Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 20 / Хўжалик юритиш қоидалари

Тадбиркорлик фаолиятида қарз олиш масаласи

Тадбиркорлик фаолиятида кўпинча қарз маблағларига эҳтиёж сезилади. Зеро бизнесини муваффақиятли юритаётган тадбиркор пулларини ишлатмай сақлаб қўймайди, балки ишлашга мажбур этади. Уларни бизнесдан оборотдаги капитални тўлдиришга, янги асбоб-ускуналар, замонавий технологияларни харид қилишга «чиқариб олиш» эса осон эмас, баъзан бунинг иложи ҳам йўқ. Айни шу сабабли қарз шартномаси бугунги кунда энг кўп тарқалган молиялаштириш имкониятларидан бирига айланди. Шартномани тузаётганда унда қандай шартларни назарда тутиш лозимлигини билиш зарур. Бунда сизга эксперт-юристимизнинг маслаҳати ёрдам беради.

 

ҚАРЗ ШАРТНОМАСИ НИМА ВА УНИ КИМ ТУЗИШИ МУМКИН?

Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодекси (ФК) 732-моддаси биринчи қисми).

Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам, шунингдек давлат қарз берувчи ҳамда олувчи бўла оладилар. Агар давлат қарз олувчи, фуқаро ёки юридик шахс қарз берувчи бўлиб чиқса, давлат заёми шартномаси тузилади (ФКнинг 743-моддаси).

Давлат заёмлари ихтиёрийдир. Давлат заёми шарт­номаси қарз берувчининг қарз олувчидан унга қарзга берилган пул маблағларини ёки, заём шартларига боғлиқ ҳолда, бошқа мол-мулкни, белгиланган фоизларни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни заёмни муомалага чиқариш шартларида назарда тутилган муддатларда олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган давлат облигациялари ёки бошқа давлат қимматли қоғозларини қарз берувчининг сотиб олиши йўли билан тузилади.

Бундан ташқари, кўпинча ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ўз ходимлари, ҳамкорлари, танишларига қарз берадилар. Уни бериш учун уларга бирор-бир махсус ҳужжатлар ёки лицензиялар талаб қилинмайди.

 

ҚАРЗМИ ЁКИ ССУДА?

Қарз ва ссуда (текин фойдаланиш) шартномаларини фарқлаш зарур (ФКнинг 617-моддаси). Иккала шартнома ҳам ўз хусусиятларига эга.

Биринчидан, қарз шартномаси бўйича ашёлар ва пулларни, ссуда шартномаси бўйича эса фақат ашёларни бериш мумкин. Бунда текин фойдаланишга бериладиган объект тур аломатлари билан белгиланадиган ашё эмас, балки истеъмол қилинмайдиган, якка тартибда белгиланган ва оборотга қобилиятли объект бўлиши керак. Қонун ссуда объекти сифатида эса қонун ҳужжатларининг талабларига жавоб берадиган: бинолар (иншоотлар, жойлар) ва уларнинг қисмлари; ускуналар, шу жумладан комплекс ускуналар; транспорт воситалари; алоқа воситалари; компьютер ҳамда бошқа техника (шу жумладан офис техникаси) ва бошқа истеъмол қилинмайдиган ва якка тартибда белгиланадиган ашёлардан фойдаланиш имконини беради. Қонун пул, ёқилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа истеъмол қилинадиган ва тур аломатлари билан белгиланадиган ашёларни текин фойдаланишга беришга йўл қўймайди.

Иккинчидан, қарз шартномаси ашёни мулк қилиб, ссуда шартномаси эса вақтинча текин фойдаланишга беришни назарда тутади. Бундан ташқари, ссуда олувчи ссуда берувчига ўша ашёни уни олган ҳолатда қайтариши шарт. Қарз олувчи эса қарз берувчига ундан олинган мол-мулкни эмас, балки унга тенг қийматли мол-мулкни: худди шунча суммадаги пулни ёки ўшандай хусусиятларга эга бўлган миқдордаги ашёларни қайтаради.

 

ШАРТНОМА ШАКЛЛАРИ

Қарз шартномасидаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида шартнома суммасидан қатъи назар оддий ёзма шаклда тузилиши шарт (ФК 733-моддасининг биринчи қисми). Тарафларнинг уни қоғозда тузиши ва имзолаши кифоядир. Ушбу ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди.

Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси ЭКИҲнинг 10 бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт1. Эътибор беринг: ёзма шакл ҳар доим ҳам тарафлар шартноманинг бир ёки икки нусхасини имзолашларини анг­латмайди. Қарз шартномаси тузилганлиги тўғрисида бошқа ёзма ҳужжат ҳам гувоҳлик бериши мумкин. Масалан, қарз олувчининг қарз беришни сўраб қарз берувчига ёзган хати ва кейинроқ унга тилхат олиб пул берилиши. Ушбу ҳолда ҳам ёзма шаклга риоя этилган ҳисобланади. Агар қарз мажбурияти қарз олувчи томонидан берилган вексель, облигация ёки қарз суммасини ва қарз берувчининг уни ундириб олиш ҳуқуқини белгилайдиган бошқа қимматли қоғоз билан тасдиқланган ҳолда ҳам қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.

Дарвоқе, битимнинг мажбурий ёзма шакли тўғ­рисидаги талабга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини англатмайди. Бироқ низо юзага келган тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини ва унинг шартларини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади (ФКнинг 109-моддаси). Бироқ бунда бошқа ёзма исбот-далилларни: масалан тилхат, қарз олувчи томонидан муайян пул суммаси ёки муайян миқдорда ашёлар олинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этиш мумкин (ФК 109-моддасининг иккинчи қисми). Улар низо пайтида (масалан, қарз берувчи қарз маблағларини қайтаришдан бош тортганда) унга пулни қарз берувчи берганлигини тасдиқлайди.

 

ҚАРЗ НАРСАСИНИ ШАРТНОМАДА ҚАЙД ЭТИНГ

Қарз шартномасида албатта қарз суммаси ёки қарзга берилаётган ашёларнинг хоссалари ҳамда миқдори, ­яъни шартнома предмети тўғрисидаги шарт қайд этилган бўлиши керак. Шартнома тарафлари айни нимани келишиб олишлари кераклиги қарз берувчи қарз олувчига берадиган нарсага боғлиқ. Агар пул ҳақда сўз борса, шартномада унинг суммасини келишиш лозим. Агар бирор-бир буюмлар берилса, тур аломатлари, сифат ва миқдорини белгилаш зарур.

Пул бериш тўғрисидаги шартни шундай таърифлаш мумкин.

 

Мазкур Шартнома бўйича Қарз берувчи Қарз олувчига 800 000 сўм миқдорида пул маблағларини беради.

 

Ашёларни қарзга бериш тўғрисидаги шартда уларнинг пулдаги баҳосини ҳам кўрсатиш керак. Қонунда қарз нарсасини бундай баҳолаш мажбурий деб белгиланмаган. Бироқ амалиётда белгиланган шартномадаги баҳо нафақат эҳтимолий низони ҳал қилишни анчагина енгиллаштиради, балки қарз олувчини интизомга чорлайди.

Берилаётган ашёнинг қийматини мустақил баҳо­ловчининг хулосаси, бухгалтерия маълумотномаси ёки товар юкхати билан тасдиқлаш мумкин. Шартномада унинг индивидуал хоссаларини санаш керак эмас, чунки қарз шартномасининг мазмунига кўра қарз олувчи ушбу ашёни эмас, балки худди шундай хусусиятларга эга бўлган, худди ўша миқдордаги ва бошқа талабларга эга бўлган бошқа ашёни қайтариши керак.

Қарз олувчига қарз шартномаси бўйича қурилиш материалларини (ашёларни) бериш тўғрисидаги шарт шундай бўлиши мумкин:

 

Мазкур Шартнома бўйича Қарз берувчи Қарз олувчига қўйидагиларни беради:

қурилиш гранит шағали – қиймати 100 минг сўм бўлган 3 тонна;

15 метр узунликдаги, диаметри 900 мм бўлган пўлат қувурлар – қиймати 800 минг сўм бўлган 10 дона.

Қарз олувчига берилаётган ашёларнинг пулдаги баҳоси 900 минг сўмни ташкил қилади.

 

ФОИЗИ ҚАНЧА БЎЛАДИ?

Қарз берувчи қарз олувчидан берилган қарз суммасидан, агар шартномада бошқа қоида белгиланмаган бўлса, фоизлар олиш ҳуқуқига эга (ФКнинг 734-моддаси). Фоизлар миқдори ва тўлаш тартиби тарафларнинг келишуви билан белгиланади.

 

Диққат! Агар тарафлар қарз фоизсиз бўлишини хоҳлашса, шартномада тўғридан-тўғри қилиб шундай ёзиб қўйилиши лозим:

 

Мазкур Шартнома бўйича Қарз фоизсиздир.

 

Қарз маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз белгиланганида шартномада кўрсатиш мумкин:

 

Қарздан фойдаланганлик учун Қарз олувчи Қарз берувчига ойига қарз суммасининг 3 фоизини тўлаш мажбуриятини олади.

 

Тарафлар ўзлари учун қулай бўлган фоизларни тўлаш жадвалини келишиб олишлари мумкин. Масалан, шартнома шартига кўра қарз олувчини қарзнинг бутун суммасини қарзни қайтараётганда бир вақтнинг ўзида тўлашга ёки уни вақти-вақти билан ва қисмларга бўлиб (ҳафта, ой, чоракда бир маротаба) тўлашга мажбур этиш мумкин.

 

Қарз суммасидан фоизларни Қарз олувчи ҳар ойда, қарзни қайтариш кунига қадар ҳар бир ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тўлайди.

 

ёки

 

Қарз суммасидан фоизларни Қарз олувчи қарз қайтарилгандан кейинги 3 календарь кун мобайнида тўлайди.

 

ШАРТНОМА МУДДАТИ ТУГАДИ, ҚАРЗ ҚОЛДИ

Қарз олувчи ўзи олган пул суммаси ёки ашёларни қарз берувчига қайтариши шарт бўлган муддат қарзни қайтариш муддати ҳисобланади. Умумий қоидага кўра у шартномада кўрсатилади (ФКнинг 735-моддаси):

 

Қарз суммаси Қарз олувчига 1 йил муддатга берилади.

 

Бироқ қонун унинг тарафлар томонидан албатта кўрсатилишини талаб қилмайди. Чунончи, шартномада қарзни қарз берувчининг талабига кўра қайтаришга мажбур этадиган шартни назарда тутиш мумкин:

 

Қарз суммаси Қарз олувчига Қарз берувчининг талаб қилишига қадар берилади. Қарзни қай­тариш талабини Қарз берувчи Қарз олувчига ёзма кўринишда юборади.

 

Бироқ шартноманинг амал қилиш ва қарзни қай­тариш муддати битта нарса эмас. Қарз шартномасида кўрсатилган унинг амал қилишининг тугаш муддати қарз олувчи унга берилган маблағларни худди шу муддатда қайтариб бериши шартлигини билдирмайди. Пул ёки ашёлар шартноманинг амал қилиш муддатидан қатъи назар қуйидаги муддатларда қайтарилиши керак:

худди ушбу шартномада келишилган қайтариш муддатида;

агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада келишилган бўлмаса, қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб 30 кун мобайнида (ФКнинг 735-моддаси).

Одатда қарз шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланмайди ва унинг иккала тарафи ўз мажбуриятларини бажарганда шартнома тугатилган ҳисобланади. Кўпинча унда қарзни қайтариш муддати кўрсатилади.

 

МУДДАТДАН АВВАЛ ҚАЙТАРМАЙМАН

Қанчалик ғаройиб кўринмасин, бироқ низоли вазиятлар кўпинча қарз... муддатидан аввал қайтарилганда юзага келади. Одатда улар қарз берувчининг унга мунтазам тўлаб борилаётган фоизларни йўқотишни хоҳ­ламаслигидан келиб чиқади.

ФК 735-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилишича, фоизсиз берилган қарз суммаси муддатидан олдин қайтарилиши мумкин. Мазкур қоида қатъий тусга эга ва шартномада қарз олувчининг мазкур ҳуқуқини чеклайдиган шартларнинг мавжудлигига боғлиқ эмас. Шундай бўлса-да, шартномада қарз олувчининг қарз суммасини у берилган муддат тугашига қадар, хабарнома юбориш йўли билан қайтариш нияти ҳақида қарз берувчини хабардор қилиш мажбуриятининг қайд этилиши мақсадга мувофиқдир.

Шу боис ҳам, ФК 735-моддасининг тўртинчи қис­мига амал қилиб, қарзни қайтариш шарти билан берганда тарафларга шартномада қарз суммасини (унинг бир қисмини) белгиланган муддат (муддатлар) тугашига қадар қайтариш тартиби ва шартларини тартибга соладиган қоидани қайд этиш тавсия қилинади. Бунда бир нечта вариантни қўллаш мумкин.

● Ушбу масалани қарз берувчи билан қўшимча равишда келишмасдан, бироқ уни бундай қарор қарз олувчидан чиққанлигини ишончли тарзда белгилаш имконини берадиган ёзма ёки бошқа шаклда дарҳол хабардор қилган ҳолда қарзни муддатидан аввал қайтаришга йўл қўйилади. Бунда қарз олувчини унга қарзни муддат тугашига қадар қайтариш ҳуқуқида чеклаб, у буни, айтайлик, шартнома билан белгиланган муддатнинг ярми, чорак қисми ва бошқа қисми ўтганидан кейин қилиши мумкинлигини белгилаган мақбул.

● Қарзни муддатидан аввал қайтаришга фақат қарз берувчининг олдиндан розилиги билан йўл қўйилади. Мазкур вариантни танлашда тегишли сўровни юбориш ва қарз берувчининг унга жавоб бериши шакли, тартиби ва муддатларини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Масалан, қарз олувчи сўровнома юбориб, унда қарз суммасини шартномада белгиланган муддат тугашига қадар қайтариши зарурлиги сабабларини баён этади. Уни олган қарз берувчи, айтайлик, уч кун мобайнида (шартли муддат, тарафлар ҳар қандай бошқа муддатни белгилашга ҳақли) уни кўриб чиқиши ва жавоб бериши шарт.

● Қарз суммасини муддатидан аввал қайтаришга йўл қўйилмайди.

 

ҚАРЗ ҚАЧОН ҚАЙТАРИЛДИ?

Қарз суммаси уни қарз берувчига қайтариш ёки унинг банк ҳисобварағига тегишли пул маблағлари қайд этиш пайтида қайтарилган ҳисобланади. Ушбу қоида тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин. Масалан, ашёвий қарз ашёлар қарз берувчига етказиб берилган пайтдан бошлаб қайтарилган ҳисобланади.

Тарафларнинг келишувига кўра қарзни яхлит ёки қисмларга бўлиб қайтариш мумкин. Иккинчи ҳолда маблағларни қайтариш жадвалини қарз олувчи билан келишишни тавсия қиламиз. Уни шартномага илова кўринишида алоҳида варақда расмийлаштириш мумкин.

 

ШАРТНОМА ШАРТИ НАМУНАЛАРИ

 

Қарз суммаси Қарз олувчи томонидан бир тў­ловни Қарз берувчининг банк ҳисобрақамига ўт­казиш йўли билан яхлит қайтарилади.

 

ёки

 

Қарз суммаси Қарз олувчи томонидан тўловларни Қарз берувчининг банк ҳисобрақамига ўтказиш йўли билан қисмларга бўлиб қайтарилади.

 

ёхуд

 

Қарз суммаси Қарз олувчининг хоҳишига кўра бир тўлов билан ёки Тўловлар жадвалига (мазкур Шартномага 1-илова) мувофиқ қисмларга бўлиб қайтарилади.

 

МАҚСАДЛИ ҚАРЗЛАР НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?

Кўпинча пул ёки ашёлар улардан аниқ мақсадларда фойдаланиш учун қарзга олинади. Бундай қарз мақсадли қарз ҳисобланади (ФКнинг 739-моддаси). Ушбу ҳолда шартномада қарз олиш мақсадини кўрсатиш лозим. Одатда ушбу шарт шартнома предметида қайд этилади.

Қарздан фойдаланиш мақсадлари қонун билан тартибга солинмаган. Шу сабабли тарафлар уларни ўзлари белгилашлари мумкин, бироқ шартномада буни аниқ қайд этиш лозим. Мақсадлар қуйидагича бўлиши мумкин:

ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш мақсадларида (ишлаб чиқаришни кенгайтириш, модернизациялаш, оборотдаги маблағларни тўлдириш ва бошқалар учун) асбоб-ускуна, бошқа мол-мулкни харид қилиш;

ходимларга иш ҳақи тўлаш;

учинчи шахслар бажарган (кўрсатган) ишлар (хизматлар)га ҳақ тўлаш;

офис учун бинони (унинг бир қисмини) ижара ҳуқуқи ёки бошқа ҳуқуқ билан мулк қилиб харид қилиш ва ҳоказо.

Мақсадлар турлича бўлиши мумкин. Асосийси, улар қонун ҳужжатларига зид бўлмасин.

 

Қарз суммаси Қарз олувчига қуйидаги мақсадларда фойдаланиш учун берилади: мазкур Шартномага 1-илова билан тасдиқланган рўйхатга кўра қурилиш материалларини сотиб олиш учун.

 

ёки

 

Қарздан мақсад: мазкур Шартномага 1-илова билан тасдиқланган рўйхатга кўра қурилиш материалларини харид қилиш.

 

Агар тарафлар қарзнинг мақсадли хусусияти тўғ­рисида келишувга эришсалар, ФК 739-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ шартномада қарздан белгиланган мақсадларда фойдаланиш устидан қарз берувчи назоратни амалга ошириши тартибини белгилайдиган қоидаларни назарда тутиш тавсия қилинади. Назорат бир қатор усуллар билан амалга оширилиши мумкин. Чунончи, қарз олувчи қуйидагиларга ҳақли:

● қарз берувчига тасдиқловчи ҳужжатларни (чеклар, олди-сотди шартномалари, тўлов топшириқномалари ва бошқаларни) бериш;

● уни қарз маблағларига харид қилинадиган ашёларнинг етказиб бериш санаси ва жойи тўғрисида хабардор қилиш;

● қарз берувчининг қарз маблағларига харид қи­линган ашёлар, материаллар ва бошқалар сақла­надиган жойларга киришига имкон бериш.

Булар қарз маблағлари сарфланишини назорат қилиш усулларининг тўлиқ рўйхати эмас – улар қарз олинган мақсадларга боғлиқдир. Қонун қарз берувчини бундай назорат вариантларида чекламайди. Тарафларнинг келишуви бўйича улар ҳар қандай бўлиши мумкин, бироқ албатта шартномада қайд этилади.

 

Қарз берувчи Қарз олувчи қарз суммасидан мақсадли фойдаланиши устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга. Уни амалга ошириш учун Қарз олувчи:

Қарз берувчининг сўровига кўра унга қарз пул маблағларини Қарз олувчи мақсадли ишлатганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этиши;

Қарз берувчининг талабига кўра унга қарз маблағларига сотиб олинган қурилиш материаллари ва бошқа ашёларни текшириши учун Қарз олувчига тегишли жойларга кириш имконини бериши шарт.

 

Қарз олувчи қарз суммасининг қайтариб берилишини таъминлаш юзасидан қарз шартномасида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, шунингдек қарзнинг таъминоти қарз берувчи жавобгар бўлмаган вазиятларда йўқотилса ёки унинг шартлари ёмонлашса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтаришни ва тегишли фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли (ФКнинг 738-моддаси). Агар шартномада олинган маблағлардан мақсадга мувофиқ фойдаланмаганлик учун бошқа санкциялар белгиланмаган бўлса, ушбу қоида қўлланади.

 

ҚАЙТАРИШНИ КАФОЛАТЛАЙСИЗМИ?

Қонун қарзни қайтаришнинг қўшимча кафолатларини ўрнатиш имконини беради. Улар қарз олувчи мажбуриятини бажаришни таъминлаш деб аталади. Бундай таъминлаш сифатида кўпинча қарз олувчига тегишли мол-мулк гаровидан фойдаланилади (ФКнинг 264–289-моддалари). Агар қарзни қайтариш, унга ­доир фоизларни тўлаш ва бошқалар бўйича мажбуриятларни бажариш мумкин бўлмаса, қарз берувчи гаровдаги мол-мулкни сотишга ва унинг қийматидан қарз олувчининг қарзи қийматини қоплашга ҳақлидир. Агар сотилган мол-мулкнинг нархи қарз суммасидан ошса, тарафларнинг келишувига кўра фарқ суммаси қарз олувчига қайтарилади.

Шартномада қандай мажбуриятлар гаров билан таъминланиши; гаровдаги мол-мулкка нисбатан ундириш қандай тартибда амалга оширилиши; таъминлаш нарсасини алмаштириш мумкинми ва агар мумкин бўлса, қандай асосларда алмаштирилиши; гаровдаги мол-мулк қандай тарафда жойлашганлиги ва бошқалар қайд этилиши мумкин.

Мазкур Шартнома бўйича берилган қарз гаров билан таъминланади. Қарз олувчи Гаров берувчи бўлиб ҳисобланади.

Қарз суммасини қайтариш бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаришни таъминлаш мақсадида Қарз олувчи қуйидаги мол-мулкни тақдим этади:

Қарз олувчига мулк ҳуқуқида тегишли бўлган (12.10.2006 йилдаги олди-сотди шартномаси), 2003 йилда ишлаб чиқарилган Mazda автомобили (бундан кейин гаровдаги мол-мулкнинг бошқа тавсифлари кўрсатилади).

Гаровдаги мол-мулк Гаров берувчининг фойдаланишида қолади.

Гаровдаги мол-мулк Қарз берувчининг ёзма розилиги билан алмаштирилиши мумкин.

Мол-мулк гарови мазкур Шартнома бўйича қуйидаги мажбуриятларнинг ижро этилишини таъминлайди:

қарз суммасини қайтариш;

қарз пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар тўлаш.

Ундирувни мол-мулкка қаратиш мазкур Шарт­нома тарафларининг келишуви билан белгиланган тартибда амалга оширилади. Низо юзага келган тақдирда ундирувни қаратиш суд тартибида амалга оширилиши мумкин.

 

Гаровдан ташқари, қарз олувчининг мажбуриятларни ижро этиши:

кафиллик (ФКнинг 292–298-моддалари);

неустойка (ФКнинг 260–263-моддалари);

кафолат (ФКнинг 299–310-моддалари);

амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар билан таъминланиши мумкин.

Учинчи шахсларнинг кафиллиги тўғрисидаги шарт­нома шарти қуйидагича бўлиши мумкин:

 

Мазкур Шартномага кўра _________________ кафил ҳисобланади.

Кафил Қарз берувчининг олдида Қарз олувчи томонидан унинг мазкур Шартномага кўра мажбуриятлари ижро этилиши учун жавоб беради.

 

Агар қарз олувчининг мажбуриятини таъминловчи банк кафолати бўлса, шартномада буни қуйидагича кўрсатиш мумкин:

 

Мазкур Шартнома бўйича Қарз олувчининг мажбуриятлари ижро этилиши банк кафолати билан таъминланади. Банк кафолати Қарз олувчи билан келишув асосида кредит ташкилоти (кредит ташкилотининг номи) томонидан таъминланади.

Қарз олувчи томонидан мазкур Шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда кредит муас­сасаси Қарз берувчига унинг ёзма талабига кўра мазкур Шартномага мувофиқ Қарз олувчидан олинадиган тўловларни тўлаш мажбуриятини олади.

 

1Олий Суд Пленумининг 24.09.1999 йилдаги «Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида»ги 16-сон Қарорининг 21-банди. 

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 3774 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика