Norma.uz

Қарз занжиридаги ҳалқани йўқотманг

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

 

Сотувчи (1-МЧЖ) ва харидор (хусусий фирма) 2014 йил ноябрида 750 млн сўмлик маҳсулот тайёрлаш ва етказиб беришга шартнома туздилар. Унинг шартларига кўра харидор шартнома имзоланган кундан бошлаб 5 банк куни мобайнида шартнома суммасининг 50%ини олдиндан, етказиб бериш кунидан бошлаб 40 кун мобайнида қолган 50%ини тўлаши керак эди.

Мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун, шунингдек хусусий фирмада вақтинча молиявий қийинчиликлар борлиги туфайли сотувчи, харидор ва кафил (2-МЧЖ) 2014 йил декабрида кафиллик шартномасини туздилар, унга кўра 2-МЧЖ харидорнинг 300 млн сўм тўлашини кафолатлади.

Назарда тутилган муддатларда харидор олдиндан 50%ни тўлади. Сотувчи ўз вақтида 2015 йил июнда товарни етказиб берди.

2015 йил июлда ХФ 1-МЧЖнинг ёзма розилиги билан 375 млн сўм қарзини 3-МЧЖга ўтказиш тўғрисида битим тузди ва сотувчига қарзни тўлаш масаласида у энди янги қарздорга мурожаат қилиши кераклиги хусусида хабарнома юборди. 2015 йил августда сотувчи айни шундай қилди. Бироқ янги қарздор рад жавоби бериб, вақтинча қийинчиликларни рўкач қилди ва унга қарзни ундириш учун кафилга мурожаат қилишни тавсия этди.

Кафил ҳам сотувчига рад жавоби бериб, буни янги қарздорнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бериш мажбуриятини олмаганлиги билан асослади. Айни шу сабабли кафиллик, унинг фикрича, тугатилган ҳисобланади.

Ушбу важ-далилларга қўшилмаган сотувчи 2015 йил августда хўжалик судига кафилдан 375 млн сўм асосий қарз, 3 750 минг сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.

Ишни кўриб чиқишга мустақил талабларни эълон қилмаган учинчи шахс сифатида янги қарздор жалб этилди.

 

 

СОТУВЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Биз ХФ билан 2014 йил ноябрида 750 млн сўмга шартнома тузганмиз. Унга доир мажбуриятларни таъминлаш учун бизнинг МЧЖ, ХФ ва кафил 2014 йил декабрида кафиллик шартномаси туздилар, унга кўра кафил 300 млн сўм суммасида жавоб бериш мажбуриятини олди.

ХФнинг биздан қарзи қарзни ўтказиш пайтида 375 млн сўмни ташкил қилган. Қарз ўтказилиши муносабати билан 2015 йил августда қарзни тўлаш талаби билан янги қарздорга мурожаат қилдик. Бироқ у рад жавоби бериб, вақтинчалик қийинчиликларни рўкач қилди ва бизга суммани ундириш учун кафилга мурожаат қилишни тавсия этди. Бироқ кафил унинг мажбуриятлари бўйича жавоб беришдан бош тортди. Кафиллик шартномаси талабларини ҳисобга олиб, даъвони қондиришни сўраймиз.

 

КАФИЛНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Ҳақиқатан ҳам, 2014 йил декабрида биз кафиллик шартномаси туздик ва ХФ – дастлабки қарздорнинг пул мажбурияти бўйича кафил бўлиш мажбуриятини олдик. Биз янги қарздор учун жавоб бериш ва унинг учун 375 млн сўм тўлашга розилик бермаганмиз. Шу сабабли даъвога рад жавоби бериш ва янги қарздорни қарзни тўлашга мажбур этишни сўраймиз.

 

ЯНГИ ҚАРЗДОРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– 2015 йил июлда ХФ билан бизнинг ўртамизда, сотувчининг ёзма розилиги билан, 1-МЧЖ олдидаги 375 млн сўм қарзни бизга ўтказиш тўғрисида икки тарафлама битим тузилди. Бундан ташқари, илгари уч тарафлама кафиллик шартномаси имзоланган бўлиб, унга кўра биз сотувчи талаб қилинаётган суммани кафилдан олишга ҳақли деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан кафилга нисбатан даъвони қўллаб-қувватлашни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини, учинчи шахснинг фикрини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, кредиторнинг хўжалик судига 375 млн сўм асосий қарз, 3 750 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган, юқорида баён этилган далиллар тасдиғини топмади.

Фуқаролик кодексининг 298 ва 322-моддаларига аcосланиб, суд қарор қилди:

сотувчининг кафилга нисбатан даъво талабларини қондириш рад этилсин;

Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддасидан келиб чиқиб 3 750 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари даъвогар зиммасига юклатилсин.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 322-моддаси учинчи қисмига кўра, агар кафил янги қарздор учун жавоб беришга рози бўлмаса, қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан кафиллик бекор бўлади. Бундан ташқари, ФКнинг 298-моддаси иккинчи қисмига кўра кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, кафиллик бекор бўлади.

Келтирилган вазиятда сотувчи судга кафил янги қарздор учун қарзни тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига қабул қилганлиги исбот-далилини тақдим эта олмаган. Шу сабабли унинг кафиллиги бекор бўлган ҳисобланади.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини қондиришни рад этиш тўғрисида қонуний қарор қабул қилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, сотувчи қарзни ўтказишга розилик беришдан аввал кафиллик масаласини ҳал этиши, қарзни ўтказиш битимидан ташқари, қарздорни алмаштиришни назарда тутадиган, кафиллик шартномасига уч тарафлама қўшимча битимни имзолашга эришиши керак эди. Ушбу ҳолда унинг судга мурожаат қилиши ва суд харажатларини тўлашига тўғри келмас эди. Тарафлар эса низони судгача тартибда ҳал эта олардилар.

 

Павел СИЛЬНОВ,
адвокат.

Прочитано: 1951 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика