Ходим меҳнат шартномаси бўйича икки смена узлуксиз, яъни 24 соат ишлайди. Агар иш сменаси байрам кунига тўғри келса, унинг учун қандай иш ҳақи ҳисоблаб ёзилади?
Элина,
«FIDES» адвокатлик фирмаси.
Тошкент шаҳри.
– Аввало шуни қайд этиб ўтамизки, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, ходимни 2 смена мобайнида кетма-кет ишга жалб этиш тақиқланади.
Ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас (Меҳнат кодексининг (МК) 128-моддаси).
МКнинг 132-моддасига мувофиқ байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлаш ман этилади. Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.
Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабиларга) кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлашга йўл қўйилади.
МКнинг 157-моддасига кўра байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.
Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.
Яъни, масалан, ходим 8 Мартда ишласа, унга ушбу кун учун икки ҳиссадан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши керак ёки унинг хоҳишига кўра ходимга отгул берилади ва камида бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.