Norma.uz

Ўйлаб кҳришга ярим йил

Турмуш ўртоғим билан ажрашмоқчиман, бироқ ҳозир фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳаммаси ярашиш учун албатта 6 ойгача муддат беришларини эшитдим. Ана шу муддатсиз ажрашсак бўладими, зеро шусиз ҳам 3 йилдан бери у билан бирга яшамайман? Икковимизнинг вояга етмаган боламиз мен билан бирга яшаши юзасидан ҳам, мулкий низолар ҳам йўқ.

Т.Васильева,

«Матонат» маҳалласи фуқароси.

Юнусобод тумани.

 

– Суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланганда (болаларнинг борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги ўзаро муносабатларнинг хусусияти ва бошқалар), суд иккала тараф ёки улардан бирининг илтимоси ёхуд ўзининг ташаббусига кўра иш кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун 6 ой доирасида муддат беришга ҳақлидир.

Олий суд Пленумининг «Cудлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги Қарорида (20.07.2011 йилдаги 6-сон) кўр­сатилишича, Оила кодекси 218-моддасининг талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муддат 3 ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади.

Суд эр ва хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, ярашиш учун берилган муддатни бунга жиддий асослар мавжуд бўлган ҳолларда қисқартиришга ва ишни бу муддат тугагунга қадар кўришга ҳақли. Ярашиш учун берилган муддатни қисқартириш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафларни хабардор қилган ҳолда ва ажрим чиқариш йўли билан ҳал этилади.

Ишнинг кўрилишини кейинга қолдириш тўғрисидаги ажрим алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарилади ва бундай ажрим келгусида ишнинг ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги сабабли, унинг устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин эмас.

Агар суд томонидан тайинланган муддат мобайнида эр-хотин ярашса, никоҳни бекор қилиш бўйича иш юритиш бекор қилинади.

Агар суд белгилаган муддат мобайнида эр-хотин ярашмаса, суд ишни кўриб чиқади ва тегишли ҳал қилув қарорини чиқаради.

Амалиётдан мисол.

Фуқаро Н. судга никоҳни бекор қилиш даъвоси билан мурожаат қилди. Даъво аризасида у жавобгар билан никоҳ тузганлиги ва биргаликда вояга етмаган боласи борлигини кўрсатди. Жавобгар билан оилавий ҳаёти маромида кечмаганлиги боис никоҳ муносабатлари амалда 6 йилдан аввал тугаган. Жавобгарникидан кетишига сабаб сифатида эри уни баъзан урганлиги, шунингдек биргаликда хўжалик юритиш ва оила маблағларини сарфлаш хусусида жанжаллар бўлганлигини кўрсатган. Ҳозирги вақтда унинг турмуш ўртоғи бошқа хотин билан никоҳсиз яшамоқда, улар болали ҳам бўлишди. Даъвогарнинг ўзи ҳам бошқа эркак билан оила қурмоқчи. Жавобгар даъвони қўллаб-қувватлади.

Суд иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, эр-хотинни яраштириш ва оилани сақлаб қолиш мумкин деб ҳисоблади ҳамда иш муҳокамасини кейинга қолдириб, тарафларга ярашиш учун 3 ой муддат белгилади. 3 ойдан кейин тарафлар судга келишди, ярашмаганликларини айтишди ва суд никоҳни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

Адвокатнинг фикри:

Шуни ҳисобга олиш лозимки, эр-хотинни яраштириш учун муддат берилиши муносабати билан иш муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилиш суднинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Бироқ амалиётда никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича судлар деярли ҳар доим эр-хотинга ярашиш учун 3 ойдан 6 ойгача муддат беришади ёки баъзан дарҳол даъводан бош тортишади.

Иш муҳокамасини кейинга қолдириш ва эр-хотинга ярашиш учун муддат бериш реал асосга эгадир. Агар амалда оилани сақлаб қолишнинг имкони бўлмаса ва эр-хотиннинг манфаатларига мувофиқ келмаса, ярашиш учун муддат тайинлаш маънога эга бўлмайди.

 

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

Прочитано: 2187 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика