Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 41 / Ўзбекистон бизнес-форуми

(III босқич). Янгиланган қонунлар асосида Ўзбекистонда «бизнес юритиш»

Тадбиркорлик соҳасидаги 40 дан ортиқ қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти 2015 йил 20 августда имзолаган Қонунга мувофиқ тўлдирилди ва ўзгартирилди. Ушбу янгиликлар Ўзбекистоннинг ишбилармонлик ва инвестиция иқлимини яхшилашга қандай таъсир кўрсатиши, натижада Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш-2016/2017» халқаро рейтингида мамлакат мавқеининг ошишини ССП ва БМТТД «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқичқўшма лойиҳасининг экспертлари ўргандилар. «Бизнес юритиш» (Doing Business) Жаҳон банки ҳар йили тузадиган рейтинг бўлиб, у дунёдаги 189 мамлакатни бизнес юритиш қулайлигининг 10 индикатори бўйича қиёслайди. «Бизнес юритиш» жаҳон амалиётида бизнес юритиш шартларини баҳолаш мезонларининг умумқабул қилинган тизимидир. «Бизнес юритиш–2015» умумий рейтингида Ўзбекистон 141-ўринни эгаллади (2014 йилда – 149-ўринда эди).

Ишбилармонлик муҳитини баҳолаётганда Жаҳон банки услубияти воситасида қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган меъёрлар ёки уларни ҳақиқатда амалиётда қўллаш каби икки кўрсаткичдан бирининг энг ёмон ҳолати ҳисобга олинади. Бундай ёндашув рухсат бериш таомиллари, ушбу таомиллардан ўтиш билан боғлиқ муддатлар ва бизнес учун чиқимларни баҳолаётганда қўлланилади.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «...кўпинча қабул қилинаётган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ишламаяпти. Бунинг сабаби, биринчидан, ушбу қонунларда улардаги нормаларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилмагани бўлса, иккинчидан, мазкур қонунларнинг самарали ишлашига ёрдам берадиган тегишли қонуности ҳужжатлари чиқарилмаётганда бўлиб, уларсиз эса бу қонунларда белгиланган қоидалар умуман ишламаётганини англаб олишимиз даркор».

Республиканинг халқаро рейтинги ҳам таъкидланган фикрнинг тасдиғи бўлиб ҳисобланади, гарчи у 2014 йил билан қиёслаганда ошган бўлса-да, бироқ айрим индикаторлар бўйича пасайиш кўзга ташланмоқда (корхонани рўйхатдан ўтказиш, қурилишга рухсатнома олиш, кредитлар олиш ва тўловга ноқобилликни ҳал этиш). Шу муносабат билан жойларда қонун ҳужжатларининг қабул қилинган меъёрларини ижро этишни таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, шу жумладан қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш миллий тизимини такомиллаштириш жуда муҳимдир.

Қўшма лойиҳа экспертлари Жаҳон банки услубияти асосида миллий қонун ҳужжатлари меъёрларини уларни қўллаш амалиёти билан қиёсладилар. Таҳлилни соддалаштириш учун диаграммада 7 индикатор бўйича оддий компания Ўзбекистонда 1 йил мобайнида ўтадиган расмиятчиликлар сони ва давомийлиги тақдим этилди.

Кўринадики, расмиятчиликлар сони (56 ҳужжат ва таомил) ва давомийлигидаги (228 кун) фарқ, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш бўйича қабул қилинаётган барча чораларга қарамай, қонун ҳужжатлари меъёрларини қўллаш амалиёти қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг талабларидан жиддий фарқ қилишидан далолат беради. Шу сабабли 2015 йил 20 августда Президентнинг 15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон Фармонига мувофиқ ЎРҚ-391-сон Қонун ўз вақтида қабул қилинди. У билан 10 кодексга – Фуқаролик, Жиноят, Жиноят процессуал, Меҳнат, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Ер, Уй-жой, Солиқ кодекслари, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда 33 қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мамлакатда изчил амалга оширилаётган, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилишга, уларни жадал ривожлантириш учун тўсиқларни бартараф этишга йўналтирилган ислоҳотлар маъмурий таомилларни соддалаштиришга ва, асосийси, қонун ҳужжатлари талабларини амалда ижро этишга таъсир кўрсатиши керак. Шу тариқа, августда қабул қилинган қонун ҳужжати мамлакатда бизнес юритиш шароитида акс этиши керак, бу эса пировард натижада Ўзбекистонда бизнес юритишнинг Жаҳон банки баҳолаётган мезонларини яхшилайди.

 

Энди қабул қилинган ўзгартиришлар «Бизнес юритиш–2016/2017» ҳисоботида Ўзбекистон рейтинги яхшиланишига қандай туртки бўлаётганини кўриб чиқамиз.

Диаграммадан кўринадики, тадбиркорлик субъектларининг рухсат бериш ва маъмурий таомиллардан ўтиши давомийлиги қонун ҳужжатлари меъёрларининг ҳақиқатдаги ижроси қонун ҳужжатлари билан белгиланган амалдаги муддатлардан орқада қолганлигидан гувоҳлик беради. Масалан, белгиланган қоидаларга кўра бизнесни рўйхатдан ўтказиш, солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйиш, муҳр тайёрлаш, банкда ҳисобрақам очиш, Халқ банкида ҳисобга қўйиш таомилларидан ўтиш 5,5 кунни ташкил этади, бунда Жаҳон банки услубияти билан 7,5 кун деб баҳоланади.

Нафақат корхонани рўйхатдан ўтказиш таомили, яъни тадбиркорлик субъектига юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги гувоҳномаси ва рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини бериш баҳоланишини қайд этиб ўтамиз. Бизнес юритишни бошлаш билан боғлиқ барча расмиятчиликлар ҳисобга олинади, уларга фирма номини захиралаш, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш, муҳр тайёрлаш, банкда ҳисоб-китоб рақами очиш, солиқ органлари, статистика органлари ва Халқ банкида ҳисобга қўйиш киради. Шубҳасиз, ушбу таомиллардан ўтмасдан корхона амалда тадбиркорлик фаолиятини бошлай олмайди.

Тадбиркорларда бир вақтнинг ўзида таомилларнинг айримларидан бир вақтда ўтиш имконияти борлигига қарамай, Жаҳон банкининг услубиятига кўра уларнинг сони ҳар бир таомилни алоҳида қўшиш йўли билан шакллантирилади, чунки уларнинг барчаси мажбурийдир. Шунингдек услубият бўйича он-лайн электрон режимида, яъни Интернет орқали ҳужжатнинг 1 шаклини тўлдириб ўтиш мумкин бўлган таомиллар битта таомил сифатида ҳисобга олинади ёки икки баравар қисқаради. Бироқ бунда ҳам ариза берувчида мавжуд бўлган, интерактив ҳаволалар бўйича бошқа веб-сайтларга ўтмасдан барча таомиллардан ўтиш имкониятлари баҳоланади, акс ҳолда ҳар бир ўтиш алоҳида таомил деб ҳисобланади. Шу сабабли идоравий ахборот ресурсларининг лозим даражада интеграциясини таъминлаш ҳам, маълумотлари аниқ хизмат олиш мақсадида барча тегишли таомиллардан ўтиш учун етарли бўлиши мумкин бўлган ҳужжатнинг 1 формулярини бир марта он-лайн тарзида тўлдириш имкониятини яратиш ҳам ғоятда муҳимдир.

 

Қонунда назарда тутилган, давлат хизматлари кўрсатадиган мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг фаолияти устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назоратини кучайтириш қонун ҳужжатларининг талабларига оғишмай риоя этиш, қонун ҳужжатлари меъёрларини қўллаш назарияси билан амалиёти ўртасидаги узилишни бартараф этишга имкон беради.

Биринчидан, амалиётда вақт сарфи ҳамда молиявий чиқимларни кўпайтирадиган рухсат бериш таомилларидан ўтиш талабларининг мавжудлиги энди Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар асосида бартараф этилади. Уларда мансабдор шахсларнинг нафақат белгиланган тартибни, балки лицензиялар ва бошқа ҳужжатларни кўриш ҳамда бериш муддатларини бузганлик, шу жумладан янги турдаги лицензияларни ва рухсат бериш таомилларини ноқонуний жорий этганлик учун ҳам жавобгарлиги назарда тутилган.

Иккинчидан, охирги пайтгача давлат органларининг ходимлари тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилган ҳоллар кузатилар эди. Энди қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолиятига аралашганлик, шунингдек уни амалга ошириш чоғида қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилганлик учун давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг жавобгарлик чоралари аниқлаштирилди ва кучайтирилди.

Шунингдек «давлат хизмати» атамасининг тушунчаси берилди. Уни кўрсатиш тартиби ва муддатларини бузганлик учун давлат хизматларини кўрсатадиган давлат хизматчиларининг маъмурий жавобгарлиги кучайтирилди. Бунга хизмат кўрсатишдан ноқонуний бош тортиш ёки тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган статистик, молиявий, солиқ ва бошқа ҳужжатларни, шунингдек бошқа, шу жумладан банк ҳисобрақами очилишида ҳужжатларни талаб қилиб олиш киради. Қонунда «мансабдор шахс» тушунчасининг аниқлаштирилиши қатъий тарзда ҳуқуқбузарни белгилаш ва унга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш имконини беради.

 

Кичик тадбиркорлик субъектларини мажбурий тарзда думалоқ муҳрга эга бўлишдан озод қилувчи «Масъу­лияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 5-моддасига киритилган ўзгартиришлар ишбилармонлик муҳитини баҳолашга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Жаҳон банкининг баҳолашича, МЧЖни рўйхатдан ўтказиш чоғида муҳрни тайёрлашга 1 кун кетган ва қарийб 50 минг сўм сарфланган. Энди эса ушбу таомил ихтиёрий бўлди. «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон) киритилган ўзгартиришлар юридик ва жисмоний шахсларга жамғариб бориладиган пенсия тизимига фуқароларни ҳисобга қўйиш, шунингдек шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларини очиш учун Халқ банкига мурожаат этмасдан Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали электрон ариза бериш имконини беради. Чунончи, Қонун туфайли рўйхатдан ўтказиш босқичида 2 таомил соддалаштирилди ва молиявий харажатлар ўртача 25%га қисқаради.

 

Етакчи халқаро молия-иқтисодий ва рейтинг ташкилотларининг юқори баҳосига эришиш бўйича ислоҳотлар ушбу Қонун билан чекланмайди. Президентнинг ПФ-4725-сон Фармони билан мамлакатда бизнес юритиш шартларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилди. Хусусан, ташқи иқтисодий операциялар таомиллари сезиларли тарзда такомиллаштирилди, хусусий тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг роли кучайтирилди, электрон суд юритиш ахборот тизими кенгайтирилди, қурилиш, ер участкалари бериш, фойдаланишга тайёр ҳолдаги муҳандислик коммуникацияларига уланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишга рухсатномалар олиш таомиллари яхшиланди.

Шу билан бирга Ўзбекистонни етакчи мамлакатлар, масалан, бизнес юритиш учун қулай шароитлар барпо этишда жаҳон етакчиси бўлган Сингапурнинг рейтинг кўрсаткичлари билан солиштириш рухсат бериш, лицензия ва бошқа маъмурий таомилларни такомиллаштириш ҳамда соддалаштириш имконияти мавжудлигидан далолат беради. Мисол учун, Сингапур компанияси жами 32 расмиятчиликдан ўтиши ва 156 кун сарфлаши керак, бу эса Ўзбекистондагидан 3,3 баравар (75 расмиятчилик) кам ва 4,2 баравар (506 кун) тез.

Юқори даражада ривожланган мамлакатлар даражасига етиш учун энг қисқа муддатларда давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятини тартибга соладиган процессуал қоидалар реинжинирингини амалга ошириш, яъни уларнинг тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг функционал ва операцион таомилларини батафсил қайта ташкил этиш зарур. Нафақат тартибга солишни мунтазам камайтиришга, балки самарали тартибга солишга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Бу эса тадбиркорлик субъектлари фаолиятига таъсир кўрсатувчи қонунчиликнинг энг кам юки билан истеъмолчилар ва умуман жамият манфаатларига риоя этилишини таъминлар эди.

 

Феруза АКОБИРОВА,

ССП ва БМТТД «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)»
лойиҳасининг PR-мутахассиси.
 

 

«Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)» лойиҳаси ССП ва БМТТДнинг биргаликдаги ташаббуси бўлиб, онлайн-хизматларни жорий этиш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек инклюзив бизнес моделларини ривожлантириш ва илгари суриш йўли билан бизнес юритиш учун шарт-шароитларни яхшилашга йўналтирилган.ф

Прочитано: 2772 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика