Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 18 / Мавзуга қайтиб

Корпоратив пластик карта берадиган ҳуқуқлар

«Poytaxt Oil» МЧЖ ҚК кўп йиллик обуначингиздир. Навбатдаги газета сонини кутиб, уни бошидан охиригача диққат билан ўқиб чиқамиз. Автобензинни корпоратив пластик карточка бўйича реализация қилиш ҳақидаги мақолаларингиз биз учун айниқса қизиқарли, чунки улар айнан бизга тааллуқли. Уларни ўқирканмиз, корпоратив пластик карточкалар тутувчиси бўлган мижозларимиз – юридик шахсларнинг баъзилари автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларининг фаолиятини тартибга соладиган меъёрий ҳужжатлар билан таниш эмасликларини кўрамиз. «Солиқ ва божхона хабарлари»да (21.01.2014 йилдаги 3 (1015-сон) «Карточка эсдалик учун берилмайди» мақоласи чоп этилиб, унда экспертлар С.Гурвич ва Н.Муқминова «Sirex Trade» МЧЖ ходими В.Захарченконинг саволига жавоб беришган. Уни ва ана шундай саволлар бўйича аввалги жавобларни ўрганиб, биз уларни ёритишга аниқлик киритишга қарор қилдик, зеро мижозларнинг ушбу муаммоси бевосита бизга дахлдор.

Экспертларнинг жавоби қуйидаги хулоса билан якунланади: «Шу сабабли АЁҚШ ходимларининг ёқилғига ҳақ тўланганда зарур ҳужжатларни расмийлаштиришдан бош тортиши амалдаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳисобланади». Биз эса автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ҳаммаси ҳам ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришга ҳақли бўлавермайди деб ҳисоблаймиз.

Мисол учун, бизнинг ҚК аҳоли (жисмоний шахслар) билан ҳокимлик томонидан берилган чакана савдога лицензия асосида ва Моддий-техника ресурслари стратегик турларини сотишнинг махсус тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 5.02.2004 йилдаги 57-сон Қарори) 34-бандига мувофиқ ишлайди, унда шундай дейилган: «Кейинчалик аҳолига сотиш учун мўлжалланган автомобиль бензини ва дизель ёқилғисининг бозор фондини сотиш тегишли лицензияга эга бўлган автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари орқали амалга оширилади. Автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари автомобиль бензини ва дизель ёқилғисини аҳолига белгиланган чакана нархлар бўйича сотадилар». Биз юридик шахсларга ҳисобварақ-фактуралар бериш ҳамда автомобилларига корпоратив пластик карточкалар бўйича автобензин ва дизель ёқилғиси қуйиш ҳуқуқига эга эмасмиз.

Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1-бандининг «а» кичик бандига кўра корпоратив банк картаси – юридик шахсга банк томонидан бериладиган, корпоратив банк картасини сақловчисига карта ҳисобварағида ҳисобда турган пул маблағларини тасарруф этган ҳолда товарлар, ишлар ёки хизматларни сотиб олиш учун нақд пулсиз шаклда тўловларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тўлов картаси. Бироқ бензин ва дизель ёқилғиси ҳар қандай дўкон ёки бозорда харид қилиш мумкин бўлган товар эмас, балки Ўзбекистон Республикаси моддий-техника ресурсларининг махсус стратегик туридир.

Рухсатномалар, тарқатиш ведомостлари ва лимит китобчалари бўйича автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун нефть маҳсулотлари, суюлтирилган ва сиқилган табиий газни бериш қоидаларининг (АВ томонидан 23.01.2010 йилда 2072-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 28-бандига мувофиқ хизмат сафаридаги автотранспорт воситаларига нефть маҳсулотлари ва газнинг берилиши корпоратив банк пластик карталари асосида амалга оширилиши мумкин. Яъни рухсатномалар, тарқатиш ведомостлари ва лимит китобчалари бўйича автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун нефть маҳсулотлари, суюлтирилган ва сиқилган табиий газни бериш, улар учун корпоратив банк пластик карталари асосида ҳисоб-китоб қилиш Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидан хизмат сафарларига юборилган автотранспорт воситалари учун амалга оширилади. Ушбу Қоидаларнинг 31-бандида эса шундай дейилади: «Хизмат сафаридаги автотранспорт воситалари учун нефть маҳсулоти ва газнинг берилиши фақат тарқатиш ведомости бўйича нефть маҳсулоти ёки газни сотадиган ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳайдовчи томонидан хизмат сафари гувоҳномаси, йўл варақаси ва лимит китобчаси тақдим этилган тақдирда амалга оширилади». Тошкентда тарқатиш ведомостлари ва лимит дафтарчалари бўйича ишлайдиган бешта АЁҚШ бор. Улар «Кучлик» ва «Чинобод» нефть базаларига тегишли. Юридик шахс нефть базаси билан шартнома тузади, нефть маҳсулоти учун пул ўтказади, тарқатиш ведомостлари ва лимит дафтарчаси бўйича бензинни ана шундай сотиш учун ажратилган АЁҚШларда қуйиб олади.

«UzGazOil» МЧЖ шунингдек бензинни юридик шахсларга шартномаларга кўра ва олдиндан ҳақ тўланганда ўзининг пластик карточкаларини берган ҳолда ҳисоб-китоб варағи орқали реализация қилади.

Юқорида айтилганлардан шундай хулоса чиқариш мумкин: нефть маҳсулотларига бундай ҳақ тўланганда терминал чеки ва АЁҚШ штампи қўйилган ҳолда юкхат тарзида товар счёти берилади, бироқ мақолада кўрсатилганидек, барча шохобчаларда эмас.

Шунингдек мақолада Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.1998 йилдаги 542-сон Қарори тарқатиш ведомостлари ва лимит дафтарчалари бўйича ишлайдиган АЁҚШлар учун ишлаб чиқилганлиги айтилмаган. Унинг 3-банди иккинчи хатбошисида ёнилғи-мойлаш материаллари, суюлтирилган ва сиқилган газнинг, ёнилғи тегишли турининг олинган ҳажмига назорат-касса аппаратининг чекини мажбурий равишда тақдим этган ҳолда, ажратилган лимитлар доирасида ведомостлар асосида, ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали сотилишини ташкил этиш кўрсатилган. Ушбу банд юридик шахслар учун ёзилган.

Нефть маҳсулотларини юридик шахсга корпоратив пластик карточка бўйича бериб, биз Вазирлар Маҳкамасининг 5.02.2004 йилдаги 57-сон Қарорига 3-илованинг 34 ва 36-бандларини бузяпмиз, уларга кўра автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси қайта сотилиши мумкин эмас.

«Poytaxt Oil» МЧЖ ҚК.

 

– Биз «Poytaxt Oil» МЧЖ ҚКнинг «Карточка эсдалик учун берилмайди» маслаҳатининг («СБХ», 21.01.2014 йилдаги 3 (1015)-сон) хулосаларига муқобил нуқтаи назари билан қизиқиб танишиб чиқдик. Бироқ унга қўшилмаганлигимиз боис, «эски» мавзуга қайтиш ва энди ўз томонимиздан унга тўлиқ равшанлик киритишга қарор қилдик.

Бунинг учун биринчи навбатда қуйидаги саволга жавоб бериш зарур: автоёнилғи қуйиш шохобчаларига автомобиль бензини ва дизель ёқилғисини юридик шахсларга сотиш тақиқланганми?

«Poytaxt Oil» МЧЖ ҚК раҳбариятининг фикрича, Мод­дий-техника ресурслари стратегик турларини сотишнинг махсус таркиби тўғрисида низом (ВМнинг 5.02.2004 йилдаги 57-сон Қарорига 3-илова) автоёнилғи қуйиш шохобчаларига бензинни юридик шахсларга пластик карточкалар бўйича сотишни тақиқлайди. Бироқ ушбу ҳужжатнинг мақсади – ишлаб чиқарувчи билан пировард истеъмолчи ўртасидаги «ортиқча» улгуржи воситачиларни бартараф этиш учун монополиячи корхоналар маҳсулотининг айрим турларини сотиш бозор механизмларини белгилашдан иборат. Унинг 34-бандида белгиланишича, автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари бензин ва дизель ёқилғисини аҳолига пировард истеъмолчи сифатида давлат белгилайдиган (тартибга соладиган) чакана нархлар бўйича сотадилар. Ушбу бандда «автобензин ва дизель ёқилғисини юридик шахсларга корпоратив пластик карточка бўйича қуйиш» тақиқланмаган, бунинг устига бандда уларнинг автоёнилғи қуйиш шохобчалари томонидан сотилиши умуман тартибга солинмайди.

Хат муаллифлари, бизнингча, ушбу Низомнинг 36-бандидан ҳам гўё автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси юридик шахсларга қайта сотилиши мумкин эмас дея нотўғри хулоса чиқарганлар. ВМнинг 57-сон Қарорига 3-илова 36-бандининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларини айнан келтирамиз:

«Очиқ биржа савдолари натижалари бўйича шарт­номалар нефть базалари ва бевосита истеъмолчилар ўрта­сида ҳақи 100% олдиндан тўланиши шартлари билан тузилади ҳамда етказиб бериш ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш шартларини ўз ичига олади.

Очиқ биржа савдоларида сотиб олинган автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси қайта сотилиши мумкин эмас».

Ушбу бандда пировард истеъмолчиларнинг қайта сотиши тақиқланган. Автоёнилғи қуйиш шохобчалари уларга кирмайди, чунки чакана савдо корхоналари бўлганликлари боис улар айни бензин ва дизель ёқилғисини қайта сотиш учун ихтисослашганлар.

Бу ҳужжатда автоёнилғи қуйиш шохобчалари томонидан чакана савдо амалга оширилиши тартиби белгиланмаганлиги сабабли айни шуни белгилайдиган қонун ҳужжатлари билан танишиб чиқиш лозим.

Автоёнилғи қуйиш шохобчалари бензин ва дизель ёқилғисини юридик шахс­ларга сотиши мумкинлиги қайси меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган?

Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг1 2-бандига кўра, чакана савдо – савдо соҳасида якуний истеъмол учун, ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда нақд пулга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш. Бунда «аҳолига нақд пулга» сотиш тартиби белгиланган. Ана шу ҳужжат 19-бандининг тўртинчи–олтинчи хатбошиларига кўра чакана савдо корхоналарига товарларни юридик шахсларга нақд пулсиз ҳисоб-китоб ва корпоратив пластик карточкалари бўйича сотишга рухсат берилади. Бунда ушбу меъёрлар бир-бирига зид эмаслиги, бир-бирини истисно этмаслиги, балки бир-бирини тўлдиришини тушуниш муҳим. Шу боис модомики автоёнилғи қуйиш шохобчалари бензин ва дизель ёқилғисини аҳолига нақд пулда сотаётган экан, улар юридик шахсларга уларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотишга ҳақли эмаслар деган фикр Улгуржи ва чакана савдо фаолия­тини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга зиддир.

Рухсатномалар, тарқатиш ведомостлари ва лимит китобчалари бўйича автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун нефть маҳсулотлари, суюл­тирилган ва сиқилган табиий газни бериш қоидалари2 муҳокама қилинаётган масалани тартибга солувчи яна бир жуда муҳим ҳужжатдир. Улар юридик шахсларнинг хизмат сафарига юборилган автотранспорт воситаларига лимит китобчалари бўйича нефть маҳсулотларини бериш тартибини батафсил белгилайди, бунда юридик шахс улар тузилган шартномалар бўйича нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ва ушбу мақсадларга банклар берган нақд пул билан ҳисоб-китобларни амалга оширадилар. Нефть маҳсулотлари корпоратив банк пластик карталари бўйича берилганда эса рухсатномалар, тарқатиш ведомостлари ва лимит дафтарчаларидан фойдаланилмайди. Улар учун бошқача тартиб белгиланган, чунки Қоидаларнинг 28-бандига кўра, корпоратив банк пластик карталари асосида берилган нефть маҳсулотлари ва газ учун ҳисоб-китоб Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга3 мувофиқ амалга оширилади. Унинг 9-бандига кўра корпоратив банк картаси воситасида тўловлар амалга оширилганда ҳисобот ҳужжатлари сифатида терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича тўловни терминал орқали қабул қилган ходимнинг имзоси ва «Тўланди» муҳри қўйилган счётлар ва квитанциялар хизмат қилади. Низомда ушбу ҳолда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш назарда тутилмайди. Айтиш жоизки, «Карточка эсдалик учун берилмайди» маслаҳати муаллифлари корпоратив банк картаси билан тўлаш чоғида зарур ҳужжатлар рўйхатида ҳисобварақ-фактураларни кўрсатмаганлар.

Қонунчилик регламентларининг таҳлили бир қатор хулосалар чиқариш имконини беради.

Биринчидан, Моддий-тех­ника ресурслари стратегик турларини сотишнинг махсус тартиби тўғрисида низом автоёнилғи қуйиш шохобчаларига юридик шахсларга бензин ва дизель ёқилғисини пластик карточкалар бўйича сотишни тақиқламайди.

Иккинчидан, Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом чакана савдо корхоналарига товарларни юридик шахсларнинг корпоратив пластик карточкалари бўйича сотишга рухсат беради.

Учинчидан, Рухсатномалар, тарқатиш ведомостлари ва лимит китобчалари бўйича автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун нефть маҳсулотлари, суюлтирилган ва сиқилган табиий газни бериш қоидалари ҳамда Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом автоёнилғи қуйиш шохобчалари томонидан берилган нефть маҳсулотлари ва газ учун корпоратив банк пластик карталари асосида ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, АЁҚШ бензин ва дизель ёқилғисини юридик шахс­ларга пластик карточкалар бўйича сотишлари мумкингина эмас, балки шарт ҳам. Тижорат банклари томонидан банк карталари чиқариш ва уларнинг республикадаги муомаласи тартиби тўғрисида низомнинг4 40-бандига кўра товар (ишлар, хизматлар) сотувчиси (шу жумладан АЁҚШ ҳам) мазкур тўловлар тизимига тегишли бўлган барча банк карталарига автоёнилғи қуйиш шохобчалари билан эквайер, яъни АЁҚШ билан ҳисоб-китобларни банк карталаридан фойдаланган ҳолда операциялар бўйича амалга оширадиган банк ўртасидаги шартномада назарда тутилган шартларда хизмат кўрсатиши шарт.

Солиқ кодексининг 119-моддасига кўра эса, фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўр­сатганлик – ЭКИҲнинг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу ҳаракатлар жарима қўлланилганидан ке­йин 1 йил ичида содир этилганда – энг кам иш ҳақининг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Плас­тик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик – ЭКИҲнинг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, жарима қўлланилганидан ке­йин бир йил ичида такрорий ҳуқуқбузарлик содир этилганда эса жарима суммаси икки баравар кўпаяди.

Айни шу сабабли «Карточка эсдалик учун берилмайди» мақоласида муаллифлар ҳайдовчиларга автоёнилғи қуйиш шохобчаларида плас­тик карточкалар бўйича тўловларни қабул қилиш ва (ёки) ушбу ҳолда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш рад этилган тақдирда ДСҚнинг ишонч телефонларига мурожаат этишни тавсия қилганлар.

 

1ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган.

2Ўздавнефтгазинспекция, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг АВ томонидан 23.01.2010 йилда 2072-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

Сергей ГУРВИЧ,

экспертимиз.

Прочитано: 6007 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика