Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 30 / Қонунбузарликлар фош этилди

Иззатини билмаган «меҳмон»лар!

Маълумки, амалдаги тартибларга мувофиқ норезидентлар, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, шунингдек Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқароларга мамлакатимизга кириб келиш вақтида божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага олиб кирган валютаси миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан олиб чиқиб кетишига рухсат этилади.

 

Норезидент томонидан йўловчи божхона декларациясида (олиб кириш пайтида тўлдирилган ва божхона органининг ходими томонидан тасдиқланган) ёки ТС-28 гувоҳномасида (5 минг АҚШ долларига эквивалент миқдордан ошадиган ҳажмда нақд чет эл валютаси олиб кирилиши пайтида божхона органи томонидан берилган) кўрсатилган суммадан ортиқча нақд чет эл валютасини олиб чиқиш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банклар томонидан бериладиган рухсатнома асос бўлиб ҳисобланади.

Аммо қозоғистонлик Ш.К. мазкур қоидаларни менсимади. У пойтахтимиз аэропортидан Сеулга парвоз қилиш олдидан йўловчи божхона баённомасида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан 2 минг АҚШ долларини олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Киевга парвоз олдидан украиналик Л.Д. хоним қўл сумкасига кўз югуртирди. Чипталар, паспорт, валюта – ҳаммаси жойида! Аммо, барибир у хотиржам бўлолмади. Пуллари орасидан 3 300 долларини санаб, сумканинг кўз илғамас қисмига яширди ва таваккал қилганча, божхона назорати ҳудудига кириб келди. Аслида бу пул божхона баённомасида қайд қилинмаган – яширинча олиб чиқишга кўзланган эди!

Чин юрти деса кўз олдимизда меҳнаткаш ва беҳаловат хитойликлар гавдаланади. Ҳалоллик ва тўғрилик бу диёрда ҳам биздаги каби юксак қадрланади. Аммо юртимиздан ўз шаҳрига қайтаётган урумчилик А.Г. қинғир хатти-ҳаракатлари билан ўзаро ишонч тушунчасига хиёнат қилди. У 2 200 АҚШ доллари ва 4 200 хитой юанини қўл юкларига яширганча олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Унинг ватандоши А.В. ҳам Урумчига парвоз қилди – фақат яширинча олиб ўтишга уринган 3 100 АҚШ долларидан маҳрум бўлган ҳолда! Чунки у мазкур валюталарни йўловчи божхона баённомасида қайд қилмаган эди.

Россиялик З.Р.нинг Москвага парвоз олдидан безовталанишига сабабни зийрак божхоначилар ўз вақтида пайқашди. Ушбу шахс божхоначилар томонидан божхона кўригидан ўтказилганда унинг юклари орасига 3 200 АҚШ доллари яширилгани фош этилди.

«Тошкент-Иркутск» рейси бўйича парвозга шайланган К.С.га ҳам ўзи ташриф буюрган мамлакат тартибларини менсимагани қимматга тушди! У она шаҳрига парвоз олдидан яширинча олиб чиқишга уринган 3 650 АҚШ доллари билан «хайрлашиш»га мажбур бўлди.

Нижний Новгородлик Т.Л. хонимга эса божхона назоратидан беркитган ҳолда олиб чиқиб кетиш учун 3 760 АҚШ долларини қўл сумкаси ва юклари орасига яшириш ишончсизроқ усулдек туюлди. Гўёки ишнинг кўзини биладиган бу аёл нақд хорижий валюталарни ички кийимлари орасига яширди. Аммо шахсий кўрик давомида божхоначилар унинг қонунга зид ҳаракатларига нуқта қўйишди.

Божхоначилар туркиялик Д.Ҳ.га ҳам Истанбулга парвози олдидан оқ йўл тилашлари мумкин эди. Аммо «Тошкент» халқаро аэропортида «меҳмон»нинг иззати битди! Аниқланишича, у 6 750 евро ва 250 фунт стерлингни йўловчи божхона баённомасида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб олиб чиқишга уринган экан.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 48 та божхона қоидабузарликлари натижасида чет эллик фуқаролар томонидан 73,3 мингдан ортиқ АҚШ доллари, салкам 12 минг евро, 462 мингдан ортиқ Россия рубли ва бошқа нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди.

 

«Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизмати.

Прочитано: 1418 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика