Жамиятимиз тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ишлаб чиқариш фаолиятимиз бўйича 5 фоизлик ягона солиқ тўловини тўлаймиз. Жамиятимизда 30 дан ортиқ ишчи-ходим ишлайди. Жамият ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб, ходимларга иссиқ овқат тайёрлаб берамиз. Лекин бу харажатларни ишчи-ходимлар иш ҳақи ҳисобига киритмаймиз, балки жамиятнинг харажатига ҳисобдан чиқариб, унинг қийматидан 5 фоизлик ставкада ягона солиқ тўловини тўлаб келмоқдамиз.
Бу ҳисоб-китобимиз тўғрими?
Иссиқ овқат учун қилинган харажат қийматидан даромад солиғи, Пенсия жамғармасига бадал ҳамда ягона ижтимоий тўлов ҳисоблашимиз керакми-йўқми?
С.Абдуқодиров, бош бухгалтер.
– Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-бандига кўра озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки уларнинг қийматини қоплаш компенсация тўловлари (компенсация) ҳисобланади ва белгиланган тартибда жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқ объекти бўлади.
Солиқ кодексининг 306-моддасига асосан компенсация тўловлари иш ҳақи тарзидаги даромадлар сифатида ягона ижтимоий тўловнинг ва суғурта бадалларининг солиқ солиш объекти ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 147-моддасига кўра эса фақатгина жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган солиқ тўловчининг харажатлари корхонанинг чегирилмайдиган харажатларидир. Ўз навбатида, компенсация тўловлари учун қилинган харажатлар корхонанинг фойдасини аниқлашда чегириб борилади.
Товарларни таннархидан ёки олиш баҳосидан паст баҳоларда реализация қилувчи, шунингдек уларни текинга берувчи юридик шахслар учун товарлар таннархи ёки уларни олиш баҳоси солиқ солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Жамият талабини қондиришга қаратилган, даромад олиш мақсадида сотиш учун мўлжалланган меҳнат маҳсули товардир.
Корхонанинг ходимларга бепул овқат тайёрлаб бериши товар ҳисобланмайди, чунки бухгалтерия ҳисобида ҳам ушбу мақсад учун харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисоби қайта сотиш мақсадида «Товарлар» счётида эмас, балки ходимларга компенсация кўринишида бериш мақсадида «Материаллар» счётида юритилади. Ўз навбатида бу харажатлар ЯСТ тўлаш учун солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Жавоб «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан тайёрланди.