Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 30 / Бухгалтер ён дафтарига

Ҳисоб сиёсати: асосий қоидалар

Календарь-молия йилининг ярмидан кўпи ўтганлигига қарамай, ҳисоб сиёсати ҳаммада бўлиши шартми, у қандай ишлаб чиқилади, уни ким тасдиқлайди сингари корхонанинг ҳисоб сиёсатига доир саволлар таҳририятга тез-тез келиб туради. Ана шу ва бошқа кўплаб саволларга жавоб тариқасида «Norma Ekspert» ХК экспертлари томонидан батафсил тушунтиришлар ишлаб чиқилди.

 

Ҳисоб сиёсати деганда хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш учун қабул қиладиган қоидаларнинг жами тушунилади, молиявий ҳисобот уларнинг принциплари ва асосларига мувофиқ равишда тузилади. Барча хўжалик юритувчи субъектлар, ўзларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳисоб сиёсатини юритишлари лозим. Республикада бухгалтерия ҳисобини меъёрий тартибга соладиган, хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисоботини шакллантириш ва тузиш қоидаларини белгилайдиган асосий ҳужжат 1-сон Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (БҲМС) «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот»1 ҳисобланади. Бироқ ҳисоб сиёсатини тайёрлашда 1-сон БҲМСдан ташқари, бухгалтерия ҳисобининг бошқа стандартлари ҳам албатта қўлланилади.

 

ҲИСОБ СИЁСАТИ БЎЛИШИ ШАРТМИ

Амалиётчиларда бу сингари саволлар жуда кўп учрайди. Бунга жавоб фақат битта бўлиши керак, аввало бухгалтерия ҳисоби субъектининг ўзига, бухгалтерия ходимларига, молия хизматига, аудиторларга (ички ва ташқи) керак.

Бухгалтерия ҳисоб сиёсати корхона ўзининг молиявий-хўжалик операциялари ҳисобини юритиши учун қандай ҳисобварақлар, ҳисоб регистрларидан фойдаланиши, активларни қандай мезонлар бўйича эътироф этиши, қандай усуллар билан уларни баҳолаши ва улар бўйича амортизацияни ҳисоблаши, ҳужжат айланиши, инвентарлаш тизими қандай йўлга қўйилганлиги ҳақидаги батафсил ахборотни тақдим этади ва у бошқа қоидаларни ҳам белгилайди.

Меъёрий ҳужжатларда муайян вазиятларда активларни тан олиш қиймат мезонлари вариантлари, қайта баҳолаш, ҳисобдан чиқариш усуллари келтирилган. Корхона бу вариантларнинг қайси бирини қўллашини унинг ҳисоб сиёсати очиб беради.

Ҳисоб сиёсатида қабул қилинган корхона активлари, мажбуриятлари ва хўжалик операцияларини тан олишга ягона ёндашув республика ҳудудида ва ундан ташқарида шуъба корхоналари, филиаллар, ваколатхоналар ва бошқа тузилмавий шаклларга эга бўлган бухгалтерия ҳисоби субъектлари учун муҳимдир. Бундай вазиятларда бош корхонанинг ҳисоб сиёсати унинг барча бўлинмалари учун мажбурийдир, негаки уларнинг молиявий ҳисоботи бош корхонанинг балансига ёки консолидацияланган балансга киритилади.

Бундан ташқари, ҳисоб сиёсати турли йиллар учун тақдим этиладиган молиявий ҳисоботда бухгалтерия ҳисоби субъектлари фаолиятининг молиявий кўрсаткичлари таққосланиши учун зарур.

Мазкур ҳужжатнинг муҳимлиги борасида қонун ҳужжатларида шундай тартиб белгиланганки, ҳисоб сиёсати хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг тегишли ташкилий-фармойиш ҳужжатлари – буйруқ, фармойиш ва бошқалар билан тасдиқланиши керак. Умумий тартибда ҳисоб сиёсати комплектида қуйидагилар тасдиқланади:

бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари иш режаси;

улар бўйича намунавий шакллар назарда тутилмаган хўжалик операцияларини расмийлаштиришда қўлланиладиган бирламчи ҳисоб ҳужжатлари шакллари;

ички бухгалтерия ҳисоботи учун ҳужжатлар шакли;

инвентарлашни ўтказиш тартиби, муддатлари;

корхона мол-мулки ва мажбуриятларини баҳолаш, молиявий-хўжалик операцияларини акс эттириш усуллари, кўрсаткичларни акс эттириш учун муҳимлилик мезонлари;

ҳужжатлар айланиши ва ҳисоб маълумотларини қайта ишлаш қоидалари;

хўжалик операцияларини назорат қилиш тартиби;

бухгалтерия ҳисобини ташкил қилиш учун бошқа зарурий қоидалар ва меъёрлар.

Ҳисоб сиёсати ташкилий-фармойиш ҳужжати чиқарилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб қўлланилади, яъни 2015 йилга ҳисоб сиёсати 2014 йилнинг охирида белгиланади.

Янги ташкил этилган корхоналар танлаб олган ҳисоб сиёсатини 1-сон БҲМСнинг 55-бандига мувофиқ молиявий ҳисобот биринчи марта эълон қилингунга қадар, лекин давлат рўйхатидан ўтиб юридик шахс ҳуқуқини олган кундан бошлаб 90 кундан кечиктирмай тасдиқлатишлари керак. Ҳисоб сиёсати айнан шу кундан бошлаб қўлланиш мумкин бўлган сиёсат ҳисобланади.

Таъкидлаб ўтилганидек, ҳисоб сиёсатини шакллантиришда бошқа БҲМСларни ҳам қўллаш керак, чунки улар, биринчидан, активлар ва мажбуриятларни баҳолаш, ўлчаш ва ҳисобга олишда анча синчков ёндашувларни белгилайди, иккинчидан, уларни тан олиш, амортизациялаш, ҳисобдан чиқариш ва қайта баҳолаш усулларини тавсия этади.

 

АСОСИЙ ВОСИТАЛАР

Асосий воситалар бўйича ҳисоб сиёсати қуйидагиларда белгиланган қоидалар бўйича шакллантирилади:

5-сон БҲМС «Асосий воситалар»2;

24-сон БҲМС «Қарзлар бўйича харажатлар ҳисоби»3;

19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»4 ва бошқалар.

Асосий воситалар (АВ) учун ҳисоб сиёсатининг асосий жиҳатлари асосий воситалар объектлари сифатида активларни тан олиш мезонлари, дастлабки қийматни баҳолаш, АВ гуруҳлари бўйича амортизацияни ҳисоблаш, қайта баҳолаш ва инвентарлаш усуллари ҳисобланади.

 

Асосий воситаларнинг тан олиниши

5-сон БҲМСнинг 3–7-бандларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб сиёсатида активлар асосий воситалар деб тан олинади. Асосий воситалар – корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб туриладиган моддий активлардир. Балансда корхонага мулкчилик, хўжалик юритиш ёки оператив бошқарув ҳуқуқида тегишли бўлган АВлар ҳисобга олиниши лозим.

Асосий воситаларни тан олиш учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги 2 мезонга жавоб бера олиши керак:

1 йилдан ортиқ фойдали хизмат қилиш муддати;

уларнинг бир бирлик (тўплам) учун қиймати белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 50 бараваридан ортиқ бўлиши.

Бунда корхона раҳбари ҳисобот йилида буюмларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун улар қийматининг энг кам чегарасини белгилашга ҳақли. Масалан, ЭКИҲнинг 20 ёки 30 баравари. Тегишинча, ҳисоб сиёсатида активларни АВ таркибида тан олишнинг қийматли мезонлари кўрсатилиши керак.

Асосий воситаларни тан олишда 24-сон БҲМС меъёрларини ҳам ҳисобга олиш лозим, уларга мувофиқ корхона мустақил равишда активни фойдаланишга тайёрлаш ва тегишинча, уни квалификацияланган актив деб тан олиш учун зарурий вақтинчалик чегарани белгилайди. Белгиланган мақсади бўйича фойдаланиш ёки сотиш учун тайёрлаш албатта салмоқли вақтни талаб қиладиган актив квалификацияланган актив деб тан олинади. Корхонанинг мазкур даври узунлиги мустақил равишда белгиланиши шарт – бу аввало квалификацияланган активнинг бошланғич қийматига уни харид қилиш, қуриш ёки ишлаб чиқариш учун бевосита олинган қарзлар (мақсадли қарзлар ёки кредитлар) бўйича ушбу даврда қилинган харажатларни тўғри киритиш учун зарур.

 

Асосий воситаларнинг амортизацияси

5-сон БҲМСда амортизацияни ҳисоблашда тўрт усулдан бирини қўллаш тавсия қилинади:

амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш – амортизация тенг маромда, асосий воситаларни фойдали ишлатиш муддати мобайнида уларнинг амортизацияланадиган қийматидан келиб чиққан ҳолда тенг улушларда ҳисобланади;

амортизацияни бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисоблаш (ишлаб чиқариш усули) – йиллик амортизация ажратмалари суммаси ҳисобот давридаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмининг натурал кўрсаткичидан (ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари сони, ишланган соатлар сони, ўтиб бўлинган тонна-километрлар сони ва бошқалар) ҳамда асосий воситаларнинг амортизация қийматининг асосий воситалари бутун фойдали ишлатиш муддатидаги назарда тутилаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмига нисбатан мутаносиблигидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

икки карра амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули – тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулидан икки карра амортизация меъёри мазкур ҳисобот давридаги асосий воситанинг тегишли қолдиқ қийматига кўпайтирилади. Бунда икки карра амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули бўйича амортизацияни ҳисоблашда тахмин қилинаётган тугатиш қиймати бошланғич (тиклаш) қийматидан чегирилмайди;

йиллар суммаси усули (кумулятив усул) – ҳар йили амортизация меъёри амортизация муддати охирига қадар қоладиган амортизацияланадиган қийматга улуш сифатида аниқланади. Улуш амортизация ажратмалари тугагунига қадар қоладиган тўлиқ йиллар сонини амортизация муддатини ташкил қиладиган йиллар тартиб сонлари суммасига бўлиш орқали аниқланади. Яъни амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси асосий воситаларнинг амортизация қийматидан ҳамда суратида объектни фойдали ишлатиш муддатининг охирига қадар қоладиган йиллар сони, махражида эса – объектни фойдали ишлатиш муддати йиллари сони суммасининг нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Улардан ташқари, солиқ солиш мақсадида Солиқ кодексида асосий воситалар гуруҳлари бўйича чегаравий амортизация меъёрлари белгиланган. Айнан мазкур меъёрлар ҳисоб сиёсатида кенг қўлланиладиган меъёрлар ҳисобланади.

Корхона амортизация усулларининг бештасидан бирини танлаши ва ҳисоб сиёсатида қайси бири қўлланилишини қайд этиши керак. АВларнинг ҳар хил турларига амортизациянинг турли усулларини қўллашга йўл қўйилади, бироқ бунда бир турига фақат битта усул қўлланилиши мумкин.

 

Асосий воситаларни қайта баҳолаш

Асосий воситаларни қайта баҳолаш қуйидаги усулларда ўтказилади5:

бевосита қайта баҳолаш усули – қайта баҳолашни ўтказиш даврида 1 январга шаклланган, баҳоланаётганларига айнан ўхшаш бўлган янги объектларга ҳужжатлар асосида тасдиқланган бозор нархлари бўйича алоҳида объектлар қийматини бевосита ҳисоблаш йўли билан аниқлаш;

дастлабки (тикланиш) қийматини индекслаш усули – асосий фондлар турлари бўйича ва уларни харид қилиш даврларига боғлиқликда табақаланган асосий фондлар қийматини ўзгартириш индексларини қўллаган ҳолда айрим объектларнинг дастлабки (тикланиш) қийматини индекслаш йўли билан аниқлаш.

Бевосита қайта баҳолаш усули қўлланилганда объектларнинг тўлиқ тикланиш қийматини ҳужжатлар асосида тасдиқлаш учун ташкилотнинг хоҳишига кўра қуйидагилардан фойдаланилиши мумкин:

тайёрловчи ташкилотлар ва уларнинг расмий дилерлари, товар-хом ашё биржалари, кўчмас мулк биржаларидан ёзма шаклда олинган худди шундай маҳсулотга доир нархлар тўғрисидаги маълумотлар;

қайта баҳолашни ўтказиш санасига ва асосий фондларни харид қилиш санасига МБ курсларининг нисбати сифатида белгиланадиган ҳисоб-китоб коэффициентини қўллаган ҳолда харид қилиш санасига ЭАВда асосий фондларнинг қиймати тўғрисидаги (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида) маълумотлар;

тегишли давлат органларида мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

қайта баҳолашни ўтказиш даврида оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётларда эълон қилинган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

асосий фондлар қиймати тўғрисида баҳоловчининг ҳисоботи.

Эскириш суммаси қайта баҳолангандан кейинги тикланиш қийматини қайта баҳолангунча бўлган қийматга бўлиш орқали ҳисоб-китоб қилинадиган коэффициент бўйича қайта баҳоланади.

Ўзбекистон статистика органлари томонидан асосий фондларни қайта баҳолаш чоғида индекс усулини қўллаш учун ҳар йили 31 декабрга қадар тегишли индекслар ишлаб чиқилади ва расмий равишда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Мазкур усулда эскириш суммаси тегишли индексларга кўпайтириш орқали индексацияланади.

Корхона АВларни қайта баҳолаш усулини мустақил равишда белгилаши ва буни ўзининг ҳисоб сиёсатида акс эттириши мумкин.

 

Асосий воситаларни таъмирлаш харажатларини ҳисобга олиш

Асосий воситаларни таъмирлаш харажатлари корхонанинг тармоқ мансублигига ва қуйидаги икки хил таъмирлаш усулига боғлиқ харажатларга ҳисобдан чиқарилиши мумкин:

захира фондни ташкил қилиш йўли билан;

таъмирлашга доир ҳақиқий харажатларни, улар юзага келган тақдирда, бевосита ҳисобдан чиқариш йўли билан.

Корхона асосий воситаларни таъмирлашга йўналтирилган суммаларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш усулини мустақил равишда танлайди. Танловнинг асосий омили мазкур харажатларни тенг маромда ҳисобдан чиқариш имконияти ҳисобланади.

Асосий воситаларни инвентарлаш

Ҳисобот йилидаги инвентарлашлар миқдори, уларни ўтказиш санаси, инвентарланадиган мол-мулк рўйхати корхона раҳбари томонидан мустақил белгиланади. Бу ҳисоб сиёсатининг АВларни инвентарлаш тартиби ва шартларини белгиловчи қисмида амалга оширилиши лозим. Бунда 5-сон БҲМС ва 19-сон БҲМС ёрдамида асосий воситаларнинг миқдори бўйича белгиланган энг кам талабларга кўра:

2 йилда камида 1 марта асосий воситаларни инвентарлаш ўтказилади;

кутубхона фондлари 5 йилда 1 марта инвентарланади.

Бундан ташқари, жамоавий моддий жавобгарлик шароитида инвентарлаш жамоа раҳбари ўзгарганда, жамоадан унинг 50 фоиздан ортиқ аъзолари чиқиб кетганда, шунингдек жамоанинг битта ёки бир нечта аъзоси талаби билан ўтказилади.

 

НОМОДДИЙ АКТИВЛАР

Номоддий активлар бўйича ҳисоб сиёсати қуйидаги БҲМСлар қоидаларига кўра тузилади:

7-сон БҲМС «Номоддий активлар»6;

24-сон БҲМС «Қарзлар бўйича харажатлар ҳисоби»;

19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш» ва бошқалар.

Номоддий активлар (НМА) бўйича ҳисоб сиёсатида уларнинг тан олиниши мезонлари, активларнинг (алоҳида гуруҳлари бўйича) фойдали хизмат муддатлари белгиланиши, амортизацияни ҳисоблаш усулларини белгилаш, уларни қайта баҳолаш ва инвентарлаш усуллари ҳақидаги маълумотлар очиб берилиши керак.

 

Номоддий активларнинг тан олиниши

Ҳисоб сиёсатида НМАлар 7-сон БҲМСнинг 5–8-бандларидан келиб чиққан ҳолда тан олинади. Корхона томонидан активлардан ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ёки товарларни сотиш жараёнида фойдаланиш мақсадида ёхуд маъмурий ва бошқа функцияларни амалга ошириш учун узоқ муддат мобайнида тутиб туриладиган, моддий-ашёвий мазмунга эга бўлмаган идентификацияланадиган мол-мулк объектлари номоддий активлар деб тан олинади.

Активларни бухгалтерия ҳисобига номоддий активлар сифатида қабул қилишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар бажарилиши керак:

моддий-ашёвий тузилиш (шакл)га эга бўлмаслиги;

давомийлиги 12 ойдан юқори фойдали хизмат муддати ёки агар у 12 ойдан ошадиган бўлса, оддий операцион цикл мобайнида фойдаланиш. Бунда активнинг қиймати бир бирлик (комплект) учун энг кам иш ҳақи миқдорининг камида эллик бараварини ташкил қилади;

корхона ушбу активни кейинчалик қайта сотишни мўлжалламайди;

ишончлилик, яъни корхонада актив ва унга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатлар (патентлар, гувоҳномалар, бошқа муҳофаза қилувчи ҳужжатлар, патент, товар белгисидан воз кечиш (сотиб олиш) шартномаси)нинг мавжудлиги;

идентификациялаш имконияти, бу дегани ажраладиган бўлса, яъни уни корхонадан ажратиб бўлса ҳамда сотиш, бериб юбориш, ижарага бериш, алоҳида ёки улар билан боғлиқ актив, контракт ёки мажбурият билан бирга айирбошлаш (гудвиллдан ташқари) мумкин бўлса ёки шартномавий ва бошқа юридик ҳуқуқлардан, бу ҳуқуқлар бошқаларга ўтказиладиган ёки корхонадан ажратиладиган ёхуд бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлардан ажралишидан қатъи назар, номоддий актив идентификацияланадиган бўлиб ҳисобланади.

Корхона раҳбари НМА таркибида ҳисобга олиш мақсадида ҳисобот даври учун активлар қийматининг камроқ чегарасини белгилашга ҳақли. Тегишинча, ҳисоб сиёсатида ушбу қийматли мезон кўрсатилиши керак.

Номоддий активларни тан олишда активни фойдаланишга тайёрлаш ва тегишинча, уни квалификацияланган деб тан олиш учун зарур бўладиган вақт чегарасини мустақил равишда белгилаш лозим. Бу нарса квалификацияланадиган активни харид қилиш ёки ташкил қилиш учун бевосита олинган ва мазкур даврда ўз ўрнига эга бўлган қарзлар бўйича харажатларни НМАларнинг бошланғич қийматига киритиш мақсадида қилинади. Ҳисоб сиёсатида аниқ давр кўрсатилиши лозим.

 

НМАларни ҳисобга олиш усули

НМАларни дастлаб тан олингандан сўнг улар молиявий ҳисоботда қуйидаги икки усулда акс эттирилади:

 жамланган амортизация айирилган ҳолда бошланғич қиймат (қолдиқ қиймат) бўйича;

қайта баҳоланган қиймат (муқобил усул) бўйича.

НМА дастлаб тан олингандан сўнг молиявий ҳисоботда акс эттиришда қўлланадиган усул мажбурий тартибда корхонанинг ҳисоб сиёсатида кўрсатилиши керак.

 

НМАларни амортизациялаш

Корхона номоддий активнинг бошланғич қийматидан ва хизмат муддатидан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда амортизация меъёрларини белгилайди. Хизмат муддати патент, гувоҳноманинг амал қилиш даврига ва (ёки) Ўзбекистон ёки хорижий давлатнинг қонун ҳужжатларига, шунингдек тегишли шартномаларга мувофиқ интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш муддатларининг бошқа чекловларига боғлиқ бўлади. Ушбу муддат корхона фаолияти муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Фойдали фойдаланиш муддатини аниқлашнинг имкони бўлмаган ёки қийинчилик билан аниқланадиган НМА объектлари бўйича эскириш нормалари 5 йил ҳисобида белгиланади, бироқ бу муддати корхона фаолияти муддатидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Номоддий активларнинг амортизацияси тўрт усулда ҳисобланиши мумкин: тўғри чизиқли, ишлаб чиқариш, икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш, кумулятив усуллар.

Корхонанинг ҳисоб сиёсатида хизмат муддатини белгилаш тартиби ва қўлланиладиган амортизация усуллари кўрсатилади.

 

НМАларни инвентарлаш

Ҳисобот йилидаги инвентарлашлар миқдори, уларни ўтказиш санаси, инвентарланадиган мол-мулк рўйхати корхона раҳбари томонидан белгиланади. Ҳисоб сиёсатида НМАларни инвентарлаш тартиби ва шартлари очиқ кўрсатилади. 7-сон БҲМСда инвентарлашлар сонига қараб энг кам талаблар – 2 йилда камида 1 марта номоддий активларни инвентарлаш ўтказиш белгиланади.

 

ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАР

Товар-моддий захираларга доир ҳисоб сиёсати қуйидагиларга мувофиқ шаклланади:

4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»7;

24-сон БҲМС «Қарзлар бўйича харажатлар ҳисоби»;

19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш» ва бошқалар.

Товар-моддий захиралар (ТМЗ) учун ҳисоб сиёсатида уларни тан олиш, ТМЗ қийматини баҳолаш, шу жумладан ишлаб чиқаришга ҳисобдан чиқариш, уларни қайта баҳолаш ва инвентарлаш шартлари очиқ кўрсатилади.

 

ТМЗларни тайёрлашни ҳисобга олиш ҳисобварақларининг қўлланиши

Корхона ҳисоб сиёсатида материалларни тайёрлаш ва харид қилиш бўйича операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби қандай усулда амалга оширилиши акс эттирилади:

1510-«Материалларни тайёрлаш ва харид қилиш», 1610-«Материаллар қийматидаги фарқлар» ҳисобварақларидан фойдаланган ҳолда. Мазкур ҳолатда материаллар ҳисоб нархлари бўйича акс эттирилади;

1510-«Материалларни тайёрлаш ва харид қилиш», 1610-«Материаллар қийматидаги фарқлар» ҳисобварақларидан фойдаланмаган ҳолда. Тегишинча, материаллар ҳақиқий таннархи бўйича ҳисобга қабул қилинади.

Бундан ташқари, материалларни тайёрлаш ва етказиб бериш билан боғлиқ транспорт-тайёрлов харажатлари (ТТХ) ҳажмлари катта бўлган корхоналар ҳисоб сиёсатида 4-сон БҲМСда ТТХларни ҳисобга олиш тавсия этилган икки усулдан қайси бири қўлланилишини очиб бериши лозим:

ушбу харажатларни материалларнинг ҳақиқий таннархига бевосита (тўғридан-тўғри) киритиш йўли билан;

ТТХларни 1510-«Материалларни тайёрлаш ва харид қилиш» алоҳида ҳисобварағига етказиб берувчининг ҳисоб-китоб ҳужжатларига мувофиқ киритиш билан. Кейинчалик улар материаллар таннархига киритилади ёки фойдаланилишига қараб ишлаб чиқариш ва (ёки) давр харажатларига ҳисобдан чиқарилади.

Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳисоб сиёсатида ТМЗларни ҳисобга олиш тартибини акс эттирадилар:

2980-«Савдо устамаси» ҳисобварағида устамалар (чегирмалар)ни алоҳида ҳисобга олган ҳолда сотиш қиймати бўйича. Мазкур усулда товарлар ҳисобини юритишда реализация қилинган товарлар таннархи реализация қилинган товар-моддий захираларнинг сотиш қиймати ва уларга тўғри келадиган савдо устамаси суммалари ўртасидаги фарқ тариқасида аниқланади. Реализация қилинган ТМЗларга тўғри келадиган савдо устамалари суммаси уларнинг савдо қиймати (товар айланмаси) ва савдо устамасининг ўртача фоизи кўпайтмаси сифатида аниқланади. Савдо устамасининг ўртача фоизи ҳисобот даври бошига савдо устамалари қолдиғи ва ҳисобот даврида келиб тушган ТМЗлар бўйича савдо устамалари суммаларини ҳисобот даври бошига улар қолдиғининг сотиш қиймати ва ҳисобот даврида олинган товар-моддий захираларнинг сотиш қийматига бўлиш орқали аниқланади;

уларнинг ҳақиқий таннархи ёки харид қиймати бўйича. Кейинги ҳолатда товарларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар улар юзага келган ҳисобот даврида давр харажатларига (реализация бўйича) ҳисобдан чиқарилади.

Ҳисоб сиёсатида ТМЗларни ҳисобга олиш тизимини ҳам акс эттириш лозим. 4-сон БҲМСда қуйидаги тизимларни қўллашга йўл қўйилади:

узлуксиз (доимий), яъни ТМЗларнинг узлуксиз ҳисобга олиш тизимидан фойдаланилганда товар-моддий захираларни ҳисобга олиш счётларида уларнинг келиб тушиши ва чиқиб кетиши бўйича операциялар батафсил акс эттириб борилади. Сотилган товар-моддий захираларнинг таннархи, сотишнинг боришига қараб сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархини ҳисобга олиш счётларида акс эттирилади;

даврий – ТМЗларни ҳисобга олиш счётларида давр мобайнида уларнинг келиб тушиши ва чиқиб кетишининг батафсил ҳисоби юритилмайди. Товар-моддий захираларнинг ҳақиқатда мавжудлиги уларни инвентарлаш натижалари бўйича аниқланади. Сотилган (чиқиб кетган) ТМЗлар таннархи уларни инвентарлаш якунлангунча белгиланиши мумкин эмас. У давр бошидаги қолдиқ суммаси ва давр мобайнида тушумларни қўшиш ҳамда давр охиридаги қолдиқ суммасини айириш йўли билан аниқланади.

 

Маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархини баҳолаш

4-сон БҲМСда ТМЗларнинг маҳсулот, ишлар ва хизматлар сингари турлари таннархини аниқлаш учун қуйидаги усуллар таклиф этилади:

оддий усули – бир турдаги маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқарадиган ва ярим тайёр маҳсулотлар ва тугалланмаган ишлаб чиқаришга эга бўлмаган ташкилотларда қўлланилади. Маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлигининг таннархи ишлаб чиқариш харажатлари суммасини ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) бирликларининг умумий миқдорига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади;

меъёрий усули – хом ашё, материаллар, меҳнат ва ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишнинг белгиланган меъёрлари бўйича харажатларни ҳисобга олишга асосланган, у амалиётда кўпроқ қўлланилади;

буюртма усули – якка тартибдаги ва майда туркумли ишлаб чиқаришга эга бўлган ташкилотларда қўлланади. Барча харажатлар буюртманинг якунланишига қадар тўлалигича тугалланмаган ишлаб чиқариш деб ҳисобланади. Агар ушбу буюртма бир хилдаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) туркумидан иборат бўлса, маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлигининг таннархи мазкур буюртма бўйича харажатлар суммасини маҳсулот бирликлари миқдорига бўлиш орқали аниқланади;

босқичли усули – бошланғич хом ашё ва материаллар ишлаб чиқариш жараёнида бир қатор босқич, фаза, поғоналардан ўтадиган ишлаб чиқаришда қўлланади. Ушбу усулда аввал барча маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг таннархи, сўнгра унинг бирлиги таннархи аниқланади. Бунда босқичли усул ташкилотнинг тармоққа мансублигига боғлиқ ҳолда икки вариантда амалга оширилиши мумкин: ярим тайёр маҳсулотли ва ярим тайёр маҳсулотсиз вариантларда;

харажатларни инвентарь баҳолаш усули (савдода).

Усул танлови ТМЗлар номенклатурасига ва уларнинг тури, ишлаб чиқариш тури, унинг мураккаблиги, тугалланмаган ишлаб чиқариш мавжудлиги, ишлаб чиқариш жараёнининг қанча давом этишига боғлиқ бўлади. Ҳисоб сиёсатида танланган усул очиқ кўрсатилади.

 

ТМЗларни қайта баҳолаш

Корхона ҳисоб сиёсатида ТМЗлар қийматини аниқлаштириш даврийлиги ҳам очиқ кўрсатилади, бу аниқлаштириш ТМЗларни жорий қийматига – реализациянинг соф қийматига мувофиқлаштириш (агар реализациянинг соф қиймати таннархдан паст бўлса, қийматни арзонлаштириш) мақсадида амалга оширилади.

 

ТМЗларни ҳисобдан чиқаришда баҳолаш

Корхона ишлаб чиқаришга ҳисобдан чиқариладиган товар-моддий захираларни баҳолаш усулини мустақил равишда белгилайди:

харид қилинган материаллар бирлиги таннархи бўйича. Бу усул махсус лойиҳалар учун мўлжалланган буюмларга, улар сотиб олинган ёки ишлаб чиқилганлигидан қатъи назар, қўлланилади;

ўртача тортилган қиймат бўйича (AVECO). Товар-моддий захиралар ҳар бир бирлигининг қиймати давр бошида айнан бир хил бирликларнинг ўртача тортилган қиймати ва давр мобайнида харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган айнан бир хил бирликларнинг қийматидан келиб чиқиб аниқланади. ТМЗлар ҳар бир бирлиги қийматини AVECO усули бўйича аниқлаш тегишинча давр бошидаги товар-моддий захиралар қолдиғининг таннархи ва миқдори ҳамда ушбу давр мобайнида келиб тушган товар-моддий захираларнинг таннархи ва миқдоридан шаклланадиган, айнан бир хил бирликларнинг умумий таннархини уларнинг умумий миқдорига бўлиш йўли билан амалга оширилади. Ўртача қиймат ташкилот томонидан танланган усулга қараб даврий ёки ТМЗларнинг ҳар бир янги туркуми келиб тушишига кўра ҳисоблаб чиқарилиши мумкин;

вақт бўйича биринчи харидлар пайтида ТМЗлар таннархи бўйича (FIFО). ТМЗларнинг чиқиб кетаётган бирликлари таннархига биринчи навбатда харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган захираларнинг қиймати киради, давр охиридаги товар-моддий захиралар қиймати эса охирги бўлиб харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган захиралар бирликларининг умумий қийматидан ташкил топади.

Товар-моддий захираларнинг ҳар бир гуруҳи (тури) бўйича ҳисобот даври мобайнида қийматни аниқлашнинг биттагина усули қўлланилади.

Қўлланадиган усул ҳисоб сиёсатида ҳам акс эттирилиши лозим.

 

Инвентарь ва хўжалик анжомларини ҳисобдан чиқариш

4-сон БҲМСда белгиланишича, агар инвентарь ва хўжалик анжомларининг қиймати бир бирлик (комплект) учун харид қилиш пайтида ЭКИҲнинг ўн бараваридан ортиқ бўлса, унда ташкилот уларни фойдаланишга беришда ушбу инвентарь ва хўжалик анжомларининг қийматини муддати кечиктирилган харажатларга киритиши мумкин. Бунда кечиктирилган харажатларни камайтириш, яъни уларни харажатларга ҳисобдан чиқариш қуйидаги икки  усулдан бирини қўллаш орқали амалга оширилади:

қийматни ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш, яъни кечиктирилган харажатлар суммасини ҳисобдан чиқариш ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмининг натурал кўрсаткичидан ва инвентарь ҳамда хўжалик анжомлари таннархининг кўрсатилган инвентарь ва хўжалик анжомларини фойдали ишлатишнинг бутун кутилаётган муддатида маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришнинг тахмин қилинаётган ҳажмига нисбатидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади;

тенг, меъёрий усулда ҳисобдан чиқариш, яъни инвентарь ва хўжалик анжомларининг таннархи ҳамда уларнинг фойдали ишлатиш муддатидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Корхоналар инвентарь ва хўжалик анжомлари қийматини уларни фойдаланишга беришда ҳисобдан чиқариш тартиби, шунингдек уларнинг қийматини харажатларга киритишнинг фойдаланилаётган усулини ҳисоб сиёсатида акс эттиришлари лозим.

 

ТМЗларни инвентарлаш

ТМЗларни ҳисоб йилида инвентарлашлар миқдори, уларни ўтказиш санаси, инвентарланадиган захиралар рўйхати корхона раҳбари томонидан мустақил белгиланади. Ҳисоб сиёсатида инвентарлаш тартиби ва шартлари очиқ кўрсатилиши лозим. Бунда 4-сон БҲМСда ТМЗларни инвентарлашнинг энг кам миқдори – йилда камида 1 маротаба товар-моддий захираларни инвентарлаш ўтказилиши белгиланган, 19-сон БҲМСда ёнилғи-мойлаш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари – ҳар чоракда, қимматбаҳо металлар – тармоқ йўриқномаларига мувофиқ инвентарланиши кўрсатилган.

 

ВАЛЮТА КУРСИДАГИ ФАРҚЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

Валюта курсидаги фарқларни ҳисобга олиш бўйича ҳисоб сиёсати қуйидагиларга мувофиқ шаклланади:

22-сон БҲМС «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби»8;

Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низом9;

19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш».

Ҳисоб сиёсатида бухгалтерия ҳисобида хорижий валютада акс эттирилган активлар ва мажбуриятларни акс эттириш ва курс фарқларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги маълумотлар очиқ кўрсатилиши керак.

Корхоналар баланснинг валюта моддаларини ҳисобот ойининг охирги санаси ва хўжалик операцияларни амалга ошириш санасида ЎзР Марказий банки курси бўйича қуйидаги икки усулда қайта баҳолашни амалга оширади:

молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига бевосита киритиш усули: ижобий курс фарқларида – молиявий-хўжалик фаолиятидан даромадларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари, салбий курс фарқлари – молиявий фаолият бўйича харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда кўрсатилади;

жамғариш усули: ижобий курс фарқлари – кечиктирилган даромадларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида, салбий курс фарқлари – кечиктирилган харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда кўрсатилади. Молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига қараб курсдаги фарқлар чет эл валютасидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича – уларни сўндириш (ёки ҳисобдан чиқариш)нинг боришига қараб, қолган ҳолларда – баланснинг тегишли валюта моддалари билан биргаликда хўжалик операцияларини содир этишнинг боришига қараб ҳисобдан чиқарилади. Бунда кечиктирилган даромадлар ва харажатлар счётларида мос равишда акс эттирилган ижобий ва салбий курс фарқларини ҳисобдан чиқаришни ҳисобот ойининг охиридаги чет эл валютасининг 1 бирлигига тўғри келадиган курс фарқининг ўртача миқдори бўйича амалга оширишга рухсат этилади.

Корхоналар баланснинг валюта моддалари турига қараб курс фарқларини ҳисобга олишнинг турли усулларини қўллашлари мумкин.

Агар корхона курс фарқларини акс эттириш қисмида ҳисоб сиёсатини ўзгартирса, яъни жамлаш усулидан тўғри олиб бориш усулига ўтса, баланснинг валюта моддаларини ҳар ойда қайта баҳолаш натижасида олдин тўпланган курс фарқлари унинг молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига ҳисоб сиёсати қабул қилинган календарь йилининг охиригача ҳар ойда (бир меъёрда) ҳисобдан чиқариб борилади.

 

ҲИСОБВАРАҚЛАР ИШ РЕЖАСИ

Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқномага10 (21-сон БҲМС) асосан корхоналар ўзининг ҳисобварақлар иш режасини мустақил равишда шакллантиради ва уни ҳисоб сиёсати комплектида тасдиқлайди.

 

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ ШАКЛЛАРИ

Корхона бухгалтерия ҳисоби шаклларини, ҳисоб регистрлари рўйхати ва уларни тузиш, уларга ёзувларни киритиш кетма-кетлиги ва техникаси, шунингдек ички ҳисоботлар шаклларини мустақил равишда белгилайди. Корхонанинг мол-мулк миқдори ва таркиби, ишлаб чиқариш жараёнининг мураккаблиги, фаолиятнинг турли хилда эканлиги, бошқарувни ташкил қилиш ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолдаги танлови ҳисоб сиёсатида акс эттирилади. Бунда намунавий шакллар уларни тақдиқлаган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда санаб ўтилади, мустақил тарзда ишлаб чиқилган шакллар ҳисоб сиёсатига иловада келтирилади. Иловада бирламчи ҳужжатлар, шу жумладан юклаб жўнатиш ҳужжатларига имзо чекиш ҳуқуқи берилган лавозимлар рўйхати келтирилиши мумкин.

 

КОРХОНАДА БУХГАЛТЕРИЯ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) билан корхона раҳбарига бухгалтерия хизматини ташкил этиш вариантини ташкил этиш ҳуқуқи берилган:

бош бухгалтер ёки шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер раҳбарлигида махсус бўлимни ташкил этиш;

бухгалтерия ҳисоби юритишни шартнома асосида ихтисослаштирилган бухгалтерия фирмасига ёки юқори хўжалик бирлашмасининг марказлаштирилган ҳисобга олиш бўлимига юклаш;

бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш.

 

ҲИСОБ СИЁСАТИНИНГ ЎЗГАРТИРИЛИШИ

Ҳисоб сиёсатини 1-сон БҲМСнинг 56-бандида кўрсатилган қуйидаги ҳолларда ўзгартиришга йўл қўйилади:

субъект қайта ташкил этилганда (қўшилганда, ажралиб чиққанда, бирлашганда);

мулк эгаси алмашганда;

Ўзбекистон Республикаси қонунларида ёки Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи меъёрий тизимда ўзгаришлар бўлганда;

бухгалтерия ҳисобининг янги усуллари ишлаб чиқилганда.

Ҳисоб сиёсатининг ўзгартирилиши асосланган бўлиши керак ва тегишли ташкилий-фармойиш ҳужжатлари (буйруқ, фармойиш ва бошқалар) билан расмийлаштирилиши керак, бу ҳужжатлар корхона раҳбари томонидан тасдиқланади.

Ҳисоб сиёсатининг ўзгартирилиши тегишли ташкилий-фармойиш ҳужжатлари чиқарилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан қўлланилади.

Ҳисоб сиёсатида Ўзбекистон Республикаси қонунларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлмаган ўзгаришларнинг оқибатлари субъектнинг бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ўзгартирилган усуллари қўлланила бошлаган вақтдаги (ойнинг 1-кунида) текширилган маълумотлар асосида қиймат жиҳатидан баҳоланиши керак.

Республикадаги қонун ҳужжатлари ёки бухгалтерия ҳисоби бўйича меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилиши билан боғлиқ ҳисоб сиёсатининг ўзгартирилиши ушбу ҳужжатларда белгиланган тартибда акс эттирилади.

Молиявий ҳолатга, пул маблағлари ҳаракатига ёки ташкилот фаолиятининг молиявий натижаларига катта таъсир кўрсатган ёки кўрсатадиган ҳисоб сиёсатининг ўзгартирилиши бухгалтерия ҳисоботида очиқ кўрсатилиши керак.

Бу ҳақдаги маълумот камида қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

ҳисоб сиёсатининг ўзгартирилиши сабаби;

пул кўринишидаги ўзгартиришларнинг оқибатларини баҳолаш.

 

 

1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3Молия вазирининг АВ томонидан 18.08.2009 йилда 1996-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

4МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

51 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низом (Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).

6Молия вазирининг АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

7Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

8Молия вазирининг АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

9МВ, ИВ, ДСҚ, МБ бошқаруви ва Давлат статистика қўмитасининг АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

10Молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

Прочитано: 13335 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2019-11-26 11:20:44, Гость_Ойбек Абдуалимов:
Великолепно, слов нет!!!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика