Norma.uz

Тиббий кўрик учун иш берувчи масъул

Йўналишли такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган 2 йил давомида бирон марта ҳам тиббий кўрикдан ўтмадим. Яқиндан бери мени бел ва оёқдаги оғриқлар безовта қила бошлади. Бирор-бир тиббий кўрикдан ўтишим керакми ва у кимнинг ҳисобидан ўтказилиши шарт?

А.Муҳамедов.

Тошкент шаҳри.

 

– Меҳнат кодексининг 214-моддаси ва Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (соғлиқни сақлаш вазирининг АВ томонидан 29.08.2012 йилда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган, бундан кейинНизом) мувофиқ иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан қуйидаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт:

18 ёшга тўлмаганлар;

60 ёшга тўлган эркаклар, 55 ёшга тўлган аёллар;

ногиронлар;

меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;

озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;

умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.

Тиббий кўрикларни ташкилотга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари, улар йўқ бўлган тақдирда – ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси ўтказади. Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар (МКнинг 214-моддаси олтинчи қисми).

 Вақти-вақти билан ўтказиладиган тиббий кўриклар иш давомида ўтказилади (Низомнинг 6-банди). Тиббий кўрикларни ўтказиш пайтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади (Низомнинг ­7-банди).

Тиббий кўрикнинг сифатли ўтказилишига тиббий кўрикдан ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари жавобгар ҳисобланади (Низомнинг 29-банди).

Тиббий кўрикни ўтказиш учун унинг буйруғи билан тиббий комиссия ташкил этилади (Низомнинг 13-банди).

Вақти-вақти билан ўтказилган тиббий кўриклар натижаси бўйича тиббий комиссия томонидан далолатнома (Низомнинг 25-банди) тузилади. Тиббий кўрикдан ўтказилган ходимнинг касбга яроқлилик масаласи бўйича тиббий комиссия Низомнинг 1, 2 ва 3-иловаларида белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда ўзининг хулосасини беради. Тиббий кўрик натижасига кўра ходим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари остида ишлашга яроқсиз деб топилганда, унга бу тўғрисида тиббий комиссиясининг хулосаси берилади ва ушбу хулосанинг нусхаси 3 кунлик муддат ичида ходим ишлайдиган ташкилотга юборилади (Низомнинг 22-банди).

Ходимда касб касаллиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган ҳолларда ушбу ходим касалликнинг касб билан боғлиқлигини аниқлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария, гигиена ва касб касалликлари институти ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг тегишли клиникаларига юборилиши лозим (Низомнинг 26-банди). Бундай ходимлар касбий касаллик даври бўйича диспансер назоратида туради ва улар тегишли клиникаларда ҳар йили даволанишлари лозим (Низомнинг 28-банди).

Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмаслар. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир (Низомнинг 30-банди). Ходимнинг узрли сабабсиз вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтишдан (текширишдан) бўйин товлаши интизомий жазога лойиқ бўлган меҳнат интизомини бузиш деб қаралиши мумкин.

Хатингизга қараганда, сиз қонун талабларини бузган ҳолда ишга қўйилгансиз. Агар сиз ўз соғлиғингиз ҳолати меҳнат шароити билан боғлиқ ҳолда ёмонлашган деб ҳисобласангиз, навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилишга ҳақлисиз (МКнинг 214-моддаси бешинчи қисми). Эслатиб ўтамиз, иш берувчилар ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учунгина эмас, балки тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун ҳам жавобгар бўладилар (Низомнинг 31-банди).

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш далиллари бўйича сиз ташкилотингиз ҳаракатларининг меҳнат қонунчилигига мувофиқлигини текшириш талаби билан Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ёки меҳнат қонунчилигининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назорат ва кузатувни амалга оширадиган прокуратура органларига мурожаат қилишга ҳақлисиз.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.

Прочитано: 4964 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика