Norma.uz

Ўзингдан чиққан бало...

Жиноят ишларини кўриш билан боғлиқ суд амалиёти иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг аксариятини икки гуруҳга бўлиш мумкин эканлигидан далолат беради. Анчагина салмоқли биринчи гуруҳни солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини бузиш ҳуқуқбузарликлари ташкил этади. Солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар турфа хиллиги билан ажралиб туради. Айтайлик, кимдир мол-мулк солиғини вақтида тўламаган бўлса, ҳуқуқбузарлар рўйхатига тушди ёки сотувчи пулни олиб, касса аппаратидан чек бермаган бўлса, муайян миқдордаги фойда суммаси солиқ солинадиган базада қайд этилмади деяверинг. Олган мўмайгина даромадларини яшириш мақсадида ҳисоботни қасддан бузиб кўрсатадиган «чўртан балиқлар» ҳам учрайди.

 

Иқтисодиётдаги ўғирликлар қатори унча кенг эмас. Аммо бу унинг хавф-хатари оз экан деган маънони англатмайди, албатта. Бу борада содир этилган ҳуқуқбузарликлар талайгина нулларни эргаштирган рақамлар билан ўлчанувчи зарар келтиради. Ўзгаларнинг мол-мулкига тажовуз қилишнинг бошқа бир белгиси одатда ўғирлик ва талон-торожларнинг объекти давлат мулки бўлиб қолаётганлигида ифодасини топмоқда. Тўғри, бу борада ҳамиша ҳам гап ўғирлик ҳақида бораётганлигини дафъатан илғаш қийин. Масалан, бюджет маблағларидан ўз ўрнида, белгиланган мақсадда фойдаланмаслик деган бюрократик, даққи таъриф замирида давлат маблағларини ўзлаштириш иддаоси ётади. Кўпинча бундай кўнгилсиз, қинғир ишлар давлат улуши устунлик қиладиган ёки тўлалигича давлат мулкида бўлган йирик саноат корхоналарида очилиб қолмоқда.

Рост, мулкни ҳимоя этишга қаратилган, ҳисобга олиш ва назорат қилиш қоидаларини тартибга солувчи норматив ҳужжатлар қабул қилинмоқда, назорат ваколатлари берилган тузилмалар ишлаб турибди. Чунончи, Молия вазирлигининг назорат-тафтиш бўлинмалари ва Ҳисоб палатаси давлат маблағларидан фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширадилар. Давлат улуши бўлган корхоналарда мажбурий тартибда ички аудит бўлиши шартлиги ҳам ана шу мулкни ҳимоя этишга қаратилган, ундан оқилона фойдаланишни таъмин этадиган ўзига хос таъсирчан чорадир. Ўғирлик ва талон-торож қилишда фош бўлган шахсларга, агар улар етказилган зарарнинг ўрнини тўла-тўкис қопласалар, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазодан қутулиб қолиш имкониятини берадиган, ҳуқуқни қўлланиш амалиётидаги янгилик ҳам ўзининг муҳофаза этиш вазифасини бажариб келмоқда.

 

Бироқ ўғирлик ва талон-торож қилиш давом этмоқда. Ислоҳотлар бошланмасидан аввалги даврда фирибгарлар томонидан тўқилган «Бизга катта маоши бўлмаса ҳам, кичкинагина омбор бўлса, бас» деган эски нақл ҳамон ўз кучини йўқотмаган кўринади.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди шу ёзнинг бошларида кўриб чиққан вилоят марказининг йирик корхоналаридан биридаги ўғирликларга тааллуқли иш бунга яққол далил бўла олади.

Цех бошлиғи Умар Маҳкамов* ва омбор мудири Расул Фозилов суднинг қора курсисидан жой олдилар. Ҳар иккаласига Жиноят кодексининг «Ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан ўғирлик» деб номланган 167-моддаси бўйича айблов эълон қилинди. Мазкур модда бўйича жазонинг энг юқори даражаси 10 йилга қадар бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилишдир.

У.Маҳкамов ҳамиша яхшилар қаторида юрарди. Унинг меҳнат билан боғлиқ бутун умри амалда шу корхонада ўтган. У бу ерда турли лавозимларда ишлади, кейинги беш йил мобайнида корхона бўлинмаларидан бирига бошчилик қилди. Шу сабабли корхонада янги инвестиция лойиҳасини ўзлаштиришга киришилганида, корхона шу зайил яна бир активга эга бўлиши ва ўз ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириши мўлжалланаётган бир пайтда Маҳкамовга янги цехни ишониб топширишди, бу цехга янги ташкил топаётган бўлинма учун мўлжалланаётган барча қурилиш материаллари олиб кирилди. Мазкур материалларнинг ҳаммаси омборларда сақланди, қурилиш майдончасига ҳам ўша ердан олиб борилди. Ана шундай омборлардан бирига Р.Фозилов мутасадди эди.

Бу ҳуқуқбузарлик тарихида ким кимни йўлдан ургани, ким ўғирлик ташкилотчиси вазифасини ўтагани номаълум. Суд муҳокамаси материалларида жиноий тил бириктирдилар деган қисқагина таъриф бор, холос. Вақт ўтиши билан икки кишилик гуруҳ уч кишидан иборат бўлиб қолди. Виждони ўпқонга айланаётганлар сафига бошқа бир омбор мудири Санжар Убайдуллаев ҳам қўшилганди.

Қаттиққўллик билан олиб бориладиган, рухсатнома асосидаги тартибот амал қиладиган, ҳар жиҳатдан муҳофаза қилинадиган корхона ҳудудидан ўғирланган материаллар қандай қилиб олиб чиқилганлиги жумбоқлигича қолмоқда. Гап тўрттагина бурама мих ҳақида бораётгани йўқ-ку, ахир. Швеллерлар, тунукалар, зўр-зўр тўсинлар, яна кўплаб ҳайҳотдек нарсалар заводдан қай йўсинда «сизиб чиқиб» чет харидорларга пуллангани қизиқ.

Ўғирликлар қаторасига бир неча йил мобайнида содир бўлган эса-да, сезилмай, фош бўлмай қолганлиги таажжубланарли. Цех бошлиғи ва иккита омбор мудири янги, айёрона, мураккаб усул ўйлаб топганларича йўқ. Ўта бепарволик, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг амал қилиб турган қоидаларига риоя этмаслик талон-торож ва ўғирликларга олиб келди. Бўлинма раҳбари ва унинг ҳамтовоқлари ана шу «танг» жойлардан хабардор эканликлари боис вазиятдан фойдаланиб қолдилар. Улар ўғирлик кўчасига кириш билан ўз одамлари орасида ёт кимсаларга айландилар.

Р.Фозиловнинг кўрсатмаларидан шу нарса аён бўладики, у ой мобайнида буюртмалар асосида қурилиш материалларини жўяли, пешма-пеш бериб борган, ҳар ойнинг охирида эса, барча кирим-чиқим ҳужжатларини ўтиб кетган сана билан расмийлаштираверган. Шундан кейин бу ҳужжатлар бухгалтерияга бориб тушган, аммо негадир корхона ҳисобчиларида савол туғдирмаган. Омборчилардан ҳужжатларни қабул қилиб олган, бўлинманинг айрим моддий жавобгар мансабдор шахслари учун эртаклардаги хазиналар салтанатига айланган мазкур цех бўйича бутун бухгалтерия ҳисобини алоҳида юритиб келган бухгалтернинг фамилияси ҳам маълум.

 

Ниҳоят ҳақиқат қарор топди. Маҳкамовнинг цехи бўйича ҳисоб-китоб ишларини юритиб келган бухгалтер ўзгарди. Янги бухгалтерга омборчиларнинг ҳужжатларида нимадир маъқул бўлмади-ю, Р.Фозиловнинг омборида тафтиш ўтказди. Ундаги бир ҳафталик ишларга оид ҳужжатларни синчковлик билан кўриб чиқиб, 280 минг сўмлик товар-моддий қимматликлар камомадини аниқлади. Бирмунча принципиал, эҳтимолки бирмунча малакали бухгалтернинг бу хўжаликда қинғирлик борга ўхшайди деган хавфи ўз тасдиғини топди. Шундан кейин калаванинг учи топилди. 88,2 млн сўмлик камомад, қаергадир ғойиб бўлган қарийб 100 номдаги қурилиш материаллари жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлди. Омбор мудири С.Убайдуллаевдаги камомад 3,5 млн сўмга бориб қолган экан. Аммо у тезкорлик билан камомадни ўз маблағи билан қоплаб берди ва шу зайил жиноий жавобгарликдан қутулиб қолди.

Суд айблов тарафнинг далилларини анча ишончли деб эътироф этди ҳамда У.Маҳкамов ва Р.Фозиловларни Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича айбдор деб топиб, собиқ цех бошлиғини 2 йил-у 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига (иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан) ҳукм этди. Ҳамтовоғи унга нисбатан бир йил кам муддат олди. Айбланувчилар тергов вақтида қадрдон корхоналарига етказилган 66 млн сўмлик зарарнинг ўрнини қоплаганликлари ва талафотларни тўла-тўкис қоплаб бериш мажбуриятини зиммага олганликлари уларнинг айбини енгиллаштирди.

 

Амир МАҲМУДОВ,

ўз мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

 

 

*Барча исм ва фамилиялар тўқима бўлиб, ҳар қандай тўғри келиб қолиш ҳоллари тасодифдир.

Прочитано: 3103 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика