Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 42 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ТАДБИРКОРЛАРГА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ «ЯГОНА ДАРЧА» ОРҚАЛИ КЎРСАТИЛАДИ

Президентнинг 28.09.2015 йилдаги ПҚ-2412-сон Қарори билан тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилади. Бунда, вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд «ягона дарча» хизматларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб тўхтатилади. Шу вақтдан бошлаб муайян давлат хизматлари айтиб ўтилган марказлар орқалигина амалга оширилади. Ташкил этилаётган марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати Қарор билан тасдиқланди ва у 16 позицияни ўз ичига олади. Рўйхат Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ тўлдириб борилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига:

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Рўйхатга киритилган давлат хизматларини кўрсатиш учун бевосита тадбиркорлик субъектларидан аризалар қабул қилиш, шунингдек марказларга мурожаат этганларни уларнинг аризаларини кўриб чиқиш жараёнига таклиф қилиш тақиқланади.

Марказлар аризачиларга қулай бўлган жойларда жойлаштирилади ҳамда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишдан келиб тушган маблағлардан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан замонавий оргтехника, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан таъминланади. Марказларни қўшимча янги техника билан тўлдириш зарурати юзага келганда, бу маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ ЭЛЕКТР ВА ГАЗГА УЛАНИШИ ОСОНЛАШТИРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2.10.2015 йилдаги 280-сон Қарори билан тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига улашда уларнинг бевосита иштирокини талаб қиладиган тартиботлар сонини тубдан қисқартириш назарда тутилган.

2016 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш учун ҳужжатлар бевосита туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказлар томонидан қабул қилинади. Тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишлари электр ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан шартнома асосида амалга оширилади. Электр ва газ таъминоти ташкилотлари тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш ишларини амалга оширишда лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, ишга тушириш-созлаш ва режим-созлаш ишларини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларни субпудрат асосида жалб этиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бунда тадбиркорлик субъектларига кейинчалик электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш учун магистрал тармоқларни қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш бўйича талабларни белгиловчи техник шартларни бериш тақиқланади.

Қарор билан Тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Уларга мувофиқ фойдаланувчи ташкилотлар билан электр ва газ таъминотига шартномалар тузиш ва ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш мажбурий ҳисобланади.

 

БИЗНЕС УЧУН ЕР УЧАСТКАЛАРИ – ТАНЛОВ АСОСИДА

Вазирлар Маҳкамасининг 7.10.2015 йилдаги ­285-сон Қарори билан Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

2016 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида доимий фойдаланишга (майдони 1 гектаргача ва 1 гектар бўлган) ер участкалари фақат танлов асосида берилади.

Танлов предметининг минимал қиймати республика шаҳарлари, посёлкалари ва қишлоқ жойларидаги ер участкаларидан фойдаланиш учун уларнинг жойлашиш зонасига мувофиқ юридик шахслар учун белгиланган ер солиғининг йиллик ставкаси миқдорида белгиланади. Бу тасдиқланган Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 285-сон Қарорига 1-илова) белгиланган.

Ушбу Низом талаблари:

кичик саноат зоналари ҳудудида жойлашган;

махсус индустриал зоналар ҳудудида жойлашган;

Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйида инфратузилма ва сервис объектлари қуриш учун;

Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган объектларнинг аниқ турларини қуриш учун;

жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун, олиб қўйиладиган ер участкалари ўрнига юридик ва жисмоний шахсларга;

ноқишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун, шунингдек икки ва ундан кўп туманлар (шаҳарлар) ёки вилоятлар ҳудудида жойлашадиган объектларни қуриш учун аҳоли пунктлари ташқарисидаги ер участкаларини беришга татбиқ этилмайди.

Танлов асосида берилган ер участкаларидаги объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатнома бериш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 285-сон Қарорига 2-илова) мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар ер участкаси бериш тўғрисидаги қарорни олгандан кейин лойиҳа ташкилотига лойиҳалаштиришга топшириқ беради ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш юзасидан шартнома тузади. Намунавий шартноманинг шакли Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади ва davarh.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Юридик ва жисмоний шахслар келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларини олгандан кейин «ягона дарча» марказига давлат хизматлари кўрсатишга (қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома олиш учун) ариза беради, аризага қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади. Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома бутун қурилиш даврида амал қилиш муддати чекловсиз берилади.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни «Norma Profi» эксперти
Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2820 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика