Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 42 / Қонун ижодкорлари нималар устида ишлашмоқда

«Ўзтрансгаз»нинг қиш тараддуди

Яқинда Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасида аҳолини табиий газ билан таъминлаш борасидаги ишларнинг жорий аҳволи ҳамда истиқболлари ҳақидаги ахборот тингланди. Ахборотни «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси бошқарувининг раиси Шукурулло МАҲМУДОВ тақдим этди.

 

Аҳолини энергия билан таъминлаш юзасидан парламент эшитувлари ҳар йили ўтказилади. Ҳар сафар мунозара қизғин ўтади. Ноябрь ойида ўз сайлов округларига бориб, газ ҳамда электр энергияси билан боғлиқ анчагина мураккаб масалаларга рўбарў бўлиши, саволларга кўмилиб кетиши кутилаётган депутатлар газ қувури ўтказишнинг иложи йўқ ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган минтақаларни суюлтирилган газ билан таъминлаш аҳволини газ соҳаси мутахассисларининг ўзидан атрофлича билиб олишга ҳаракат қилдилар. Май ойида сайловчилар уларга шу хусусда шикоят қилишган, ҳатто илиқ-иссиқ ойларда ҳам баллонларда газ етказиб бериш етарли эмаслигидан нолишган эди. Қишда аҳвол нима бўларкин?

Газчилар ўшанда дебиторлик қарзи муаммоларидан нолиган бўлдилар, табиий газ ҳисоблагич асбобларини ўрнатиш жоизлиги хусусида сўз юритдилар. Аммо бу гал ҳаммаси бошқачароқ бўлди.

 

«БИРИНЧИ МАРТА АНИҚ ҲАРАКАТ СТРАТЕГИЯСИ ВА РЕАЛ РЕЖАНИ КЎРИШГА МУВАФФАҚ БЎЛДИК»...

Жамила НИЁЗОВА,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, «Миллий тикланиш» демократик партия фракцияси аъзоси:

– Қўмитамиз аҳолини ва корхоналарни энергия билан таъминлаш масалаларини мунтазам равишда кузатиб боради. Кейинги қатор йиллар мобайнида «Ўзтрансгаз» томонидан бизга тақдим этилаётган ахборотни у ёки бу йўсинда баҳолашимга тўғри келди. Авваллари улар барча муаммоли масалаларга «истеъмолчиларнинг дебиторлик қарзи катта» деган гапни рўкач қилиб, «газ таъминоти тизимини ривожлантирмоқдамиз» дейиш билан чекланишарди. Бу сафар биринчи бор «Ўзтрансгаз» йиллар мобайнида тўпланиб келган муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ стратегия белгилаганлиги шоҳиди бўлдим. Бу гап дебиторлик қарзига ҳам тааллуқлидир.

Бозор қонунияти тармоқни аҳоли яшайдиган жойлар тарқоқ бир шароитда, ҳар битта олис аҳоли пунктига магистраль қувур тортишни мақсадга мувофиқ деб билмаган, ривожланган мамлакатлар тажрибасига мурожаат қилишга ундади. Магистраль қувурларни қуриш ва уларга хизмат кўрсатиш истеъмолчилар учун энергия таъминоти қийматини анчагина қимматлаштиради. Масала ечими сифатида бизга газ тақсимлаш тармоғининг энг муаммоли участкаларини бузиб ташлаб, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашга ўтишни таклиф этмоқдалар. Бунинг учун эса тегишли инфратузилма керак бўлади.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси Ўзбекистоннинг газ қувури иши самарасиз бўлган минтақаларини газ билан муқобил тарзда таъминлашнинг аниқ тизимига ўтказишни таклиф этмоқда. Чунончи, мамлакатимизнинг энг шимолий минтақаси – Қорақалпоғистонда бир-биридан ўнлаб километр олисликда жойлашган, катта ҳудудни тарқоқ тарзда эгаллаган кичик-кичик аҳоли пунктлари кўп. Ўз вақтида у ерда жойларга магистрал тармоқлар тортилган эди. Уларни сақлаб туриш бугунги кунда катта маблағ талаб қилмоқда, бу эса истеъмолчиларни газ таъминоти хизматлари қийматига таъсир этиши билан қийнайди.

«Ўзтрансгаз» бу муаммодан қутилиш учун суюлтирилган газ билан таъминлашни муқобил тизим сифатида таклиф этмоқда, бунинг учун тегишли инфратузилма бўлишини ҳам назарда тутмоқда. Бозор иқтисодиёти талаблари нуқтаи назаридан буни асосли ёндашув деб ҳисоблаймиз. Аммо битта шарти бор. Газ қувури ўтказилган жойларда қувурни бузиб олиб ташлашдан аввал аҳолини бу борада ҳеч нарса йўқотмаётганликларига ишонтирмоқ керак.

Менинг сайлов округимда газ қувури бузиб олиб ташланишига жуда оғриниб қарамоқдалар. Қачонлардир магистраль газ қувури ўтказилганлигини катта ютуқ, газ етказиб бериш ишончли ва барқарор бўлади деб қаралган эди. Энди бўлса қувурларни йиғиштириб олишмоқчи. Бу ҳол ташвиш уйғотади, албатта.

Мен даставвал тизимни, инфратузилмани барпо этиш, одамларни суюлтирилган газ билан таъминлаш механизмларини йўлга қўйиш ва газ билан таъминлаш керак, шундан кейингина газ қувурини йиғиштириб олса бўлади деб ҳисоблайман.

– Хўш, бу борада иқтисодчилар нима дейишмоқда?

– «Ўзтрансгаз» ҳисоб-китобларига қараганда, газ харажатлари камаяди, натижада аҳоли иқтисодий жиҳатдан ютади. Мана бу ҳисоб-китобларга қаранг: 40 хўжалик учун муайян ҳажмдаги газ марказлаштирилган тартибда газ қувури орқали етказиб берилганда йилига 24 млн сўмга, суюлтирилган тарзда баллонларда етказиб берилган тақдирда эса 16 млн сўмга тушади. Бу ҳақда гапириб ўтиришнинг ўзи ортиқча, одамлар қиёслаб кўриб тежамкорликни шахсан ҳис этмоқлари керак. Шуниси ҳам борки, иккинчи йўл билан таъминланганда уларнинг истеъмол эҳтиёжи юз фоиз қаноатлантирилади.

Юқорида айтиб ўтганимдек, Қорақалпоғистон иқлим шароити анча мураккаб минтақа бўлиб, уларда қиш қаттиқ бўлади. Энергия етказиб беришда бўладиган ҳар қандай узилиш шу сабабли ҳам жуда-жуда ташвишлантиради. Тўғри, табиий газ тўппа-тўғри хонадонингизга етказиб берилиши жуда қулай: гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Ҳар ярим ойда баллонларни алмаштириш ташвиши ҳам йўқ. Бошқа жиҳатдан олганда ўрта ҳисобда ҳар бир хўжалик, ҳар бир хонадон моддий жиҳатдан наф кўради – газ учун бир йилда 200 минг сўм камроқ тўлайди.

Бироқ биз ҳозирнинг ўзидаёқ қувурларни бузиб йиғиштириб олсак, суюлтирилган газ таъминотида озгина кўнгилсизлик бўлган тақдирда ҳам минтақага реал зарар етказишимиз мумкин. Чунки турар жойни иситиш учун тўқайзорлар, бута ва дов-дарахтлар ғорат қилинади, экологик оқибатлари эса яхши бўлмайди.

– Муқобил инфратузилма чиндан ҳам ўз зиммасига тушаётган юкни торта олармикин? Ҳамма-ҳамма жиҳатлари эътиборга олиндими? Шу маънода газ қувури барибир ишончлироқ кўринади, шекилли…

– Ҳозирча бизга ҳаракат режасини таклиф этишмоқда, холос. Компания вакили ахборотларни пухта эгаллаган кўринади. Муайян минтақада, сайлов округида, ҳатто қайси бир шаҳарчада нималар содир бўлаётганини беш қўлдек билади, барча саволларга аниқ жавоб беради. Илгарилари бунақаси бўлмаган. Қандайдир муаммоларга умумий йўсинда ҳавола қилиб қўя қолишарди. Ўша даврларга муқояса этилса, эндиликда биз масала ечимини равшан кўриб турибмиз. Энг муҳими энди гап «Ўзтрансгаз»нинг ана шу стратегик режалари илдам суръатлар билан амалга оширилишида.

Бугунги кунда баъзи минтақаларда, Қўмитамиздаги маълумотларга қараганда, суюлтирилган газ тўлдириб берадиган станциялар қурилишида белгиланган муддатга риоя этилаяпти деб бўлмайди, шундай объектлар учун ер участкалари ажратишда ҳам муаммолар бор. Бу эса алоҳида техник шароитлар таъмин этилиши зарурати билан боғлиқдир.

Шунга қарамай, ҳаракатнинг аниқ-равшан дастури борлиги, суюлтирилган газ бўйича ҳам, дебиторлик қарзи бўйича ҳам бу йўналишда аниқ чизгилар белгиланганлиги фактининг ўзини муҳим марра деб ҳисоблайман. Уфқ, мазмуни, ёришиб келмоқда... Аниқ таклифлар бор, газчилар уларни амалга оширмоқдалар. Йўл-йўлакай чиқиб қолаётган масалалар, хусусан техник регламентлар, энергия тежовчи асбоб-ускуналар ва технологиялар билан боғлиқ талайгина масалалар ҳам ҳал этилмоқда...

– Мазкур дастурни амалга ошириш муддатлари қандай?

– 2010–2020 йилларга деб мўлжалланган. Дастур қадам-бақадам аниқ тавсиф этиб чиқилган.

– Жараённи парламент назорат қилиб борадими?

– Биласизми, бугунги кунда нафақат парламент аъзолари, балки кўпгина мутахассислар ҳам бизга газ таъминоти тўғрисида алоҳида қонун керак деган фикрда. Газ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳозирги ҳолатда ниманидир алоҳида назорат қилиб боришимизга имкон бермайди. Газчиларнинг бирон-бир мажбуриятларини ва тегишинча газ истеъмолчиларининг ҳуқуқларини назарда тутувчи қонун йўқ. Газ таъминоти бўйича хизматларнинг ижтимоий хусусияти туфайли ҳар йили тармоқ ҳисоботини тинглашимиз ҳам, албатта, назоратнинг ўзига хос воситасидир. Лекин бу етарли эмас.

Ҳар хил вақтда газ бўйича бир талай норматив ҳужжатлар қабул қилинган. Мабодо синчиклаб ўрганиб чиқилса, ўтган асрнинг 80–90-йилларида ва кейинроқ, мустақил бозор иқтисодиёти ривожининг турли босқичларида қабул қилинган ана шу ҳужжатлар ўртасида зиддиятлар кўп. Энг аввало газ таъминоти тўғрисида ҳадли қонун қабул қилинмоғи ва унинг қоидаларидан келиб чиққан ҳолда норматив база тартибга солинмоғи керак. Ана ўшандагина «жараённи назорат қилаётганлигимиз» ҳақида рўй-рост гапирсак ярашади.

 

Юлия ЯШИНА,

махсус мухбиримиз.

Муаллиф фотолари.

Прочитано: 1801 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика