Norma.uz

Бозордаги нархларни билмасдан туриб шартнома тузманг

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Ишонч билдирувчи (ХФ) ва ишончли вакил (МЧЖ) 2015 йил мартида топшириқ шартномасини туздилар. Унинг шартларига кўра МЧЖ ҳақ эвазига ХФнинг номидан ва ҳисобидан ташиш шартномаси тузиш ва хориждан ишонч билдирувчига тегишли бўлган, қиймати тахминан 120 млн сўмлик юкни етказиб беришга ҳақ тўлаш мажбуриятини олди. Ишонч билдирувчи эса унинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини қоплаши ва шартнома суммасининг 10%идан ошмайдиган ҳақни тўлаши керак.

Юкни Ўзбекистоннинг божхона чегарасига етказиб ва уни қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича ишонч билдирувчига топшириб, ишончли вакил июнда тўлов ҳужжатлари илова қилинган ёзма ҳисоботни тақдим этиб, унинг 100 млн сўм миқдоридаги харажатларини қоплашни ва 10 млн сўм миқдорида ҳақ тўлашни талаб қилди.

Бироқ ишонч билдирувчи 10 млн сўм тўлашдан бош тортиб, бундай хизматлар 2 баравар арзон туришини кўрсатди. У ўз хатида божхона тўловларини тўлаш бўйича 100 млн сўмни қоплашга ва 5 млн сўм ҳақ тўлашга тайёрлигини кўрсатди. Июлда ишонч билдирувчи ташиш бўйича 100 млн сўмлик харажатни қоплади.

Бунга рози бўлмаган ишончли вакил августда хўжалик судига 10 млн сўм асосий қарз (топшириқ шартномаси бўйича ҳақ), 50 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.

 

ИШОНЧ БИЛДИРУВЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– 2015 йил мартда биз ишончли вакил билан топшириқ шартномасини туздик, унга кўра ишончли вакил бизнинг номимиздан ва ҳисобимиздан ташиш шартномаси тузиш ва хориждан умумий баҳоси тахминан 100 млн сўмлик юкни етказиб беришга ҳақ тўлаш мажбуриятини олди. Биз унинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини қоплашимиз ва мутаносиб равишда шартнома суммасининг 10%идан ошмайдиган миқдорда ҳақ тўлашимиз керак эди. Ташиш харажатларини тўлиқ тўладик. Текширув ўтказиб ва бошқа компаниялардан бир нечта прайс-варақ ва тижорат таклифларини олиб, бундай хизматлар ҳақи 5 млн сўмдан ошмаслигини аниқладик. Биз айни шу суммани тўлашга тайёрмиз, 2 баравар кўп суммани эмас.

 

ИШОНЧЛИ ВАКИЛНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Биз ўз шартнома мажбуриятларимизни бажардик – шартнома туздик ва юкни Ўзбекистон божхона чегарасигача ташиш ҳақини тўладик. Ушбу хизматлар ишонч билдирувчи учун энг фойдали шартларда кўрсатилди: унинг 20 млн сўми тежалди, юк лозим даражада етказиб берилди, барча зарур товарни тасарруф этиш ҳужжатлари расмийлаштирилди ва унга ўз вақтида топширилди. Ишонч билдирувчи ташиш харажатларини тўлади. Топшириқ шартномаси шартларига кўра у харажат қилганимизни мутаносиб равишда шартнома қийматининг 10%идан ошмайдиган суммани тўлаб тақдирлаши шарт эди. Бошқа компаниялардаги бундай хизматларнинг қийматига келсак, биз у турли омиллар ва шартларга боғлиқ, шу сабабли шартномавий тусга эга деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан, Фуқаролик кодексининг 818-моддасига кўра, ишонч билдирувчидан 10 млн сўм ҳақ, шунингдек суд харажатларини ундиришни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг ­эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, ҳақнинг ҳақиқий қийматини белгилаш учун қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, Хўжалик процессуал кодексининг 67-моддаси ва Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарорининг (4.03.2002 йилдаги 103-сон, бундан кейин – ОХСнинг 103-сон Қарори) 11-банди талабларига асосланиб, суд-иқтисодий экспертиза тайинлади. Унда белгиланишича, топшириқ шартномаси бўйича ҳақнинг ишончли вакилга тўланиши керак бўлган ҳақиқатдаги қиймати 8 млн сўмни ташкил этади.

Суд экспертларнинг хулосаларига, ишда мавжуд бўлган материалларга асосланиб, ФКнинг 817, 818 ва ­821-моддаларига амал қилиб, даъво талабларини қисман қондириш ва жавобгардан даъвогар фойдасига 8 млн сўм асосий қарз, 40 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундиришга қарор қилди.

Апелляция ва кассация инстанцияларининг судлари ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФК 818-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар қонун ҳужжатларида ёки топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлсагина, топшириқ шартномаси бўйича ҳақ тўланади. Биз кўриб чиқаётган ишда топшириқ шартномасининг ­1.1-бандида айтилишича, ишончли вакил ҳақ эвазига ишонч билдирувчининг номидан ва ҳисобидан ташиш шартномаси тузиш ва хориждан ишончли вакилга тегишли бўлган, умумий суммаси тахминан 120 млн сўмлик юкни етказиб бериш ҳақини тўлаш, ишонч билдирувчи эса унинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини қоплаш ва мутаносиб ҳақ, бироқ шартнома умумий суммасининг 10%идан кўп бўлмаган миқдорда, тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг мазкур қоидаси ишончли вакилга ҳақ тўлаш зарурлигидан далолат беради.

ФК 818-моддасининг учинчи қисмига кўра ҳақ тўланиши назарда тутиладиган топшириқ шартномасида ҳақнинг миқдори ва уни тўлаш тартиби тўғрисидаги шартлар бўлмаган ҳолда шартнома шарти ФК 356-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ одатда бундай хил хизматларга тўланадиган баҳода белгиланади ва топшириқ бажарилганидан кейин тўланади. ФК 356-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ ҳақ тўлашни назарда тутадиган шартномада баҳо назарда тутилмаган ва шартнома шартлари бўйича белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда шартномани бажарганлик учун ўхшаш вазиятларда одатда шундай товарлар, ишлар ёки хизматлар учун олинадиган баҳо бўйича ҳақ тўланиши керак.

Кўриб чиқилаётган низо ҳақнинг ҳақиқатдаги қиймати туфайли юзага келганлиги боис хўжалик суди ХПКнинг 67-моддаси ва ОХСнинг 103-сон Қарорининг 11-бандига асосан суд-иқтисодий экспертиза тайинлади. У топшириқ шартномаси бўйича ҳақнинг ҳақиқатдаги қиймати 8 млн сўмни ташкил этишини белгилади. Шу сабабли суд асосли равишда ишончли вакилнинг даъво талабларини қисман қондирди.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, ишончли вакил шартнома матнини тайёрлаш чоғидаёқ унга ҳақнинг аниқ суммаси киритилишига эришиши керак эди. Ёки лоақал топшириқ бажарилганидан кейин ишонч билдирувчи билан келишиши ва топшириқ шартномасига ишончли вакилга тўланадиган ҳақ миқдорини назарда тутадиган ўзгартириш киритиши керак эди. Мазкур ҳолда унинг судга мурожаат қилиши, суд харажатларини тўлашига ҳожат қолмай, низони судгача тартибда ҳал этиши мумкин бўлар эди.


Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 1750 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика