Ишга қабул қилиш пайтида ходимда белгиланган намунадаги меҳнат дафтарчаси йўқлиги маълум бўлди. Аввалги иш тўғрисидаги барча ёзувлар «Колхозчининг меҳнат дафтарчасига қўшимча варақ»қа қайд этилган. Биз ходимнинг ушбу «дафтарча»сини Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг IV бўлимига асосан янги дафтарчага алмаштириб, буни мазкур Йўриқноманинг 4.4 ва 4.5-бандларида кўрсатилган тартибга мувофиқ меҳнат дафтарчасини йўқотиш ёки яроқсиз ҳолга келишига тенглаштиришга ҳақлимизми?
– Меҳнат дафтарчаси бўлмаганда қўшимча варақ ҳақиқий эмаслиги сабабли (Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.23-банди) иш берувчи унга ёзувлар киритишга ҳақли эмас. Шу сабабли кўрилаётган вазиятда меҳнат дафтарчасининг йўқлиги тўғрисида сўз юритиш мумкин.
Йўриқноманинг 4.1 ва 4.2-бандларига кўра меҳнат дафтарчаси йўқотиб қўйилган тақдирда, шунингдек, фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган (йиртилган, ёнган, ёзувлари бўялган) ҳолларда меҳнат дафтарчасининг дубликати ходимнинг охирги иш жойидан берилади. Меҳнат дафтарчасини йўқотган шахс бу тўғрида зудлик билан охирги иш жойига ёзма хабар бериши лозим. Хабарномадан сўнг 15 кундан кечиктирмасдан иш берувчи ходимга биринчи бети юқори қисмининг ўнг томонига «Дубликат» деб ёзилган ҳолда янги меҳнат дафтарчасини беради.
Бироқ сиз аввалги иши тўғрисидаги барча ёзувлар «Колхозчининг меҳнат дафтарчасига қўшимча варақ»қа қайд этилган деб ёзгансиз. Бинобарин, аввалги иш берувчилар томонидан расмийлаштирилмаганлиги сабабли йўқлиги муносабати билан ходимнинг меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш тўғрисидаги аризасига асосан сизга 5 кундан зиёд ишлаган ходимга «Дубликат» деб ёзилган меҳнат дафтарчасини бериб, уни умумий қоидалар бўйича тўлдиришни тавсия қиламиз. Бунда ходимнинг аризасида меҳнат дафтарчасининг йўқлиги сабаби кўрсатилиши керак.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.