Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 8 / Сизнинг мулкингиз

Сиздан менга ўтган мол-мулк қандай ҳисобга олинади?

Мол-мулкни олишга доир ҳар қандай битимнинг мақсади мулк ҳуқуқини ва уни тасарруф этиш имкониятини қўлга киритишдир. Раҳбар ҳам, бухгалтер ҳам ушбу ҳуқуқнинг қачон юзага келиши ёки, аксинча, унинг йўқотилишини билиши керак. Раҳбар олинаётган мол-мулкни тасарруф эта бошлаши (ёки тўхтатиши) учун, бухгалтер эса ушбу активни балансда акс эттириш ёки унинг балансдан чиқиб кетишини қайд этиш учун буни билиши керак, зеро мазкур операциядан олинадиган фойда ёки зарарни белгилаш ва, тегишинча, унга солиқ солиниши ана шунга боғлиқдир.

Баъзи шартномалар стандарт шаклда тузилган бўлиб, муаммо келтириб чиқармайди. Бошқалари бўйича эса мулк ҳуқуқи ўтишининг, тегишинча, ҳисобда акс эттирилишининг ўзига хос хусусиятлари юзага келади. Бундай хусусиятлар товар, кўчмас мулк, номоддий активлар, устав капитали олди-сотдиси чоғида намоён бўлиши мумкин. Товарлар бўйича ўзига хос хусусиятлар қуйидаги ҳолларда юзага келади, агар:

товар харидорнинг мулкига харидор омборида эмас, балки бошқа жойда, шу жумладан Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтишга қадар ўтса;

товарга доир мулк ҳуқуқи харидор унинг ҳақини тўлаши пайтигача етказиб берувчида сақланса.

 

 

МУЛК ҲУҚУҚИ ТУРЛИЧА ЮЗАГА КЕЛАДИ

 

Фуқаролик кодекси (бундан кейин – ФК) 185-моддасига кўра шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Ашёларни олувчига топшириш, шунингдек етказиб бериш мажбуриятини олмаган ҳолда бошқа шахсга берилган ашёларни олувчига жўнатиш учун транспорт ташкилотига ёки алоқа ташкилотига топшириш ашёларни топшириш ҳисобланади (ФКнинг 186-моддаси).

Ашё олувчининг ёки у кўрсатган шахс­нинг ихтиёрига амалда тушган пайтдан бошлаб олувчига топширилган ҳи­собланади. Ашёни тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги шартнома тузилаётган пайтгача у олувчининг ихтиёрига ўтиб бўлган бўлса, ашё унга шу пайтдан эътиборан топширилган ҳисобланади.

Коносаментни ёки ашёга тегишли бошқа тасарруф этувчи ҳужжатни топшириш ҳам ашёни топширишга тенглаштирилади.

Мазкур ҳолда «олувчининг ихтиёрига тушиш» муҳим сўзлар ҳисобланади, унинг вариантлари эса турлича бўлиши мумкин.

 

 

ЮКЛАБ ЖЎНАТИШ ТОПШИРИШ ДЕМАКДИР

 

Шартномада сотувчининг омборидан юклаб жўнатиш ёки олувчига жўнатиш учун транспорт ташкилотига (алоқа ташкилотига) ашёларни топшириш пайтидан бошлаб мулк ҳуқуқи ўтиши назарда тутилиши мумкин. Ушбу ҳолда олинаётган товар харидорнинг балансида юклаб жўнатиш пайтидан бошлаб акс эттирилади. Етказиб бериш муддати оз бўлганда бу катта аҳамиятга эга эмас. Мулк ҳуқуқининг ҳисобот даври охирида ўтиши ва ушбу операциянинг кейинги ҳисобот даврида балансда акс эттирилиши бундан истиснодир. ҚҚС тўловчиси бўлган, ҚҚСни ҳисобга киритиш ҳуқуқига эга корхонада товарни ҳисобда ўз вақтида акс эттирмаслик бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасининг бир ҳисобот даврида оширилишига ва бошқа ҳисобот даврида пасайтирилишига олиб келади.

Агар ташиш муддати анча катта бўл­са ёки товар импорт қилинса, товарни ўз вақтида ҳисобга олиш муҳим ҳисобланади. Ҳисобда ушбу операцияни акс эттириш учун 2970-«Йўлдаги товарлар» ҳисобварағини, шунингдек 1500-«Материалларни тайёрлаш ва харид қилишни ҳисобга олиш ҳисобварақлари» ва бошқа ҳисобварақларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Шу тарзда харид қилинадиган ускуналар ёки бутловчи буюмлар мулк ҳуқуқи ўтиши пайтида 0800 ёки 0700-ҳисобварақларнинг тегишли илова ҳисобварағида акс эттирилиши керак.

Импорт шартномаси бўйича олинган моддий бойликларни балансда акс эттириш уларга доир мулк ҳуқуқи ўтиши санасидаги курс бўйича амалга оширилади. Бойликлар Ўзбекистон чегарасигача етказиб берилиши ва божхонадан ўтказилишига қараб олинадиган активларни божхонада расмийлаштириш санасидаги курс бўйича божхона тўловлари, монтаж қилиш харажатлари ва, агар шарт­номада назарда тутилган бўлса, транспортга оид ва етказиб беришга доир бошқа харажатлар уларнинг қийматига қўшилади.

Божхонадан ўтказиш ва мулк ҳуқу­қининг ўтиши далилларини чалкаштириш ва айнанлаштириш мумкин эмаслигига эътибор қаратинг. Шартнома шартларидан келиб чиқиб товар божхонадан ўтказилиши, бироқ унга бўлган мулк ҳуқуқи ўтмаслиги мумкин (масалан, воситачилик шартномаси бўйича). Бошқача вариант ҳам бўлиши мумкин: товарга оид мулк ҳуқуқи ўтган бўлса ҳам, божхонадан кейинроқ ўтказилади ёки, масалан, хорижда кўчмас мулк объекти харид қилинса, умуман божхонадан ўтказилмайди.

4-сон БҲМСнинг1 8-бандига кўра товар-моддий захиралар (ТМЗ) актив сифатида тан олинади, агар:

а) ташкилотга келгусида актив билан боғлиқ иқтисодий фойда келиб тушишига ишонч бўлса;

б) актив қийматини ишончли баҳолаш мумкин бўлса;

в) унга бўлган мулк ҳуқуқи ўтса.

ТМЗга бўлган мулк ҳуқуқи, улар билан боғлиқ хатарлар ва мукофотларнинг ўтиш пайти етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси асосида белгиланади.

4-сон БҲМСнинг 17-бандига кўра, чет эл валютасида харид қилинган ТМЗнинг таннархи 4-сон БҲМСнинг 13-бандида назарда тутилган уларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қўшган ҳолда, чет эл валютасидаги суммани божхона юк дек­ларацияси (БЮД) ёки ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш санасидаги Марказий банк курси бўйича қайта ҳисоблаш йўли билан сўмда белгиланади.

Яъни алоҳида шартлар мавжуд бўлмаса, олинадиган моддий бойликлар БЮДни «Эркин муомала учун чиқариш» режимида расмийлаштириш санасидаги курс бўйича балансга кирим қилинади. Агар алоҳида шартлар мавжуд бўлса, активларни кирим қилиш ва етказиб берувчи олдидаги қарзни эътироф этиш шартнома шартлари ва уларни харидорга ёки унинг вакилига (шу жумладан экспедиторга) бериш далилини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

5-сон БҲМСнинг2 13-бандига кўра харид қилиш чоғида қиймати хорижий валютада ифодаланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати 5-сон БҲМСнинг 11-бандида назарда тутилган харажатларни ҳисобга олган ҳолда, БЮДни тўлдириш санасидаги МБ курси бўйича суммани хорижий валютада ҳисоблаб ўтказиш йўли билан сўмда белгиланади.

Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага3 2-илова билан Товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиш таомилининг классификатори белгиланган. Унда 15 та божхона режими назарда тутилган. Уларнинг ҳар бирида БЮДни расмийлаштириш талаб этилади. БҲМСларда божхона режими турига ҳаволалар келтирилмаган, уларда БЮДни тўлдириш далилигина қайд этилган. Шу сабабли хўжалик юритувчи субъект активга доир мулк ҳуқуқини олибгина уни эътироф этиши мумкин, мулк ҳуқуқи эса ўз навбатида шартномалар шартлари билан белгиланади.

 

 

АВВАЛ ҲАҚ ТЎЛАНАДИ, КЕЙИН ТОВАР БЕРИЛАДИ

 

Агар шартномага олинадиган товарга ҳақ тўлаш шартлари қўшимча равишда киритилган бўлса, мулк ҳуқуқи ҳақ тўлаш пайтига қадар сотувчида сақланади, шундан кейингина ашёга эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи юзага келади. Бундай шартнома, агар сотувчи харидорга ишонмаса, унинг хатарларини суғурталайди. Мулк ҳуқуқи ўтишининг бундай тартибини белгилаб, у қонуний равишда тушумни эътироф этиш пайтини харидордан ҳақ олиш пайтигача кўчириши мумкин.

ФКнинг 424-моддасига кўра, олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига топширилган товарга мулк ҳуқуқи товар ҳақи тўлангунга ёки бошқа ҳолатлар юз бергунга қадар сақланиши назарда тутилган бўлса, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у товарнинг вазифасидан ва унинг хусусиятларидан келиб чиқмаса, сотиб олувчи мулк ҳуқуқи ўзига ўтгунча товарни ўзгага беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли эмас. Топширилган товарнинг ҳақи олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда тўланмаганда ёки мулк ҳуқуқи сотиб олувчига ўтадиган бошқа ҳолатлар юз бермаганда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчи сотиб олувчидан товарни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

2-сон БҲМС4 ҳам ушбу хулосани қўшимча равишда тасдиқлайди. Унинг 12-бандига кўра, қуйидаги шартлар бажарилганда товарларни сотишдан тушган даромад тан олинади:

● хўжалик юритувчи субъект товарларга эгалик қилишнинг хатарлари ва афзалликларининг анча қисмини харидорга топширганда;

● хўжалик юритувчи субъект одатда мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган даражадаги раҳбарлик давомийлигини ҳам, сотилган товарларни назорат қилиш самарадорлигини ҳам сақлаб қолмаганда;

● даромад миқдори ишончли даражада баҳоланганда;

● хўжалик юритувчи субъект битим билан боғлиқ иқтисодий наф олиши эҳтимоли мавжуд бўлганда;

● битим билан боғлиқ қилинган ёки кутилаётган харажатлар ишончли даражада аниқланадиган бўлганда.

Яъни сотувчи харидорга товарни тасарруф этиш хатарларини топшириши керак. Агар шартномада олинган товар унинг ҳақи тўлиқ тўлангунига қадар сотувчининг мулки деб ҳисобланиши ва сотувчи унинг сақланиши ва ишлатилиши устидан назоратни амалга ошириши кўрсатилган бўлса, ҳақ олингунга қадар у етказиб берилган товарни тасарруф этиши, уни олиб қўйиши, бошқа харидорга бериши ва ҳоказо амалларни қилиши мумкин, харидор эса, аксинча, уни тасарруф эта олмайди.

Ҳақи тўлангунга қадар келиб тушган бундай товар, у мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган, божхонадан ўтказилган ёки ўтказилмаган, эркин муомалага чиқарилган ёки чиқарилмаган бўлишидан қатъи назар, харидорнинг балансдан ташқари ҳисобварақларида шарт­номада назарда тутилган ёки унинг мулкдори билан келишилган баҳода ҳисобга олиниши керак. Бироқ бунда етказиб берувчи харидор билан товарни сақлаш шарт­номасини тузиши керак.

Ушбу ҳолларнинг барчасида, тегишинча, етказиб берувчи олдидаги қарз акс эттирилиши керак. Харидор товарга оид мулк ҳуқуқини эътироф этиши биланоқ балансда товарни акс эттириш билан бир вақтда етказиб берилган товар учун етказиб берувчининг олдидаги қарзни акс эттиради. Ушбу пайтгача етказиб берувчига тўланган барча суммалар бўнак тўловлари ҳисобланади.

Тегишинча, агар балансдан ташқари ҳисобварақларда акс эттирилган товарлар (шу жумладан импорт қилинган, харидорнинг омборига келиб тушган товарлар) бўйича шартномада унинг ҳақи тўлиқ тўланганидан ке­йин мулк ҳуқуқининг ўтиши назарда тутилган бўлса, охирги тўлов амалга оширилгунгача улар балансдан таш­қари ҳисобварақларда қайд этилади, босқичма-босқич тўлов суммалари эса (у шартнома қийматининг 10 ёки 99%ини ташкил этишидан қатъи назар) берилган бўнаклар сифатида акс эттирилади. Божхона тўловлари суммалари ушбу ҳолда 1500, 1800-ҳисобварақларнинг ёки ҳисоб сиёсатида назарда тутилган бошқа ҳисобварақларнинг тегишли илова ҳисобварақларида акс эттирилади.

 

 

ОЛИНГАН ТОВАР БОШҚА ОМБОРДА САҚЛАНСА

 

Агар мулк ҳуқуқи сотувчининг омборида сақланаётган пайтда ўтса, бироқ товар юклаб жўнатилмаса ва ташилмаса, сотувчи уни балансдан олиши ва балансдан ташқари ҳисобвараққа ўтказиши керак. Харидор эса мазкур товарни ўзининг балансида йўлдаги товарлар (материаллар) сифатида акс эттириши лозим.

Бунда иккови ўртасида сақлаш шарт­номаси тузилиши керак. Турли талқин қилинишига йўл қўймаслик учун унда албатта мулк ҳуқуқининг ўтиш пайти кўрсатилиши керак. Тарафлар ўзлари учун қуйидаги исталган мақбул пайтни мустақил равишда белгилашлари мумкин: тўлиқ ҳақи тўланганидан кейин, қисман ҳақи тўланганидан кейин, харидор омборига келиб тушган пайтда, божхона чегарасигача етазиб бериш пайтида, муайян воқеа юз берганида, юклаб жўнатилганидан сўнг аниқ кунлардан кейин ва ҳоказо.

Ҳар бир раҳбар ўзининг ҳисоб сиёсати, тажрибаси ва бошқа омиллардан келиб чиқиб, шартноманинг қандай шартларини қабул қилишини ўзи ҳал қилади. Бир нарса муҳим – товар ўз вақтида, шартнома шартларига кўра балансга қабул қилиниши ёки балансдан ҳисобдан чиқарилиши керак, шунингдек мазкур актив бўйича қарз ёки, агар шартларда олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлса, қарзни сўндириш ўз вақтида акс эттирилиши даркор.

Ушбу жиҳатлар аудиторлар учун ҳам муҳим, чунки молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги тўғрисида фикр билдириш, барча активлар ва пассивлар тўғри шакллантирилганлигини тасдиқлаш уларнинг вазифаси ҳисобланади.

 

 

ХАРИД ҚИЛИНГАН ТОВАРИНГИЗГА МУЛК ҲУҚУҚИ ЎТМАГАН БЎЛСА

 

Амалиётда шундай вазиятлар бўладики, харидор хом ашё ёки товарларни харид қилиб, унга доир мулк ҳуқуқи ўтгунга қадар ундан фойдаланишга қарор қилади. Солиқ кодекси (СК) 141-моддасининг иккинчи қисмига кўра, асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар, СКда назарда тутилган ҳолларда эса, қонун ҳужжатларига ва (ёки) солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатига мувофиқ расмийлаштирилган зарарлар ҳам солиқ тўловчининг харажатлари бўлади.

Моддий харажатларга киритиладиган ТМЗ қиймати бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади (СКнинг 142-моддаси иккинчи қисми). Бухгалтерия ҳисобида, 2-сон БҲМСнинг 12.5-бандига кўра, битим билан боғлиқ қилинган ёки кутилаётган харажатлар ишончли даражада аниқланиши мумкин. Бироқ фойдаланилаётган хом ашёнинг қиймати балансда бўлмаса, бинобарин, унга доир харажатлар ҳам аниқ ўлчаниши мумкин эмас. Шу сабабли унга доир мулк ҳуқуқи харидорга ўтмаган ишлатилаётган хом ашё маҳсулотнинг ҳақиқатдаги қийматини шакллантиришда иштирок этмайди.

Бундай ҳолда ҳисобни юритиш ва солиқ солиш қандай амалга оширилади?

Мазкур харажатлар таннархни шакл­лантириш ва маҳсулотни ишлаб чиқариш пайтида асосланган ва ҳужжат билан тасдиқланган бўлмаганлиги боис уларни бошқа операцион харажатлар сифатида давр харажатларига киритиш лозим, бироқ фақат мулк ҳуқуқи харидорга ўтиши пайтида. Фойда солиғи тўловчиларида улар барибир чегирилади. Биринчидан, ҳар қандай ҳолда улар моддий харажатлар ҳисобланади, иккинчидан эса, СКнинг 147-моддасида акс эттирилмаган. Тўғри, фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани шакллантириш даврлари турлича бўлиши мумкин.

Уларга мулк ҳуқуқи ўтмаган товарларни реализация қилиш бўйича вазият ўхшашдир. ФКнинг 393-моддасига кўра сотувчи товарни сотиб олувчига учинчи шахсларнинг ҳар қандай ҳуқуқларидан озод ҳолда топшириши шарт, сотиб олувчи учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бўлган товарни қабул қилишга розилик берган ҳоллар бундан мустасно. Яъни товарга мулк ҳуқуқи ўтмаган бўлса, харидор уни реализация қилишга ҳақли бўлмайди.

 

 

СОЛИҚ СОЛИШДАГИ АЛОҲИДА ШАРТЛАР ҚЎШИЛГАН  ҚИЙМАТ СОЛИҒИ

СКнинг 199-моддаси биринчи қисми 1-бандига кўра товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти деб сотувчида ҚҚС солиш мақсадида мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш эътироф этилади. Мулк ҳуқуқининг ўтиши алоҳида шарти билан биргаликда товар экспорт қилинганда сотувчи ҳисоб-китобда мулк ҳуқуқи ўтгунга қадар ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллашга ҳақли, чунки товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиш уни қўллашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу тариқа бухгалтерия ҳисоби билан солиқ солиш ўртасида фарқ юзага келади. Бундан ташқари, товарлар экспортида ҚҚС солиш мақсадида касса усули, яъни тушумнинг келиб тушиш далили қўлланади.

ҚҚС ҳисобга киритилишига келсак, СКнинг 218-моддасида кўрсатилишича, бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи ҳақиқатда олинган товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Импорт қилинадиган товарлар бўйича, мулк ҳуқуқи ўтишининг алоҳида шартларидан қатъи назар, ҚҚС суммаси фақат божхонадан ўтказиш чоғида белгиланиши мумкин. СКнинг 201-моддасига кўра, Ўзбекистоннинг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар солиқ солинадиган импортдир, СКнинг 211-моддасига мувофиқ ҚҚСдан озод қилинган товарлар бундан мустасно. Олиб кираётганда харидор ҚҚСни, мулк ҳуқуқининг ўтиш пайти бошланишидан қатъи назар, агар бюджетга ҚҚС тўланган бўлса, ҳисобга қабул қилишга ҳақли (СКнинг 218-моддаси биринчи қисми 3-банди). Мазкур ҳолда ҳам ҳисоб билан солиқ солиш ўртасида фарқ юзага келади.

Мулк ҳуқуқининг ўтиши алоҳида шартлари билан биргаликдаги импорт операциялари чоғида ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини тўлдиришга оид муаммолар юзага келиши мумкин, зеро товар импорт қилинган, бироқ бу ҳали у харид қилинганлигини билдирмайди. Ҳолбуки Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига5 1-илова «Ҳисобга олинадиган ҚҚС ҳисоб-китоби учун фойдаланиладиган олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси» деб аталади. Солиқ кодекси божхона чегарасини кесиб ўтиш ва солиқ тўлаш далилини асос сифатида қабул қилишга рухсат беради. Шу сабабли кўрсатилган илова «Ҳисобга олинадиган ҚҚС ҳисоб-китоби учун фойдаланиладиган олинган ва импорт қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси» деб номланиши керак деб ўйлайман.

Бундан ташқари, мамлакатимиз товарларига нисбатан, ФКда назарда тутилганидек, «ҳақиқатда эгаликка олинган» деб кўрсатиш тўғрироқ бўларди, чунки ҳақиқатда олинган товар «эгаликка» сўзисиз ҳақиқатда харидор омборига келиб тушган товар деб тушунаман. Бироқ ушбу ҳолда транзит чизма бўйича савдо қиладиган ва харид қилинган товарни ўз омборига олиб кирмасдан сотувчи компаниялар ҳеч қачон тўланган ҚҚСни чегириш ҳуқуқини олмаслик хавфига дуч келадилар. Айни вақтда ҳақ тўлаш далили қўшимча шарт ҳисобланадиган ташкилотлар товарни амалда оладилар, бироқ уни тасарруф эта олмайдилар, уларнинг ҚҚСни ҳисобга қабул қилиши нотўғридир.

СКнинг 222-моддасига кўра ҳисобварақ-фактура товарлар реализацияси бўйича оборот амалга оширилган санада, яъни сотувчи товарга мулк ҳуқуқини берадиган, харидор эса уни оладиган ҳолатда ёзилади (СКнинг 199-моддаси). Экспорт-импорт етказиб беришлари бундан мустасно, улар бўйича мулк ҳуқуқининг ўтишидан қатъи назар инвойс ҳисобварақ-фактура бўлиб ҳисобланади, ҚҚС эса Ўзбекистоннинг божхона чегарасини кесиб ўтиш чоғида юзага келади (СКнинг 222-моддаси иккинчи қисми 3-банди).

Агар товар харид қилинган, бироқ бирор муддатгача сотувчининг масъулиятли сақлашида қолса, СКнинг 203-моддасига кўра, реализацияни эътироф этиш ва ҳисобварақ-фактура ёзиш мақсадида оборотни амалга ошириш санаси бўлиб товарга оид мулк ҳуқуқини олувчига бериш куни ҳисобланади.

 

ФОЙДА СОЛИҒИ

Агар ташкилот шартнома шартларига кўра активнинг чиқиб кетишини бухгалтерия ҳисобида ўз вақтида акс эттирса, мулк ҳуқуқининг ўтиши хусусиятлари фойда солиғига таъсир қилмайди.

Муаммони кўрсатамиз

Импорт шартномаларини ҳисобга қўйиш ва улар тўловини хўжалик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг6 13-бандига кўра товарларнинг республикага олиб кирилиши ва эркин муомалага чиқариш режимида расмийлаштирилиши, импорт шартномалари бўйича ишларнинг бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши ёки улар учун тўланган пул маблағларининг қайтарилишини таъминламаслик муддати кечиктирилган дебиторлик қарзи ҳисобланади. Бунинг маъноси шуки, валюта маблағларидан, шу жумладан ўз маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш мақсадида банклар учун тайёрланадиган ҳисоботда, товар эркин муомалага чиқишига қадар етказиб берувчига тўланган валюта суммаси муддати кечиктирилган дебиторлик қарзи сифатида қаралади.

Фикримча, мазкур меъёр Инкотермс қоидалари бўйича етказиб бериш шартларидан келиб чиқилганда, шу жумладан агар етказиб берувчи, масалан, товарни Ўзбекистон божхона чегарасига қадар олиб бориб қўйиб, ўз мажбуриятларини бажарган бўлса, қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Бухгалтерия ҳисоби қоидаларига кўра етказиб берувчининг дебиторлик қарзи энди бўлмайди. Шу сабабли валютани назорат қилиш мақсадида ҳам у дебиторлик қарзи, айниқса муддати кечиктирилган дебиторлик қарзи сифатида қаралмаслиги керак.

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

4МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

5МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова.

6МБ бошқаруви, ИВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 4.10.2005 йилда 1514-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

Светлана ГОЛОСОВА,

«TRI-S-Audit» аудиторлик компаниясининг директори.

Прочитано: 2278 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика