Бизнинг умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхонамиз товарларни таннархидан паст нархда реализация қилди. Солиқ кодекси 145-моддасининг 21-бандида қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган ҳамда солиқ тўловчининг харажатларига киритиладиган, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бошқа харажатлар таркибига киритилиши кўрсатилган. Шундан келиб чиқиб, товарларни таннархидан паст нархда реализация қилганда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини қайд этилган бошқа харажатларга киритишимиз тўғрими?
Очилбой Каттабоев,
МЧЖ бош бухгалтери.
Қашқадарё вилояти.
– Солиқ кодекси 199-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти деб эътироф этилади.
Товарларни (ишларни, хизматларни) таннархидан паст нарх бўйича реализация қилиш ҳам қўшилган қиймат солиғи солинадиган оборотлар ҳисобланади. Товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан ёки улар олинган нархидан (товарни олиш билан боғлиқ харажатлар ҳисобга олинган ҳолда) паст нархларда реализация қилинган тақдирда, шунингдек улар бепул берилганда солиқ солиш мақсадлари учун ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база товарларнинг таннархидан ёки товарлар олинган нархдан (товарни олиш билан боғлиқ харажатлар ҳисобга олинган ҳолда) келиб чиқиб белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).
Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси реализация қилинадиган ёки бепул берилган товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан паст нарх бўйича реализация қилинганда улар таннархидан ҳисоблаб ёзилган ҚҚС суммаси билан реализация қийматидан ҳисобланган ҚҚС суммаси ўртасида фарқ юзага келади. Шу тариқа мазкур фарқ солиқ тўловчи корхонанинг (харидорнинг эмас) маблағлари ҳисобига тўланади ва Солиқ кодексининг 145-моддаси 21-банди бўйича бошқа чегириладиган харажатларга киради.
Жавоб «Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳатчилари
ташкилоти томонидан
тайёрланди.