Norma.uz

Турар жой ҳуқуқидан маҳрум этма

Холидахон* ўғиллари Комил ва Умидни, қизи Насибани ҳам, собиқ турмуш ўртоғи Шуҳратни ҳам турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этди. У ўз аризасида уй мулкдори эканлигини кўрсатиб ўтганди. Жавобгар шахслар ана шу манзил бўйича рўйхатда қайд этилган бўлиб, кўп йиллардан буён яшашмас экан, уларнинг қаерда туриши ҳам номаълум. Даъвогар ўз сўзларини тасдиқлаш учун маҳалла фуқаролар йиғинидан далолатнома тақдим этди. Суд мажлиси жавобгарларнинг турган жойи аниқланмаганлиги боис уларнинг иштирокисиз ўтди. Даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилди.

Жавобгарлар суднинг ҳал қилув қароридан хабар топгач, кассация шикояти бердилар. Шикоятда низолашилаётган уйда нима учун яшамаганликлари сабаблари келтирилган эди.

Кассация инстанцияси суди бу уйни Холидахон билан Шуҳрат эр-хотин бўлган пайтларида сотиб олганликларини аниқлади. Умид чет элда, Белоруссия университетида ўқиганлиги учун ҳам 2009–2015 йилларда бу жойда яшамаган. Мазкур факт диплом билан, дипломдан кейинги амалиёт ўталганлигига оид маълумотнома билан тасдиқланди. Комил мазкур фуқаролик иши кўрилган ва суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган пайтда шу уйда яшаган, 2015 йил 26 мартдан эътиборан чет элдаги олий ўқув юртига имтиҳон топшириш учун Ўзбекистон сарҳадларидан ташқарига жўнаб кетган экан.

Буларнинг ҳаммасини кассация инстанциясининг сайёр суд мажлисида сўралган тўртта қўшни ҳам тасдиқлади.

Суд мажлисида кўриб чиқилган янги ҳолатлар биринчи инстанция суди даъвогарнинг тушунтиришларию икки нафар гувоҳнинг жавобгарларнинг йўқлиги сабабларини ҳам, муддатини ҳам аниқлашнинг имкони бўлмаган кўрсатувлари билангина чекланиб қолиб, жавобгарларнинг ҳақиқатда жойлашган ерини аниқлаш юзасидан ҳеч қандай чора кўрмай, даъво талабларини қаноатлантириш тўғрисида вақтидан олдин қарор чиқарган. Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг жавобгарлар Шуҳрат, Умид ва Комилларнинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, қарорнинг бир қисмини ўзгаришсиз қолдирди.

 

АДВОКАТ ШАРҲИ

Биз кўриб чиқаётган ишда биринчи инстанция суди низолашилаётган уй-жой даъвогар билан жавобгар никоҳда эканлиги даврида олинганлиги фактини эътиборсиз қолдирган.

Ҳолбуки, Оила кодексининг ­23-моддасига биноан, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Олий суд Пленумининг «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги Қарорининг (14.09.2001 йилдаги 22-сон Қарор) 5-банди мулкдорга нисбатан уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топишга йўл қўймайди.

Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра турар жой (квартира) мулкдори бўлмиш шахс унда 6 ойдан ортиқ муддат мобайнида яшамаётган бўлса, суд қарори билан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топилиши мумкин. Бироқ иш шароитлари ва хусусияти бўйича, чет элда хизмат сафарида бўлиши ёки таълим олиши муносабати билан (студентлар, катта илмий ходим-тадқиқотчилар ва шу сингарилар) яшаш жойидан 6 ойдан ортиқ муддат мобайнида бўлмаганлари тақдирда ушбу ишни бажариш, хизмат сафарида бўлиш ёки таълим олиш бутун даври мобайнида турар жойлари сақланиб туради. Жавобгар Умид айни чет элда ўқиган экан.

Шу сабабли Олий суд Пленуми 22-сон Қарорининг 18-бандига биноан, агар суд шахс узрли сабабларга кўра белгиланганидан ортиқ муддат мобайнида яшаш жойида бўлмаганида даъвони қаноатлантиришни рад этиши мумкин. Шундай ҳам қилинди.

Комилни турар жой ҳуқуқидан маҳрум этиш йўлидаги уриниш эса умуман ҳеч нарсага асосланмаган.

Кассация инстанцияси суди адолатни тиклади. Квартира масаласида чок-чокидан сўкилиб кетган қон-қардошлик муносабатларини энди ким тиклаб берар экан?

 

Ахтам ҲИКМАТОВ,

адвокат. 

 

*Мақоладаги барча исмлар тўқима. Қайсидир маънода тўғри келиб қолиши эса тасодифий ҳолдир.

Прочитано: 4230 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика