таҳрири эса, рус тилига таржима қилинган. Кейинги икки йил давомида бу стандартларда нисбатан катта ўзгаришлар бўлмаганлиги сабабли ҳам акциядорлик жамиятларининг бухгалтерларига ўзбек тилидаги 2013 йилги МҲХСдан фойдаланишни тавсия этиш мумкин. Аудиторлар МҲХСнинг юқорида айтиб ўтилган таржималарини билиши ва амалиётда қўлланиши зарур, бундан ташқари, улар ўз фаолиятларида ХАСдан ҳам фойдаланмоқлари лозим. Ҳозирги кунда ХАСнинг ўзбек тилидаги таржимаси бор, аммо у ҳам МҲХСга ўхшаб 2013 йилги таҳрирда. Рус тилида эса ХАСнинг 2009 ва 2012 йиллардаги талқинлари мавжуд. МҲХСга мослашув осон кечиши учун масъул мутахассисларни мунтазам равишда ўқитиб ва малакасини ошириб бориш зарур. Бундан ташқари, МҲХС стандартларини сотиб олиш, бухгалтерия ҳисобининг барча ҳисоблари тўлиқ таҳлил этилиши учун уларнинг жорий этилиши юзасидан масъул шахслар гуруҳини тузиш даркор. Бу гуруҳга асосий воситалар бўйича мутахассислар, ходимлар билан ишлаш бўлими, қимматли қоғозлар ва юридик хизмат бўлимлари ходимлари ҳам киритилмоғи керак. Корхонада шунингдек халқаро стандартлар бўйича ҳисоб сиёсатини ҳамда бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини МҲХС бўйича молиявий ҳисоботга айлантириш юзасидан барча зарур изоҳотлари, айтайлик, активларнинг ҳақиқий баҳосини, лизинг тўловларининг жорий дисконт қийматини аниқлаш билан боғлиқ изоҳотлари ҳам бўлган жадвал ишлаб чиқилиши зарур. Мазкур рўйхат янги шаклга айлантиришга ёрдам бериш учун аудитор ташкилотини танлаш таомили билан тўлдирилиши мумкин. Бунда хусусан «Аудиторлик ташкилоти тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасида назарда тутилган чекловларни эътиборда тутиш лозим . Мазкур нормага кўра акциядорлик жамиятига молиявий ҳисоботни МҲХС бўйича тузишда профессионал хизмат кўрсатган аудиторлик ташкилоти аудиторлик текширувини ўтказиши мумкин эмас. Акс ҳолда Ўзбекистон профессионал бухгалтерларнинг одоб-ахлоқ кодексига (ЎзБАМУ кенгаши томонидан 19.03.2010 йилда қабул қилинган) мувофиқ «манфаатлар тўқнашуви» ва ўзини ўзи текширув таҳдиди келиб чиқади. Аудиторлик ташкилоти 2015 йил юзасидан тайёрланган молиявий ҳисоботни аудитдан ўтказганда унинг тўғрилигини бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича текшириши, ҳисобот МҲХСга тўғри айлантирилганлигига ишонч ҳосил қилиши зарур. Аудитнинг барча босқичларида мазкур ташкилот ХАСни қўлламоғи шарт, якунловчи босқичда эса, молиявий ҳисобот МҲХС бўйича тўғри (ёки нотўғри) эканлиги ҳақидаги аудиторлик хулосасини акциядорлик жамиятига тақдим этиши керак.

Ҳисобот бухгалтерия ҳисоби миллий стандартидан МҲХСга тўғри ва ҳаққоний айлантирилганлигини текшириш зарурати қўшимча вақт, бинобарин аудиторлик хизматлари учун қўшимча ҳақ тўланишини талаб этади. Вақт ва маблағ сарфиётини камайтириш учун эса акциядорлик жамиятларининг бухгалтерия хизматлари раҳбарлари ёки янги шаклга айлантиришни амалга ошираётган аудиторлик ташкилотларига ҳар бир амал, тартиб-таомил муфассал тарзда пухта тавсиф этилмоғи, ҳар бир ҳисоб-китоб ҳамда молиявий ҳисоботни бухгалтерия ҳиобининг миллий стандартидан МҲХСга ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар пухта тушунтириб ўтилмоғи лозим, аудит ўтказаётган аудиторлик ташкилотига ана шу изоҳланма қайдлар тақдим этилади.

Бундай ҳамкорлик ҳисоботни ўз муддатида тайёрлашга, текширув аудиторлар томонидан кам чиқим билан, вақтида ўтказилишига ёрдам беради.

 

Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар
миллий уюшмаси кенгаши раиси,
иқтисод фанлари доктори, CAP соҳиби.
 

Прочитано: 3989 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика