Бугунги кунда мамлакатимизда чет эл инвестицияси иштирокидаги қўшма корхоналар бисёр. Солиқ маслаҳатчиси сифатида бундай хўжалик юритувчи субъектларнинг иши билан танишганимизда кўпинча уларда солиқ солиш, дивидендлар тўлаш сингари масалаларда саволлар туғилаётганига гувоҳ бўламиз. Масалан, бир қўшма корхона ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг асосий қисмини экспорт қилади ва, табиийки, у чет эл валютасида ўз маблағларига эга бўлади. Корхона 2013 йил якуни бўйича олган фойдасидан дивиденд ҳисоблаб, хорижий таъсисчиларнинг дивидендини ўз ҳисобрақамидан чет эл валютасида тўлаб бермоқчи бўлган.
Ана шу вазиятда сўмда ҳисобланган дивидендни валютага айлантиришда валюта курсини қайси санадаги курс бўйича ҳисоблаш зарурлиги бўйича корхонада савол туғилмоқда. Маълум бўлишича, бу масалада чет эллик таъсисчи билан корхона бухгалтерияси ўртасида ҳар хил қарашлар юзага келаётган экан. Хусусан, чет эллик таъсисчи сўмдаги дивидендни валютага айлантиришда Марказий банкнинг 2014 йил 1 январь ҳолатидаги курсини асос қилиш керак деган фикрни илгари сурган. Корхона раҳбариятида эса бу масалада икки хил қараш мавжуд: биринчи вариантда сўмдаги дивидендни валютага айлантиришда дивидендлар эълон қилинган сана, яъни таъсисчилар умумий йиғилишининг баённомаси расмийлаштирилиб, корхонага мазкур дивидендларни валютада тўлаб бериш мажбурияти юклатилган сана асос қилинадиган бўлса, иккинчи вариантда тўлов амалга ошириладиган санадаги курс бўйича ҳисобланиши керак.
Шу маънода қўшма корхона раҳбарияти олдида сўмда эълон қилинган дивидендларни чет эллик таъсисчига валютада тўлаб беришда Марказий банкнинг қайси санадаги курси ҳисобга олиниши лозимлиги масаласи кўндаланг турмоқда.
Бу масалага ёндашишда Бухгалтерия ҳисоботида, статистика ва бошқа ҳисоботларда чет эл валютасидаги операцияларни акс эттириш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – Низом) ва 22-сон Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби» нинг (кейинги ўринларда – 22-сон БҲМС) қоидаларидан келиб чиқилади. Хусусан, Низомнинг 2-параграфи 6-бандида ҳамда 22-сон БҲМСнинг 10-бандида бухгалтерия ҳисобида чет эл валютасидаги операциялар улар амалга оширилган кундаги Марказий банк курси бўйича сўмдаги эквивалентда акс эттирилиши белгиланган.
Чет эллик таъсисчини ҳам тушуниш мумкин. У корхонанинг ҳисоботида акс эттирилган маълумотлардан унинг 1.01.2014 йил ҳолатига ҳақиқатда эришган фойдасини кўрган. Шундан келиб чиқиб, чет эллик таъсисчи ўзининг эришган фойдасини 1.01.2014 йил ҳолатидаги Марказий банкнинг валюта курси бўйича ҳисоблаб чиққан. Лекин бу сўмнинг курс бўйича валютадаги эквиваленти холос. Аммо чет эллик таъсисчи олиши лозим бўлган дивиденд валютада эмас, сўмда акс эттирилганлиги сабабли ушбу дивиденднинг валютадаги ҳисобини фақатгина тўлов амалга оширилаётган пайтдагина ҳисоблаш мумкин. Чунки дивидендлар бўйича тўланадиган дивиденд солиғи ҳам тўлов манбаида улар тўлаб берилаётган пайтда амалга оширилади. Йил бошидаги валюта курси бўйича ҳисобланган дивиденднинг тўлов амалга оширилаётган пайтдаги сўмдаги эквиваленти ҳақиқатда сўмда ҳисобланган дивиденд суммасидан ошиб кетиши мумкин. Ушбу ҳолда солиқлар ҳам нотўғри тўланган бўлиб чиқади.
Корхона бухгалтерияси томонидан кўрилаётган биринчи вариантга, яъни таъсисчилар умумий йиғилишининг баённомаси расмийлаштирилиб, корхонага мазкур дивидендларни валютада тўлаб бериш мажбурияти юклатилган санага тўхталиб ўтсак. Агар дивиденд баённома расмийлаштирилган куннинг ўзидаёқ ёки Марказий банк томонидан ўрнатилган курс ўзгаргунига қадар тўлаб берилса, бу вариант тўғри бўлиши мумкин. Лекин баённома расмийлаштирилган санадаги курс билан тўлов амалга оширилаётгандаги курсда фарқ юзага келса, бу вариантда ҳам юқоридаги ҳолатда кўрсатилгани каби хатолик юзага келади.
Тўғри, ушбу ҳолда курс ўзгаришидан юзага келадиган фойда ёки зарарни корхона ўзида курс ўзгаришининг ижобий ёки салбий фарқи қилиб акс эттириб, ўзининг кейинги давр учун фойдасини шакллантиришда шу тарзда ифода этиши мумкин. Ўз навбатида, 1.01.2014 йил ҳолатидаги курс билан тўлов амалга оширилаётган вақтдаги курс ўзгаришидан юзага келадиган зарар кейинги ҳисобот даврида нафақат чет эллик таъсисчининг, балки маҳаллий таъсисчининг ҳам зарарига айланиб кетади. Бу эса чет эллик таъсисчининг курсдаги фарқ ҳисобига кўпроқ дивиденд олишига олиб келади.
Бундан ташқари, Низомда ҳамда 22-сон БҲМСда чет эл валютасидаги операциялар амалга оширилган кундаги Марказий банк курси бўйича сўмдаги эквивалент акс эттирилиши белгиланганда, чет эл валютасидаги операцияларга қуйидагилар кириши алоҳида санаб ўтилган:
а) кассадаги, банкдаги депозит ва ссуда ҳисоб счётларидаги валюта маблағлари, аккредитивлар, валютадаги ссуда қарзлари;
б) дебиторлик ва кредиторлик қарзлари, чет эл валютасидаги кредитлар ва заёмлар;
в) тузилган шартномалар бўйича импорт қилинган товар-моддий бойликлари ва бошқа активлар божхона юк декларацияси расмийлаштирилган кундаги;
г) божхона тўловларини чет эл валютасида амалга ошириш;
д) чет эл валютасида кўрсатилган пуллик ҳужжатлар;
е) чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар.
Шунингдек, Низомнинг 18-бандида ва 22-сон БҲМСнинг 15-бандида валюта курс фарқларини аниқлаш ва қайта баҳолаш мақсадида, баланснинг валюта моддасига қуйидагилар ҳам киритилган:
● чет эл валютасида акс эттирилган қисқа муддатли ва узоқ муддатли қимматли қоғозлар;
● чет эл валютасида кўрсатилган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари, кредитлар ва заёмлар.
Юқоридагилардан кўриш мумкинки, чет эл валютасидаги операцияларда ҳам, валюта курси фарқларини аниқлаш ва қайта баҳолаш мақсадида, баланснинг валюта моддасида ҳам дивидендлар масаласи, тўғрироғи дивидендларнинг валютада берилиши масаласи назарда тутилмаган.
Шунинг учун қўшма корхона ҳисобот йилида олган фойдасини хорижий таъсисчиларга тақсимлаганда, маҳаллий таъсисчиларга зарар етказмаслик мақсадида ҳам уларга тегишли дивидендларни бухгалтерия ҳисоботларида сўмда акс эттиради, шунингдек хорижий таъсисчиларнинг оладиган дивидендлари Марказий банкнинг тўлов амалга оширилган кундаги валюта курси бўйича чет эл валютасида амалга оширилади.
Амалиётда учраётган муаммони «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти
солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ ҳал этди.