Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 41 / Хўжалик юритиш қоидалари

Дўконга киринг. Манзили www...

Мен майда маиший техника, электроника, соат ва бошқа истеъмол товарларининг интернет-савдоси билан шуғулланмоқчиман. Ушбу фаолият билан шуғулланиш учун қандай рухсатнома ёки лицензиялар олиш лозим? Интернет-майдончада сотилган товар учун уни етказиб бериш чоғида харидорлардан нақд пул олишим мумкинми? Агар пул тушумининг катта қисми (50%идан кўпи) банк пластик карталаридан келиб тушса, улгуржи савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига лицензия олишим керакми?

Ж.Ғаниев.

 

– Сизни қизиқтираётган Ўзбекистондаги интернет-савдо муносабатларини яқинда янги таҳрирда қабул қилинган «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун1 тартибга солади. Унга кўра ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси электрон тижоратдир.

Электрон тижоратда то­варларни (ишларни, хизматларни) сотувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор бўлиши мумкин. Шу сабабли интернет-савдо билан шуғулланишни бошлашдан аввал якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишингиз ёки фирма очишингиз лозим.

Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг2 (бундан кейин – 407-сон Низом) 1-бандига кўра ушбу ҳужжат ўзлари маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва сотувчи юридик шахсларга, шунингдек электрон тижоратга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундан келиб чиқадики, электрон тижоратни амалга ошириш учун юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг лицензия ёки бирор-бир рухсатнома олишлари талаб қилинмайди.

Бироқ шуни ёдда тутиш лозимки, агар электрон тижорат билан шуғулланувчи шахс товарни етказиб бераётганда харидордан нақд пул олса, у харидорга назорат-касса машинаси чеки ёки ҳисоб-китобни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатни бериши керак. Акс ҳолда назорат қилувчи органлар унинг ҳаракатларини чакана савдо қоидаларини бузиш деб баҳолашлари, бундан эса маъмурий ёки жиноий жавобгарлик тарзида нохуш оқибатлар келиб чиқиши мумкин.

Товарни етказиб беришда нақд пул билан ҳақ тўлаш ўз моҳиятига кўра электрон тижорат эмас. Ушбу ҳолда юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор одатдаги чакана савдо субъектига айланади ва унга 407-сон Низом талаблари татбиқ этилади.

Электрон тижорат (интернет-савдо) эса товарлар, ишлар ёки хизматларни интернет (онлайн)-майдончаларда сотиб, тўловни харидорлардан фақат онлайн-режимда қабул қилишни (банк карталаридан ёки бугунги кунда мавжуд бўлган турли тўлов тизимлари – Web Money, Pay Pal, Click ва ҳоказолар ёрдамида) назарда тутади.

407-сон Низомнинг 10-бандига кўра товарлар фақат тузилган шартномалар асосида ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида улгуржи сотилиши мумкин. Яъни улгуржи савдони амалга оширишнинг мажбурий шартларидан бири амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда тузилган ёзма шартноманинг борлиги ҳисобланади. Электрон тижоратда эса сотувчи билан харидор ўртасидаги муносабатлар электрон шаклда оммавий оферта (сотиш тўғрисида таклифлар) ва электрон шаклдаги акцепт (харид тўғрисидаги розилик) асосида бўлади.

Ўзининг товарини интернет-майдончага қўйиб, сотувчи уни харид қилишни истаган хоҳловчига таклиф қилади – оферта тақдим этади (электрон ҳужжат ёки хабар шаклида ва ҳоказо). Харидор ўз навбатида товарни харид қилиш учун муайян ҳаракатларни амалга оширади (электрон хабар юборади, электрон буюртмани расмийлаштиради, банк картаси ёки бошқа тўлов тизимлари ёрдамида ҳақ тўлайди ва ҳ.к.), бу билан сотувчига ўз акцептини юборади.

Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, банк пластик карталари бўйича ҳисоб-китоблар нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг алоҳида шакли ҳисобланади, уларни амалга ошириш учун ҳисоб-китоб терминали (сотувчининг савдо шохобчасида ўрнатилган) талаб қилинади. Унинг мавжудлиги чакана савдо билан шуғулланадиган шахслар учун мажбурийдир. Вазирлар Маҳкамасининг 24.09.2004 йилдаги 445-сон Қарорининг 4-бандида белгиланишича, пластик карточкалардан фойдаланиб товарларни сотишда ва хизматлар кўрсатишда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бериладиган терминал чеклари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон тижорат чакана савдо тўловлари тизимларининг транзакциялари (электрон чеклар)дан кўчирмалар квитанциялар, талонлар, чипталарга ҳамда товарлар ва хизматларга ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади.

Электрон тижорат билан шуғулланадиган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор учун улгуржи савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига лицензия олиш талаб қилинмайди. Шу жумладан юридик шахс турғун савдо шохобчаси орқали ёки кўчма савдо йўли билан чакана савдо билан шуғулланган тақдирда ва тушумнинг катта қисми (50%дан кўп) унда мавжуд бўлган тўлов терминали орқали банк пластик карталаридан келиб тушганда.

Жавобда муаллифнинг шахсий фикри акс эттирилган, у мазкур соҳадаги бошқа мутахассисларнинг фикрларига мос тушмаслиги мумкин ҳамда расмий маслаҳат ҳисобланмайди.

 

129.04.2004 йилдаги 613-II-сон, 22.05.2015 йилдаги ЎРҚ-385-сон Қонун таҳририда.

2ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган.

Шоҳрух НАРЗИҚУЛОВ,

«Victory Yurconsalt» МЧЖ юрисконсульти.

 

 

 

Ҳужжат тили билан

Электрон тижоратдаги шартнома акцептни амалга ошириш йўли билан:

  • электрон ҳужжат тарзида;
  • электрон хабар тарзида;
  • офертада кўрсатилган шартларни бажариш бўйича ҳаракатларни содир этиш орқали тузилиши мумкин.

Электрон тижоратдаги шартнома офертани юборган электрон тижорат иштирокчиси томонидан офертанинг акцепти олинган пайтдан эътиборан тузилган деб эътироф этилади.

«Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси.

Прочитано: 3110 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика