Norma.uz

Акциядорлик жамиятлари фаолияти такомиллашмоқда

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор долзарб қонун лойиҳалари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида экспертлар, мутахассислар ҳамда манфаатдор идораларнинг вакиллари иштирокида «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услублари жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.  

 

Таъкидлаш лозим, мазкур қонун лойиҳаси Президентимизнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон) асосида ишлаб чиқилган. Ушбу Фармонда акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, стратегик бошқаришда акциядорларнинг ролини ошириш корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси соҳадаги қонунчиликнинг тизимлилигини таъминлаш, уларнинг нормалари ва ижро механизмларини бирхиллаштириш, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тизимининг тўлақонли бўлишига хизмат қилади.

Лойиҳага кўра, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонунларга ва Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

– Ҳозирда дунёнинг ривожланган мамлакатлари акциядорлик жамиятлари замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш эвазига юқори иқтисодий натижаларга эришиб келмоқда, – дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Умиров.Мамлакатимизнинг бугунги кундаги иқтисодий салоҳияти, мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги бу борадаги муносабатларнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Шу маънода қонун лойиҳаси тизимни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини самарали шакллантириш ва фаол жорий этиш бўйича талабларни аниқ белгилаб беради.

Бугунги кунда мамлакатимизда кўпгина корхоналар, жумладан, хорижлик муассислар иштирокидаги қўшма корхоналар ишлаб чиқаришни замонавий асосда ташкил этиб, бошқарувда илғор усулларни жорий қилмоқда.

Шу боис, қонун лойиҳасида эндиликда акциядорлик жамияти ижро органининг раҳбарини тайинлаш бўйича ўтказиладиган танловда хорижий менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлган норма кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, мазкур лойиҳада бундан буён акциядорлик жамиятлари бошқарув ходимлари сифатида четдан жалб қилинган хорижий мутахассисларга ва улар сармоя киритган акциядорлик жамиятлари учун тегишли имтиёзлар, енгилликлар яратилиши ва бу орқали хорижий мутахассиснинг шу фаолиятдан олган даромадларига даромад солиғи солинмаслиги ва жамиятларга жалб қилинган чет эллик мутахассиснинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов ҳисоблаб чиқарилмаслигини кўзда тутувчи нормалар ўрин олмоқда.

Муҳокамалар чоғида акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услублари бўйича миллий ва илғор хорижий тажриба қиёсий таҳлил этилмоқда. Хусусан, Германия, Франция, Австрия каби давлатларнинг муваффақиятли тажрибалари ўрганилмоқда.

– Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнига соҳа мутахассислари, экспертлар жалб этилаётгани муҳокамаларнинг конструктивлигини таъминлаши билан бир қаторда қонунчиликнинг сифати ва таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади, – дейди ишчи гуруҳ ­аъзоси, Давлат рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Т.Набиев. – Мазкур қонуннинг қабул қилиниши корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини, хусусан, ишлаб чиқариш менежменти, фаолиятнинг сармоядорлар учун шаффофлигини ошириш каби усулларни жорий этиш орқали акциядорлик жамиятларининг самарадорлигини кучайтиришга, уларнинг халқаро мезонларга мос равишда фаолият юритишига имкон яратади.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 1815 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика