Агар ходим 2 ой ҳеч қаерда ишламасдан яна ишга қайтиб келса, унинг даромадига солиқ умумий шкала бўйича ҳисобланадими ёки унга нисбатан максимал ставка қўлланиладими?
– Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш тартиби Солиқ кодексининг 186-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра жисмоний шахснинг йил мобайнида асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи ўзгарган тақдирда, у жорий йилда ўзига тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги маълумотномани янги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойидаги бухгалтерияга дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар тақдим этиши шарт, шунингдек илгариги иш (хизмат, ўқиш) жойидан маълумотнома тақдим этилмаган ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами тақдим этилмаган тақдирда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи белгиланган энг юқори ставка бўйича ушлаб қолинади.
Сизнинг ҳолатингизда ишдан бўшаган ходим 2 ой давомида ҳеч қаерда ишламасдан яна ишга қайтиб келса, унинг даромади умумий шкалага тушади ва даромадидан умумий шкала бўйича солиқ ҳисобланади.
Жавоб «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан тайёрланди.