Қандай ҳолларда отани болага нисбатан ҳуқуқларидан маҳрум қилиш мумкин?
Д.Раҳмонов,
«Оқтепа» маҳалласи маслаҳатчиси.
Наманган вилояти.
– Оила кодексининг (ОК) 79-моддасига кўра ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:
ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;
ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Ота-оналарнинг маҳрум қилиниши мумкин бўлган ота-оналик ҳуқуқи дейилганда, уларга боласини вояга етгунча тарбиялаш, унинг манфаатларини ҳимоя этиш ва унга вакиллик қилиш, боласини бошқа шахслардан талаб қилиб олиш, унинг фарзандликка олинишига розилик бериш ва бошқалар учун берилган ҳуқуқлар тушунилмоғи лозим. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-оналар болалари билан туғишганлик фактига асосланган ҳуқуқларини: вояга етган болаларидан нафақа олиш, улар вафот этган тақдирда нафақа билан таъминланиш, болаларининг мулкига ворис бўлиш ҳуқуқларини ва бошқа ҳуқуқларини ҳам йўқотадилар (ОС Пленумининг 11.09.1998 йилдаги 23-сон Қарори 8-банди).
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади (ОКнинг 80-моддаси).
Ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашлик деганда – ота-оналик бурчларини узлуксиз равишда бажармаслик, ўз болаларига қандай бўлмасин ғамхўрлик қилмаслик тушунилади. Ота-онанинг ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганликлари уларнинг болаларининг маънавий тарбияси, жисмоний ривожланиши, таълими, ижтимоий фойдали меҳнатга тайёргарлиги тўғрисида ғамхўрлик қилмаганлигида намоён бўлади (ОС Пленумининг 11.09.1998 йилдаги 23-сон Қарори 15-банди).
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.