Агар аёл турмуш ўртоғи билан ҳали ажрашмаган бўлса, бола учун алимент олишга судга ариза беришга ҳақлими?
М.Қудратхўжаева.
Фарғона водийси.
– Ҳа, ҳақли. Баъзи фуқароларимиз судга алимент ундириш тўғрисидаги аризани фақат ажралгандан кейин бериш мумкин деб ҳисоблаб, янглишадилар. Бу – тўғри эмас.
Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Бунда уларнинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади (Оила кодексининг 96, 97-моддалари).
Шу сабабли агар бола ота-онадан бири билан яшаса, ушбу ота (она), эр-хотин ўртасидаги никоҳ бекор қилинган ёки қилинмаганидан қатъи назар, болага бошқасидан алимент ундириш тўғрисида суд буйруғини бериш тўғрисида ариза ёки даъво аризаси беришга ҳақлидир. Бундан ташқари, ҳатто эр-хотин бирга яшаса ҳам, масалан, эр вояга етмаган болани таъминлашдан бўйин товласа, аёл судга болани таъминлашга алимент ундириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир.
Шунингдек алимент ундириш ҳуқуқига нафақат боланинг онаси, балки отаси ҳам ҳақли эканлигини таъкидлаб ўтамиз. Шу боис вояга етмаган бола уни таъминлайдиган отаси билан яшаса, боланинг онаси эса болани тарбиялаш ва таъминлашда иштирок этмаса, боланинг отаси ҳам боланинг онасидан «алимент олиш» учун судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.