Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 22 / Бизнес масалалари

Бир шахс икки лавозимда

Раҳбари биргина киши бўлган ташкилотлар ўртасида шартнома тузиш мумкинми?

 

– Фуқаролик кодексининг (ФК) 353-моддасига кўра, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилиши боис, дастлаб хаёлга шартномани иккала тарафдан биргина шахс имзолаши мумкин эмас деган фикр келади. Бироқ шарт­номанинг бир шахс томонидан имзоланиши далили доим ҳам унга салбий ҳуқуқий баҳо берилишига сабабчи бўлавермайди.

Айтайлик, биргина шахс яккабош ижрочи (директор) ҳисобланган иккита турли хўжалик жамияти томонидан шартнома тузиляпти. Шарт­номадаги имзолар айнан бир хил бўлишига қарамай, ҳар ҳолда турли юридик шахслар контрагентлар бўлиб чиқади.

ФКнинг 45-моддасига кўра юридик шахс қонунларга ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ иш олиб борадиган ўз органлари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлади ва ўз зиммасига фуқаролик бурч­ларини олади. Яккабош ижрочи орган (директор) юридик шахснинг бир қисми сифатида қаралади. Юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилишга йўналтирилган ҳаракатлари юридик шахснинг ўз ҳаракатлари сифатида эътироф этилади. Бир шахснинг бирйўла бир нечта хўжалик жамиятида яккабош ижрочи органнинг вазифаларини бажаришига тақиқ қонун билан белгиланмаган, бироқ баъзи чекловлар назарда тутилган. Хусусан, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон) 86-моддасининг ўн биринчи қисмида белгиланишича, жамиятнинг яккабош ижрочи органи вазифаларини амалга оширувчи шахс (директор) томонидан бошқа ташкилотларнинг бошқарув органларида ҳам лавозимларни эгаллашга фақат кузатув кенгашининг розилиги билан йўл қўйилади. «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунда (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) бундай кўрсатма йўқ. Жамиятнинг яккабош ижрочи органи (директор) ишончнома олмасдан жамият номидан иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ҳимоя қилади ва жамият номидан битимлар тузади.

Шу тариқа, шартномани биргина шахс имзолайдиган вазият истисно этилмайди. Бироқ МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 43-моддасидан келиб чиқишича, жамиятнинг яккабош ижрочи органи вазифаларини амалга оширадиган шахс битим тарафи ҳисобланса ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ифодаласа; битим тарафи ҳисобланувчи ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик шахс акцияларининг (пайлари, улушларининг) 20 ва ундан ортиқ фоизига эга бўлса; битим тарафи ҳисобланувчи ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик шахснинг бошқарув органларида лавозим эгаллаб турган бўлса, жамият томонидан битим тузилишидан манфаатдор шахс деб эътироф этилади. Айни шу сабабли биргина директорга эга бўлган жамиятлар ўртасидаги шартнома ушбу жамиятлар учун манфаатли битим деб эътироф этилади. Кейинчалик бундай битимларнинг ҳақиқийлигини таъминлаш учун МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 43-моддасида қайд этилган уларни тузиш тартибига нисбатан алоҳида талабларга риоя этиш лозим. Акс ҳолда шартнома қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Худди шундай ­меъёрлар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 91, 93-моддаларида ҳам назарда тутилган. Битимдан манфаатдорлик тўғрисида қарор қабул қилиш ва уни акциядорлик жамиятида маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилиш хусусиятлари масъулияти чекланган жамиятлар учун амал қиладиган қоидалардан фарқланади, бунга уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидаги фарқ сабабчи.

Бунда шуни таъкидлаш лозимки, бир вақтнинг ўзида жамиятнинг яккабош ижрочи органи вазифаларини амалга оширадиган бир иштирокчидан иборат бўлган хўжалик жамиятига нисбатан манфаатдорлик билан боғлиқ битимлар тўғрисидаги қоидалар қўлланмайди.

Шу тариқа, шартномани иккита турли ташкилотдан биргина шахс имзолаши мумкин, бироқ бунда қонун ҳужжатларининг барча хусусиятлари ва талабларига риоя этилиши керак.

 

Эльмира СИРАЗИЕВА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1531 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика