30 сентябрда Қонунчилик палатаси 2015 йилда иш ўринларини барпо этиш ва аҳолининг бандлигини таъминлаш дастури қандай ижро этилаётганлигини тинглади. Республиканинг бир қатор минтақаларида унинг натижалари пастлиги фаолият юритмаётган саноат корхоналари мулкдорларига қўшимча иқтисодий таъсир ўтказиш дастаклари хусусида мунозара юзага келишига сабабчи бўлди.
Моҳиятга кўра, аҳоли бандлиги статистикаси – одатда қизиқиш билан кузатиб бориладиган, айниқса – агар ҳамма иш режа бўйича бораётган бўлса, рақамлардан иборат бўлмайди. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз АБДУҲАКИМОВнинг айтишича, умуман олганда, республикада иш ўринларини барпо этиш билан боғлиқ вазият маъқул даражада:
● I ярим йилликда республикада 91,1 минг иш ўрни барпо этилган (прогноз кўрсаткичларнинг 104%и);
● 441,8 минг кишининг бандлиги таъминланган (102,5%);
● янги иш ўринлари сони бўйича прогнозлар саноатда 3,7%га, хизматлар кўрсатиш соҳасида 3,2%га, қишлоқ хўжалигида 5,3%га ошириб бажарилган.
Бироқ айрим минтақалар «ишончни оқламадилар». Қуйидагиларда орқада қолиш кўзга ташланади:
● Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида (50,4%);
● Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон (57,4%), Шеробод (63,6%) ва Шўрчи (23%) туманларида;
● Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида (47,9%).
Республикада янги иш ўринларини асосий «етказиб берувчилар»дан бири хусусий тадбиркорлик ҳисобланади. Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Жомбой туманларида ҳам унинг ривожланиши етарлича бўлмади (тегишинча режалаштирилган кўрсаткичнинг 60,2%и ва 66,4%и).
ИШЛАМАЙДИГАН АКТИВЛАРНИ НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Депутатларнинг фикрича, янги иш ўринларини ташкил этишда ишламайдиган ёки фаолиятни хўжакўрсинга олиб бораётган ишлаб чиқариш корхоналари нохуш роль ўйнамоқдалар. Саноат, қурилиш ва савдо масалалари бўйича қўмита аъзоси (ЎзЛиДеП фракцияси) Полянте СВЕШНИКОВ аниқлаштиради:
– Булар, асосан, эгалари анчадан бери хорижда яшаётган ва бизнесларини реал қийматдан ўнлаб маротаба ошадиган нархда сотиб олишни хоҳловчи топилишини кутаётган саноат объектларидир. Бундайлар эса – оз эмас.
Муаммони ҳал этиш учун қуйидагиларни таклиф қиламан:
а) таъсир кўрсатишнинг фискал дастакларини кучайтириш – бундай тадбиркорлик субъектлари учун солиқ планкасини фаолият юритмаётган активни реализация қилиш вақтини чўзишга имкон бермайдиган даражагача кўтариш;
б) бундай активларни қайта тақсимлашнинг бошқа механизмларини яратиш. Эҳтимол, хусусийлаштирилган ва давлатдан сотиб олинган объектларнинг ижтимоий кафолатлари тўғрисида қонун қабул қилиш керакдир.
МАИМҚВ вазири Азиз АБДУҲАКИМОВ умуман олганда ушбу ғояни қўллаб-қувватлаб, ишламаётган хусусийлаштирилган корхоналар фаолиятини ўрганиш нафақат Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг, Давлат рақобат қўмитасининг ҳам ваколат доирасига киришини таъкидлади.
– Бундай объектларни инвентарлаш ҳар йили ўтказилади, – деди вазир. – Бунда, бир тарафдан, ҳақиқатан ҳам мулкчилик масалалари тилга олинади: тадбиркор бирор нарсани сотиб олса, у – уники. Хусусий мулкдорнинг ҳуқуқлари ҳам кучаймоқда, сўнгги йилларнинг тамойили ана шундай. Бошқа тарафдан эса, муаммо чиндан ҳам мавжуд.
Халқаро қонунчилик амалиётида активлар узоқ вақт ҳаракатсиз турганда уларга икки–уч баравар кўп солиқ солинишига мисолларнинг гувоҳи бўламиз. Мулкдор уни тўлаши керак ёки мол-мулкини қайтадан сотишга мажбур ёхуд, агар хусусийлаштирилган объектлар тўғрисида сўз борса, уларни давлатга қайтариш керак бўлади.
БУГУНГИ КУНДА ҲАРАКАТСИЗЛИК ҚАНЧАГА ТУШАДИ?
Республикада ишламаётган ишлаб чиқариш компаниялари зиммасидаги солиқ юки катта эмас. У бугунги кунда мулкдорни бундай мулкдан халос бўлишга рағбатлантирмайди.
Солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидаги корхоналар ресурс солиқларини стандарт ставкалар бўйича – корхона нималарга эгалиги ва қаерда жойлашганлигига қараб далил бўйича тўлайдилар. Агар ер участкаси аслида кичик бўлса, бизнес эгаси сезиларли харажат қилмайди.
Аслида тадбиркорликнинг исталган субъекти ходимларга эга бўлиши ҳамда иш ҳақи ва ЯИТни оборотларнинг бор-йўқлигига қарамай тўлаши шарт. Бироқ бизнес эгалари ушбу талабни ҳам осонгина айланиб ўтиб, мисол учун, ходимларни ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарадилар ва объектда киши кўзига энг кам меҳнат ҳақи оладиган бир-икки кишини қолдирадилар.
Кичик бизнес – фаол иш фаолияти юритилмаганда – ер солиғининг 3 баравар суммаси тарзида ЯСТнинг энг кам миқдорини тўлаш билан чекланади. Бунда энг кам ставкадан исталган ҳолда – ҳатто корхона шаҳар марказида жойлашган тақдирда ҳам фойдаланадилар.
Солиқ тўловларини тўламай қўйган саноат объектлари билан иш юритиш осонроқ. Агар ишлаб чиқариш корхонасининг ҳисоб-китоб рақамида олти ой мобайнида ҳеч қандай операция ўтказилмаса, банк солиқчиларга бу ҳақда ахборот беради1 ва улар вазиятни ўргана бошлайдилар2. Бундан ташқари, «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг3 4-моддаси ҳам бор, у мажбурий тўловлар бўйича қарзи лоақал 3 ойга кечиктирилган қарздорни соғломлаштириш ёки тугатиш имконини беради.
Бироқ хўжалик юритувчи субъект ана шу жиҳатларнинг ҳаммасини албатта ҳисобга олса, бундай «заиф ҳаракатдаги» ҳолатда узоқ вақт фаолият юритиши мумкин.
Коллежларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш қаердаю, саноат корхоналарига солиқ солиш қаерда деб ўйлаш мумкин. Шундай бўлса-да, ушбу суҳбат давом этиши эҳтимолдан йироқ эмас.
1Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқноманинг 49-банди, МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 3.07.1999 йилдаги 327-сон Қарори билан тасдиқланган).
35.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон, 24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда.
Юлия ЯШИНА, махсус мухбиримиз.