Ходимга йил давомида унинг меҳнат таътили ҳисобига 1–2 кунга отгул бериш мумкинми?
Х.Қобулов,
МЧЖ раҳбари.
Хоразм вилоятининг Урганч тумани.
– Йўқ, мумкин эмас. Гап шундаки, Меҳнат кодексида (МК) «отгул» сўзи фақат 157-моддада учрайди, унга кўра байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.
Шу муносабат билан таътил ҳисобига отгул олиш мумкин эмас, бундай формулировка меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари меъёрларига мувофиқ келмайди.
Ходим у ёки бу ҳолатлар туфайли ишга кела олмаса, вазиятдан қандай қилиб чиқиш мумкин?
Икки хил вариант мавжуд:
биринчиси – қисмларга бўлинган таътилга чиқиш. Гап шундаки, қонун ҳужжатларига мувофиқ, ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади. Бунда таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим (МКнинг 146-моддаси);
иккинчиси – агар ходим мазкур иш йили учун таътилдан фойдаланган бўлса, иш берувчининг розилигига кўра у иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқиши мумкин.
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.