Бизда асосий иш жойида ишлаётган ходимларимизнинг бири бошқа ташкилотдаги асосий ишга ўтишга қарор қилди, бироқ у бизда ўриндош бўлиб қолмоқчи. У буни оддий ўтказиш билан расмийлаштиришни сўради. Мен эса ушбу ўтишни асосий иш жойида меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ўриндошлик шартларида янги меҳнат шартномасини тузиш билан расмийлаштиришни талаб қиляпман. Ходим менинг талабимни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқлашни сўраяпти.
Ходимнинг асосий иш жойидан ўриндошлик бўйича ишга ўтишини қандай қилиб тўғри ва қайси ҳужжат асосида расмийлаштириш лозим?
Н.Ким,
МЧЖ бухгалтери.
– Сизни қизиқтирувчи масалани Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган) тартибга солади. Асосий иш жойидан ўриндошлик бўйича ишга ўтиш ҳар доим асосий иш жойида меҳнат шартномасини бекор қилиб, кейин ўриндошлик бўйича ишга қабул қилиш билан расмийлаштирилади. Бунда ходим ишга ўриндош сифатида янгидан қабул қилинишидан олдин унинг учун асосий иш бўлиб қоладиган бошқа ишга жойлашиши керак. Зеро ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича маълумотномани тақдим этиши шарт (Низомнинг 6-банди).
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.