Norma.uz

Ер участкалари танлов асосида берилади

Президентимизнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Мазкур ҳужжатда бизнес муҳитни янада яхшилаш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш вазифаси қўйилган. Шундан келиб чиқиб қурилиш соҳасида тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (7.10.2015 йилдаги 285-сон) қабул қилинди.

Қарорда қурилишнинг барча босқичларида – шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлашдан бошлаб объектларни фойдаланишга топширишгача тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиботлари доирасида ягона қоида ва талаблар белгиланди.

 – Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларининг танлов асосида берилиши ушбу соҳада соғлом рақобат муҳити яратилишига йўл очади, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Анвар Икромов. – Фойдаланилмаётган ерлар бўйича танлов эълон қилинишининг ўзи соҳада ошкоралик, шаффофлик таъминланиши, бу бюрократик тўсиқлар барҳам топишига замин яратади. Ҳукумат Қарори моҳиятида ҳам тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат шароитларини яратиш, қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатномалар бериш механизмини янада такомиллаштириш назарда тутилгани шу мақсадга хизмат қилади.

 

Қарор асосида 2016 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари фақат танлов асосида берилади. Аҳоли пунктларида жойлашган бундай ернинг майдони 1 гектаргача ва 1 гектар этиб белгиланди. Танлов асосида бериладиган ер участкаларининг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан шакллантирилади.

Қарор билан Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисида ҳамда Танлов асосида берилган ер участкаларидаги объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатнома бериш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

 

Т

анлов асосида бериладиган ер участкалари рўйхатини шакллантиришда улардан фойдаланишнинг мақсади, уларнинг майдони ва жойлашган жойи кўрсатилади. Бу ердан оқилона, мақсадли фойдаланишни таъминлаб, уни ҳақиқий эгасига беришни кафолатлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари ҳар йили 1 апрелгача ва 1 октябргача бўлган муддатда ер участкалари бериш бўйича материалларни тайёрлайди ва уларни ваколатли ташкилотлар билан келишади.

Ер участкаси бериш бўйича материалларни ваколатли туман (шаҳар) органлари ва бошқа шахслар билан келишиш 10 иш куни мобайнида амалга оширилади. Ер участкалари бериш бўйича материалларни келишишда ваколатли ташкилотлар томонидан қўшимча ҳужжатлар тақдим этишга доир талабларни белгилаш тақиқланади.

Ер участкалари бўйича танлов ҳақида дастлаб оммавий ахборот воситаларида эълон берилади. Танловга талабгорлардан таклифлар ва зарур ҳужжатлар қабул қилинади. Унда ер участкасида қуриладиган объектнинг фасадларини ва бош режасини ўз ичига олувчи лойиҳа эскизи, ишлаб чиқариш мўлжалланаётган маҳсулот тури, ҳажми ва ассортименти ёки кўрсатиладиган хизматлар тури бўйича таклифлар бўлиши шарт. Талабгор лойиҳани ўз маблағи ёки кредит ресурслари ҳисобига молиялаштиришига оид маълумотларни ҳам тақдим этиши керак.

 

Тушган таклифлар тегишли комиссия томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади. Бунда танлов комиссияси танлов ўтказиш жараёнини назорат қилиш, талабларнинг бирлигини ва танлов натижалари бўйича қарорлар қабул қилишнинг холисоналигини таъминлашга масъулдир. Қонун ҳужжатлари талаблари бузилган, тил бириктириш ва танлов ўтказиш тартиб-қоидасини бузадиган бошқа олдиндан кўрилмаган ҳолатлар аниқланган тақдирда, танлов ўтказиш тўхтатилади.

Бу жараёнда талабгорларнинг танловга қўйилган ер участкаси билан танишиши учун шарт-шароитлар яратилади. Улар тақдим этиладиган ҳужжатларнинг намуналари билан таъминланади ва ҳужжатларни расмийлаштиришда тадбиркорларга мутахассислар кўмаклашади.

Танлов таклифлари қайд этилган конвертларнинг биринчи нусхалари танлов комиссияси томонидан белгиланган кун ва соатда очилади. Конвертларнинг иккинчи нусхалари «Кўчмас мулк савдо хизмати» МЧЖнинг ҳудудий филиалида сақланади ва таклифларнинг мазмуни бўйича низолар юзага келган тақдирда очилади.

Энг яхши таклифни илгари сурган талабгор танлов ғолиби, деб эътироф этилади. Танлов натижалари тегишли ахборот ресурсларида эълон қилинади.

Ўтказилган танлов натижалари тўғрисидаги протокол расмийлаштирилгандан кейин бир иш куни мобайнида тегишли туман (шаҳар) ҳокимига тақдим этилади. Ҳоким беш кун мобайнида ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Танлов ғолиби билан танлов предмети қийматини ва бошқа тўловларни тўлашга, объектни ҳужжатларнинг техник қисми талабларига мувофиқ қуришга оид танлов мажбуриятларини бажариш юзасидан шартнома тузилади.

 

Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорни олингандан кейин 2 кун мобайнида ер участкаси ажратишга доир материаллар асосида ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади. Танлов ғолибига ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани беради. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун танлов ғолиблари томонидан ариза берилишига ва қўшимча ҳужжатлар тақдим этилишига оид талаблар белгилаш тақиқланади.

Хулоса қилиб айтганда, келгуси йилдан бошлаб ишбилармонлар тадбиркорлик фаолияти юритиш учун ўзи ер қидириб юришига ҳожат қолмайди. Барча ҳудудлардаги аҳоли пунктларида фойдаланилмаётган ер участкаларига оид маълумотлар матбуотда эълон қилиб борилади. Энди тадбиркор ўзига мақбул ер участкасини танлаб, уни олиш учун танловда иштирок этади. Бу қулайлик бизнес субъектлари янада кўпайиши ва ривожланишига, пировардида иқтисодиётимиз тараққиётига, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилади.

 

ЎзА.

Прочитано: 2734 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика