Norma.uz

Меҳнат дафтарчасини йўқотиш – катта муаммо

Ходимга унинг ёзма аризасига асосан 5 кунга меҳнат дафтарчаси берилди. Ушбу давр ичида ундан меҳнат дафтарчасини ўғирлашди. Ташкилот Бандликка кўмаклашиш фондига мурожаат қилди ва меҳнат дафтарчасининг янги бланкасини олди.

Меҳнат дафтарчасининг дубликатига аввалги иш жойлари тўғрисидаги ёзувларни қандай қилиб тўғри киритиш мумкин? Агар ходим аввалги иш йилларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим эта олмаса, буни қандай қилиш мумкин? Биринчи қандай ёзув қайд этилиши керак? Унга олий ўқув юртида ўқиганлиги тўғрисида ёзув киритилиши керакми?

О.Сальникова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Сизнинг вазиятингизда ходим аввало қуйидаги аризани ёзиши керак: «Меҳнат дафтарчасини йўқотганлигим сабабли (қаерда, қачон, қандай ҳолатларда) менга меҳнат дафтарчасининг дубликатини беришингизни сўрайман». Унга у меҳнат дафтарчасининг дубликати эканлигини ва пенсияни расмийлаштириш чоғида фақат унда акс эттирилган меҳнат стажига асослана олиши мумкинлигини тушунтириш лозим (Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг* IV бўлими).

Янги меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш учун унинг биринчи бети юқори қисмининг ўнг томонига «Дубликат» деб ёзилади.

Дубликатнинг ўзи умумий қоидаларга биноан тўлдирилади. У тўлдирилаётганда «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимида охирги иш жойидаги иши тўғрисидаги маълумотлар илгари чиқарилган буйруқлар асосида ёзилади (Йўриқноманинг 4.3-банди).

Бордию, ходим сизнинг корхонангизга ишга кирмасдан олдин ишчи ёки хизматчи вазифасида ишлаган бўлса, унда меҳнат дафтарчаси дубликати тўлдирилаётганда «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимининг 3-устунига аввало мазкур корхонага ишга келмасдан илгари ишчи ёки хизматчи бўлиб ишлагани тўғрисидаги аввалги иш жойларидан ёки архивдан олинган расмий маълумотномалар билан тасдиқланган умумий иш стажи ёзилади (Йўриқноманинг 4.4-банди). Меҳнат дафтарчаси дубликати эгасининг олдинги иш стажи жамланиб, яъни қайси корхонада ва қайси лавозимларда ишлаган йиллари, ойлари ва кунлари умумий тарзда ёзилади. Масалан, бир иш жойида бошқа ишга ўтказилгани ва бошқалар кўрсатилмайди.

Ҳужжат билан тасдиқланган ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган айрим корхоналардаги умумий иш стажи меҳнат фаолиятининг айрим даврлари бўйича қуйидагича ёзилади:

2-устунда ишга қабул қилинган сана кўрсатилади;

3-устунда ходим ишлаган корхона номи, цех ва мансаби ёзилади. Агар тақдим қилинган ҳужжатларда ходимнинг мазкур корхонанинг ўзидаги бошқа доимий ишга ўтказилиши тўғрисидаги маълумот бўлса, унда бу тўғрида хам тегишли ёзув киритилади.

Сўнг 2-устунда меҳнат шартномаси бекор қилинганлик санаси, 3-устунда эса меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги кўрсатилади.

4-устунда дубликатга тегишли ёзув киритилиши учун асос бўлган ҳужжатнинг номи, сон рақами ва санаси кўрсатилади. Ёзувлар хронологик тартибда тартиб рақамлари билан қайд этилади. Олий ўқув юртидаги таълим тўғрисидаги ёзувни иш берувчи меҳнат дафтарчаси дубликатига худди шундай хронологик тартибда, тегишли ҳужжатнинг санаси, сон рақами ва номини кўрсатган ҳолда киритади (Йўриқноманинг 2.17-банди).

 

*Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2842 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика