Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 42 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ҳар қандай шакл шуъба корхонага мос келавермайди

Бош корхонанинг ҳуқуқий шакли ўзгарганлиги, яъни унинг МЧЖ қилиб қайта ташкил этилганлиги муносабати билан «Шўртан газ-кимё комплекси» унитар шуъба корхонаси ҳузуридаги шуъба корхонамизнинг устав ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш зарурати юзага келди. У «Шўртан газ-кимё комплекси» МЧЖ ҳузуридаги шуъба корхонага айланиши керак. Бироқ туман ҳокимлиги ҳузуридаги инспекция Фуқаролик кодексида «шуъба корхона» тушунчаси мавжуд эмаслиги муносабати билан биз ШК деб атала олмаслигимизни айтмоқда ва ФКда мавжуд бўлган, тўғри келадиган ташкилий-ҳуқуқий шаклни танлашни таклиф қилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам биз МЧЖ ҳузуридаги шуъба корхона бўла олмаймизми? Агар бўла олмасак, қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклни танлашимиз керак?

Ф.Абдуллаев,

ШК юристи.

 

– Фуқаролик кодексининг 40-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда тузилиши мумкин. Кўрганимиздек, ушбу меъёр қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳам тузиш мумкинлигини назарда тутади. Хусусан, «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун (11.12.2003 йилдаги 558-II-сон) билан янги ташкилий-ҳуқуқий шакл – хусусий корхона жорий этилган (3-модданинг биринчи қисми). «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун (26.04.2012 йилдаги ЎРҚ-327-сон) эса шакллар жумласига оилавий корхонани қўшди (3-модданинг тўртинчи қисми ва 4-модданинг биринчи қисми).

Биз тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясининг фикрига қўшиламиз, ҳақиқатан ҳам ФК шуъба корхонани ташкилий-ҳуқуқий шакл сифатида белгиламайди. Бу айни бошқа қонун ҳужжатларидан келиб чиқади.

ФКнинг 67-моддасида белгиланишича, агар бир (асосий) хўжалик жамияти ёки ширкати иккинчи хўжалик жамиятининг устав фондида ундан устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиши туфайли ёхуд улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ё бўлмаса бошқача тарзда иккинчи хўжалик жамияти томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бериш имконига эга бўлса, ушбу иккинчи хўжалик жамияти шуъба хўжалик жамияти ҳисобланади. Шуъба хўжалик жамияти юридик шахс мақомига эга, бироқ худди шуъба корхона сингари у ҳам ташкилий-ҳуқуқий шакл ҳисобланмайди.

ФКнинг 58-моддаси иккинчи қисми маъносига кўра хўжалик жамиятлари фақат масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият ёхуд акциядорлик жамияти шаклида тузилиши мумкин. Ушбу батафсил рўйхатдан келиб чиқиб, хўжалик жамиятини шуъба корхонага киритиш унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини белгиламайди – у МЧЖ, ҚМЖ ёки АЖ сифатида тузилиши ва рўйхатдан ўтказилиши керак.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейинМЧЖ тўғрисидаги Қонун) 7-моддаси бешинчи қисми МЧЖ ёки ҚМЖни ягона иштирокчи сифатида битта шахсдан иборат бошқа жамият бўлишига йўл қўймайди. Бир акциядордан иборат АЖ унинг ягона иштирокчиси бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Президентнинг «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг (21.08.2006 йилдаги ПҚ-446-сон) 1-банди тўртинчи хатбошисига қараб фикр юритсак, таркибига «Шўртан газ-кимё комплекси» УШК (энди эса МЧЖ) ўтказилган «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АК, барча ҳолатларга қараганда, унинг ягона иштирокчисидир. Мазкур ҳолда МЧЖ тўғрисидаги Қонун 7-моддаси бешинчи қисмининг меъёрий талаби бузилмаган.

Бироқ агар бош корхона (МЧЖ) ҳақиқатан ҳам битта иштирокчидан иборат бўлса, у сизнинг корхонангиз учун МЧЖ ёки ҚМЖ тарзида ташкилий-ҳуқуқий шаклни танлар экан, унинг ягона иштирокчиси бўла олмайди. Бундай вазиятда бошқа шаклАЖ ёки УК (унитар корхона) мақбулдир. АЖда устав фондининг энг кам миқдори жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санада ЎзР МБнинг курси бўйича 400 000 АҚШ долларига тенг суммадан камни ташкил этмаслиги керак*. УКга хос бўлган хусусиятлар ФКнинг 70 ва 71-моддаларида кўрсатилган. Масалан, унинг мол-мулки унга хўжалик юритиш ҳуқуқида тегишли, чунки бу унинг мулкдори томонидан унга мустаҳкамланади. УК (ДУК эмас) унга доир мулк ҳуқуқига эга эмас.

Умуман олганда, аниқ ташкилий-ҳуқуқий шаклни танлаш – корхонангиз муассиси ҳуқуқидир.

 

Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) 17-моддаси биринчи қисми.

 

Камол МУЗАФФАРОВ, «Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 4789 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика