Биз ёш ходимни ишга олиб, унга синов муддати белгиламоқчимиз. Унга ушбу даврда штат жадвалида кўрсатилганидан камроқ ҳақ тўлашимиз мумкинми? Унга меҳнат дафтарчаси очиш шартми?
Тамара Б.,
ИЧБ кадрлар бўлимининг инспектори.
Жиззах вилояти.
– Ишга дастлабки синов шарти билан қабул қилинган ходимларга меҳнатнинг таҳқирловчи шартларини белгилаш, масалан, уларга иш ҳақи тўламаслик ёки пасайтирилган меҳнат ҳақи белгилаш, иш вақтини узайтириш, зарур асбоб-ускуна ёки ҳимоя воситаларини бермаслик мумкин эмас. Зеро, Меҳнат кодексининг (МК) 86-моддасига кўра, дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди (МКнинг 84-моддаси).
МКнинг 81-моддасига кўра меҳнат дафтарчаси ходимларнинг мулкчилик шакли ва хўжалик фаолиятидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардаги меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир ва 5 кундан ортиқ ишлаган (шу жумладан дастлабки синов шартларида қабул қилинган) барча ходимларга юритилади.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.