АСОСЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг (бундан кейин – ННТ) Жамоат фонди (бундан кейин – Фонд) сингари ташкилий-ҳуқуқий шаклларини тугатиш масалалари қонун билан тартибга солиш бобида энг кўп тарқалган ва айни вақтда мураккаб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилоти жамоат фонди деб эътироф этилади. Фонд миллий қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ва Фонднинг уставида назарда тутилган мақсадларига мувофиқ келадиган бир ёки бир неча фаолият турини амалга ошириши мумкин.
Жамоат фондларини тугатиш тартиби Фуқаролик кодекси (ФК), «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун (14.04.1999 йилдаги 763-I-сон, бундан кейин – 763-I-сон Қонун) ва «Жамоат фондлари тўғрисида»ги Қонун (29.08.2003 йилдаги 527-II-сон, бундан кейин – 527-II-сон Қонун) билан тартибга солинади.
Фондларни тугатиш асосларининг рўйхати 527-II-сон Қонун 37-моддасининг иккинчи қисмида келтирилган, унда белгиланишича, Фонд қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:
Фонд ташкил этилишидан кўзланган мақсадга эришилганлиги муносабати билан;
фаолият муддати тугаганлиги муносабати билан;
агар Фонднинг мол-мулки фонд ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш ва вазифаларни амалга ошириш учун етарли бўлмаса, зарур мол-мулкни олиш эса эҳтимолдан йироқ бўлса;
агар Фонд ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш мумкин бўлмаса, мазкур мақсадларни эса зарур тарзда ўзгартириб бўлмаса;
Фонд ўз уставида белгиланган мақсад ва вазифалардан четга чиққан бўлса;
қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
527-II-сон Қонун 37-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ фондларни тугатиш, унинг асосидан қатъи назар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Бироқ ҳозирги пайтда ушбу таомилни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас. Аммо, фаолиятнинг қолган барча тармоқларида бўлганидек, шаклланган ҳуқуқни қўллаш амалиёти мавжуд, биз айни у ҳақда изчил баён этишга ҳаракат қиламиз. Мазкур мақолада биз Қонуннинг 37-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган биринчи асосни, яъни амалиётда энг кўп учрайдиган ҳодиса сифатида Фонд ўзининг устав мақсадларига эришганда уни тугатиш тартибини кўриб чиқамиз.
527-II-сон Қонун 37-моддасининг биринчи қисмига кўра Фондни тугатиш фақат манфаатдор шахсларнинг аризасига асосан суднинг қарорига биноан амалга оширилади, улар Фондни тугатиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қила оладилар. Бунда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бирортасида бундай шахсларнинг рўйхати белгиланмаган. Одатда Фондни тугатишдан манфаатдор шахслар Фонднинг муассислари ёки васийлик кенгаши ҳисобланади. Кўпинча айни бундай кенгаш тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Васийлик кенгашининг асосий ваколатларидан бири – Фонднинг фаолияти ҳамда унинг қонун ҳужжатлари ва уставга, васийлик кенгашининг қарорларига мувофиқлиги устидан назорат қилиш. Ушбу функциядан келиб чиқилса, айни васийлик кенгаши олий бошқарув органи сифатида судга тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат этишга ваколатли эканлиги равшан бўлади. Тўғри, қонунга мувофиқ бошқа манфаатдор шахслар ҳам бундай ҳуқуққа эгалар, улар фуқаролардан бошлаб давлат органларига қадар жуда кенг тоифадан иборат бўлишлари мумкин. Бироқ устав мақсадлари ва вазифаларининг бажарилиши ва (ёки) уларга эришилиши тўғрисидаги реал ва тўлиқ ахборотга фақат Фонд органлари (биринчи навбатда васийлик кенгаши) ёки унинг муассислари, уларга устав билан берилиши мумкин бўлган ваколатларга боғлиқ ҳолда, эга бўлишлари мумкин.
НАМУНАЛИ ҲАРАКАТ ДАСТУРИ
Биринчи босқичда муассислар умумий йиғилиши ёки васийлик кенгашининг мажлисида устав мақсадлари ва вазифаларига эришилганлиги муносабати билан Фондни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Йиғилишнинг баённома қарори билан масалаларнинг қуйидаги намунавий рўйхати белгиланади:
1. Тугатиш тўғрисидаги даъво аризасини судга бериш.
2. Тугатиш комиссияси таркибини белгилаш ёки тугатувчини тайинлаш (Фонд уставида қандай орган назарда тутилганлигига боғлиқ ҳолда). Тугатиш комиссияси – амалиётда энг кўп учрайдиган, тугатишни амалга оширувчи орган. Тугатиш комиссияси таркибига молия-хўжалик фаолияти тўғрисида тўлиқ ахборотга эга бўлган ва биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи соҳиби бўлган (бу банк карточкалари учун имзоларнинг янги намуналарини тасдиқлашда вақтни тежаши мумкин) шахс сифатида Фонд бошқаруви раисини, шунингдек Фонднинг таркиби, унинг активлари ва бошқалар тўғрисида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахсларни киритиш мақсадга мувофиқдир. Улар васийлик кенгаши, тафтиш комиссияси ёки Фонд бошқаруви аъзолари, бош бухгалтер, хўжалик мудири ва бошқа шахслар бўлиши мумкин.
3. Оммавий ахборот воситаларида тугатиш тўғрисида эълон бериш тартибини белгилаш.
4. Давлат бюджетини ва бошқа кредиторлар олдидаги кредиторлик қарзини сўндириш тартибини белгилаш.
5. Амалдаги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда Фонд ходимлари билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш тартибини тасдиқлаш. Шуни ҳисобга олиш лозимки, мазкур ҳолда Фонднинг барча ходимлари билан меҳнат шартномалари иш берувчининг ташаббусига кўра Меҳнат кодекси (МК) 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига мувофиқ бекор қилиниши керак. Фонд ходимларига тегишли бўлган барча тўловларни, шу жумладан МКнинг 154-моддасига мувофиқ ҳақиқатда ишланган вақт учун иш ҳақи, МКнинг 151-моддаси биринчи қисмига мувофиқ фойдаланилмаган таътиллар учун компенсацияни, МКнинг 67-моддаси биринчи қисмига мувофиқ бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси, шунингдек ходимлар билан келишган ҳолда МКнинг 102-моддасида назарда тутилган тартибда ташкилот тугатилиши тўғрисида огоҳлантириш муддати ўрнига мутаносиб пулли компенсация тўлашни амалга ошириш зарур.
6. Дебиторлик қарзини ундириш тартибини белгилаш. Мазкур ҳолда контрагентлар билан барча жорий хўжалик ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни бекор қилиб, шартномалар бекор қилинишининг кўрсатилган санасида ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар (бажарилган иш)га ҳақ тўлаш лозим.
7. Кредиторларнинг барча талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулкни, шу жумладан кўчмас мулкни топшириш. Шуни таъкидлаш лозимки, 527-II-сон Қонуннинг 37-моддаси учинчи қисмига кўра, Фонднинг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки Фонднинг муассислари, шунингдек Фонднинг васийлик кенгаши, бошқаруви, тафтиш комиссияси аъзолари ёки Фонд ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва ундан Фонд уставида назарда тутилган тартибда, Фондни ташкил этишдан кўзланган мақсадларда ва (ёки) хайрия мақсадларида фойдаланилади. Кўпгина ҳолларда Фондларнинг тугатишдан кейин қолган барча мол-мулки ўхшаш устав мақсадлари ва вазифаларига эга бўлган бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ёки хайрия муассасаларига топширилади.
8. Тугатиш баланси, Фонд муҳрини топшириш ва барча банк ҳисобрақамларини ёпиш.
Қарор қабул қилинганидан кейин Фонд ваколат берган шахс даъво аризаси билан Фонд рўйхатдан ўтказилган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ёки шаҳар судига мурожаат қилади ҳамда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи ва назорат қилувчи орган сифатида тегишли адлия органларига хабар қилади. Хабарнома фонд рўйхатдан ўтказилган жойдаги адлия органларининг тегишли ҳудудий бўлинмасига топширилади (Фонд республика мақомига эга бўлган тақдирда Адлия вазирлиги хабардор қилинади).
СУДГА МУРОЖААТ БОБИДА
Жуда кўп ҳолларда Фондлар даъво аризаларини хато равишда хўжалик судларига топшириб, Фондни тугатиш таомилини банкротлик таомилига тенглаштирадилар. Бу нотўғри. Хўжалик суди ишларни Ўзбекистон ташкилотлари ва фуқаролари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи бошқа шахслар иштирокида, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўриб чиқади (Хўжалик процессуал кодексининг (ХПК) 23-моддаси). Фонд нотижорат ташкилоти бўлиб, фойда олиш мақсадини ўз олдига қўймайди. Тўғри, Фонд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга, бироқ бу ҳолда бундан олинган барча даромадлар устав мақсадлари ва вазифаларини бажаришга йўналтирилади. Уни тугатиш чоғида иқтисодий тусдаги мулкий низо мавжуд бўлмайди, тегишинча, бундай тусдаги ишларни хўжалик судида кўриб бўлмайди. Фуқаролик суди эса умумий юрисдикциядаги суд ҳисобланиб, бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқишга ҳақлидир.
Даъво аризаси билан бирга судга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган муассислар ёки васийлик кенгаши мажлиси баённомасининг асл нусхаси;
устав нусхаси;
адлия органларида рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси нусхаси;
рамзларни рўйхатдан ўтказганлик гувоҳномаси нусхаси;
давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитанция;
тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги тўғрисида адлия органларига юборилган хабарнома нусхаси.
Ариза кўриб чиқилганидан ва жамоат Фонди ўзининг мақсад ва вазифаларига эришганлиги далили эътироф этилганидан кейин суднинг ҳал қилув қарори билан у тугатиладиган деб топилади, уни амалга ошириш керак бўлган муддат белгиланади. Бироқ амалиётда Фонд мақсадига эришган деб ҳисобланишини белгилаш мушкул бўлади, чунки баъзи мақсадлар доимий тусда бўлиб, мантиқий якунланмаслиги мумкин (масалан, болалар спортини ривожлантириш ёки кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш). Кўпчилик ҳолларда суд органлари устав мақсадлари ва вазифаларига эришилиши муносабати билан тугатиш тўғрисида қарор чиқараётганда, агар Фонд томонидан уставига тегишли бўлган лоақал битта тадбир ўтказилган бўлса, мақсадга эришилган деб ҳисоблайдилар. Шуни билиш лозимки, суд васийлик кенгаши (муассислар) баённомасида келтирилган масалаларни тасдиқлаши, уларни ўзгартириши ёки чиқариб ташлаши, баъзи ҳолларда эса устав мақсадлари ва вазифалари бажарилганлиги далиллари бўлмаса ҳатто тугатишдан бош тортиши мумкин. Қонун Фонд ва тугатишдан манфаатдор шахсларни бирор-бир исбот-далилларни тақдим этишда чекламайди. Ҳар йили ОАВда чоп этиладиган ва адлия органларига тақдим этиладиган Фонд фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар ҳамда бошқа далиллар (масалан, Интернет-ресурслар маълумотлари, тегишли маҳаллий ҳокимият органларининг ўтказиладиган оммавий тадбирлар тўғрисидаги рухсатномалари, гувоҳлик кўрсатувлари ва бошқалар) ана шундай исбот-далиллар бўла олади.
Бундан ташқари, васийлик кенгаши (муассислар) баённомасида тугатиш тўғрисидаги қарор суд мажлиси жараёнида ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига кўра қабул қилиниши кўрсатиладиган вазият бўлиши мумкин. Чунончи, васийлик кенгаши Фонд бошқарувига судга тегишли ҳужжатлар юбориш ҳамда тугатиш жараёнининг барча процессуал ва ташкилий томонларини суд мажлиси доирасида ҳал қилишни топшириши мумкин. Шунингдек васийлик кенгашининг баённомаси ва суднинг ҳал қилув қарори билан фақат тугатиш далили ва тугатиш комиссиясининг таркиби тасдиқланадиган вазият ҳам бўлиши мумкин. Мазкур ҳолда юқорида кўрсатилган барча масалаларни бевосита тугатиш комиссияси ҳал қилиб, бунда тегишли баённома қарорларини қабул қилади (ёки уставда яккабош тугатиш органи назарда тутилган тақдирда, тугатувчининг буйруқлари, кўрсатмалари ва қарорларига асосланади).
Алексей НИЯЗМЕТОВ,
Тимур МЎМИНОВ,
эксперт-юристларимиз.
Давоми бор.