Биз барча солиқ тўловларини, шу жумладан мол-мулк, ер солиқларини тўлаб келамиз. Лекин бозор маъмурияти бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳам тўлашимизни талаб қилмоқда. Уни нима асосда тўлашимиз кераклигини сўрасак, бизга ушбу тўловни тўлаш назарда тутилган шартномани тақдим қилишмоқда. Шартномада тўлов ниманинг эвазига амалга оширилиши (яъни қандай хизмат тури кўрсатилиши ёки нималар ижарага берилиши) кўрсатилмаган. Унда фақат бир томонлама – айни биз томонимиздан ҳар ойда пул тўлаб боришимиз белгиланган, холос.
Бундай шартномани имзолашни хоҳламасак ҳам, бу тўловни мажбуран тўлашимизни талаб қилишмоқда. Шартнома имзоланмаса ҳам у бўйича мажбурият юзага келаверадими?
Таҳририятимизга бозорларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан шу каби кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Бу мурожаатларда кўтарилган масала юзасидан эксперт таҳлилини ўтказишни лозим топдик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.04.2010 йилдаги «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1326-сон қарорининг (кейинги ўринларда – ПҚ-1326-сон қарор) 4-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий молия ва солиқ органлари билан келишилган ҳолда бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳар йили белгиланадиган минимал миқдорлардан паст бўлмаган миқдорда тасдиқлаши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 27.01.2011 йилда 2185-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 2185-сон Низом) тасдиқланган.
2185-сон Низомнинг 1-бандига кўра Низом талаблари бозорлар ҳудудида савдо фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади. Низомнинг 2-бандига кўра бир марталик йиғимлардан даромадлар, ижара тўловларидан даромадлар, сотувчилар ва харидорларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар ҳамда бозор маъмурияти (ёки унинг савдо-харид корхоналари) томонидан амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги товарларини тайёрлаш, харид қилиш ва сотишдан (деҳқон бозорлари учун) олинган даромадлар, умуман қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар бозорлар даромадларининг манбалари ҳисобланади. 2185-сон Низомнинг 3-бандига асосан бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг минимал миқдорлари ҳар йили Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.
Масалан, Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорлари (кейинги ўринларда – Минимал миқдорлар) 2013 йил учун Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2013 йил 7 январдаги қарори билан (АВ томонидан 16.01.2013 йилда 2412-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2412-сон қарор), 2014 йил учун эса ушбу давлат органларининг 30.12.2013 йилдаги қарори билан (АВ томонидан 30.12.2013 йилда 2551-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2551-сон қарор) тасдиқланган.
2412-сон ва 2551-сон қарорлар билан тасдиқланган Минимал миқдорлар жадвали учта бўлимга ажратилган:
I бўлим – бир марталик йиғимларнинг минимал миқдорлари (мева, сабзавот, полиз, гўшт маҳсулотлари, қурилиш материаллари, автомашиналардан ва ҳ.к сотиш учун савдо ўрни тақдим этганлик учун);
II бўлим – инвентарларни (тош-тарозилар, савдо жиҳозлари, аравачалар ва ҳ.к.) ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар (маҳсулотларни сақлаш, меҳмонхона хизматидан фойдаланиш, радиоузел орқали эълон бериш ва ҳ.к.) учун ундириладиган тўловларнинг минимал миқдорлари;
III бўлим – бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги бино, иншоот ва бошқа мол-мулкдан ҳамда бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг минимал миқдорлари.
Минимал миқдорлар жадвалининг 2551-сон қарор таҳриридаги III бўлими мазмуни қуйидагича:
III. Бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги бино, иншоот ва бошқа мол-мулкдан ҳамда бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг минимал миқдорлари
Т/р
|
|
Ўлчов |
Тошкент шаҳри |
Вилоятлар марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар |
Туманлар |
1
|
Бозорлар ва савдо комплекслари балансидаги бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун ижара тўлови |
|
|
|
|
|
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиш
|
1 кв. метр учун |
28 400
|
13 700
|
6 800
|
|
Озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш
|
1 кв. метр учун
|
25 000
|
11 400
|
5 700
|
|
Умумий овқатланиш
|
1 кв. метр учун
|
28 400
|
13 700
|
6 800
|
|
Маиший хизмат кўрсатиш
|
1 кв. метр учун
|
10 300
|
5 100
|
3 400
|
|
Бошқа турлар (омбор, офис, дорихона, пайнет ва ҳ.к.)
|
1 кв. метр учун
|
11 400
|
5 700
|
3 400
|
2
|
Бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги бино, иншоот ва қурилмалар мулкдорларидан бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ундириладиган тўлов
|
1 кв. метр учун
|
4 800
|
4 000
|
2 800
|
Ушбу III бўлим номланишида ва тўлов турларида «ижара» атамаси ишлатилган. Маълумки, ижара муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг «Ижара тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади. Ушбу Қонуннинг 1-моддасига кўра, ижара шартнома асосида ерга, бошқа табиий ресурсларга, шунингдек хўжалик фаолиятини ва ўзга фаолиятни мустақил равишда амалга ошириш учун ижарачига зарур бўлган мол-мулкка ҳақ эвазига муддатли эгалик қилиш ва ундан фойдаланишдан иборатдир.
Шунингдек ушбу Қонуннинг 3-моддасида ижара муносабатларининг объектлари аниқ белгиланган. Улар қуйидагилардир:
– корхоналар, айрим ишлаб чиқаришлар, цехлар, фермалар, бошқа бўлинмалар, ташкилотлар;
– айрим бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари, инвентарлар, асбоблар, бошқа моддий бойликлар;
– ер (қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ерлар ижарага фақатгина қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун берилади) ва бошқа табиий ресурслар.
Демак, бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини тўлаш ва уни тўлашни талаб қилиш учун бозор инфратузилмасининг аниқ объектидан фойдаланиш юзасидан бозор маъмурияти ва ушбу аниқ инфратузилма объектидан фойдаланиш мақсадида бўлган субъект ўртасида белгиланган тартибда тузилган ижара шартномаси асос бўлиб ҳисобланади.
Минимал миқдорлар жадвали III бўлимининг 1-бандида бозорлар ва савдо комплекслари балансидаги бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун ижара тўловлари белгиланган. Табиийки, бино ва иншоотлар бозор балансида бўлса, улардан фойдаланиш ижара шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин, тегишинча, бунда тўловлар қонуний тусга эга бўлади. Аммо ушбу III бўлимнинг 2-бандида бозорлар ҳудудидаги бино, иншоот ва қурилмалар мулкдорлари назарда тутилган. Улар учун ижара тўлови объекти сифатида бино ва иншоотлар эмас, «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик» белгиланган.
Маълумки, бозорлар ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари коммунал хизматлар – иссиқлик энергияси, сув таъминоти, электр энергияси таъминоти, телефон хизмати ва бошқа инфратузилма соҳаси хизмати сифатида баҳоланиши мумкин бўлган хизматлар учун уларни тақдим этаётган тегишли ташкилотларга шартнома асосида белгиланган тўловларни тўлаб келадилар. Бундай ҳолда санаб ўтилган хизматлардан ташқари, «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик» деб номланган ижара объекти сифатида нима намоён бўлмоқда, деган саволга жавоб йўқ.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Минимал миқдорларнинг тасдиқланишига асос бўлган Президентнинг ПҚ-1326-сон қарорида ҳам, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган идоравий ҳужжат – 2185-сон қарорда ҳам «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ундириладиган тўлов» номли «янги» тўлов жорий этилиши белгиланмаган.
Тадбиркорларнинг фойдаланиши аниқ бўлмаган объект учун ижара шартномасини тузишни талаб қилиш ёки умуман тузилмаган ижара шартномаси учун бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини талаб қилиш бир субъектнинг Давлат бюджетига эмас, бошқа бир субъектга мажбурий тўлов тўлашини талаб қилишни англатади, бу эса қонун ҳужжатларига зиддир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш фақат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига кириши белгиланган. Ушбу конституциявий нормага мувофиқ мамлакатимизда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар турлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Сенат маъқуллаган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, бозор маъмурияти ва тадбиркорлар ўртасида бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови бўйича юзага келаётган баҳсли вазиятларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан 30.12.2013 йилда 2551-сон билан рўйхатдан ўтказилган Минимал миқдорлар тўғрисидаги идоравий меъёрий ҳужжатни уни қабул қилиш учун асос бўлган, ундан юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига мослаштириб, унга тегишли ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Мазкур масала «Soliq kalkulyatori»
солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан таҳлил этилди.
телефон,коммунал хизматлар ва таъмирлаш ишлари фирма хисобидан шартнома асосида амалга оширилади.Лекин Бозор маъмурияти томонидан тадбиркорлик фаолиятимизга тускинлик килиб яна курсатилмаган инфратузилма хизматини шартномасиз тулашни мажбурий деб иш фаолиятимизга тускинлик килаяпти.