Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 18 / 9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Сизга таъзим, эй умри азиз отахонлар!

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 9 май ҳар йили мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади: бунда одамларни эзгуликка, абадият­га, меҳр-оқибат ва олижанобликка даъват этиш муддаоси мужассам.  

 

Шонли санага бағишланган ўз иншосида лицей талабаси Акмал Мардонов шундай деб ёзибди: «Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни Қодир бувамникида йиғиламиз. У кишининг ёши тўқсонни қоралаб қолди. Иккинчи жаҳон уруши ветерани эканликлари боис ўз ҳаётлари, жанговар ўртоқлари ҳақида қизиқ-қизиқ нарсаларни гапириб берадилар. Ўша йиллардаги воқеалар бутун тафсилоти билан хотираларида сақланиб қолганлиги ҳам эътиборни тортади.

Уруш бошланганида саккизинчи синф ўқувчиси эканлар. 1942 йили снайперлик билим юртида олти ойлик таълим курсини ўтаб, Ивановодаги танкчи-десантчилар билим юртига йўлланма олибдилар. Бир йилдан кейин у кишини фронтга жўнатишибди. Аввал Ленинградда, сўнгра Латвияда жангу жадалларда қатнашибдилар. Қуролни қўлдан қўймай Германияга қадар борибдилар. У ерда қаттиқ яраланган эканлар.

Уруш йилларининг оғир синовларига дош бериш асносида қанчадан-қанча ўртоқларидан жудо бўлган бобом, бир мўъжиза бўлиб омон қолган эканлар. Госпиталда роппа-роса 8 ой даволашибди. Оиламиз бағрига қайтгач, Бухоро радио-техника билим юртига кириб ўқибдилар. Шундан кейин ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида «Нурота телеком» компанияси филиалида ишлаб, 2004 йили пенсияга чиқдилар».

Тўрти кам юз ёшга тўлган ветеран Саттор бобо Қаҳҳоров ҳам мухорабанинг оловли йўлларини босиб ўтганлардан. Уруш бошлангач, фронтга кўнгилли бўлиб кетган экан. Милтиқ отишни икки ҳафта ўқиб-ўргангач, уни Болтиқбўйи фронтига юборишибди.

– Ўша уруш иштирокчиси бўлган аскарлар не-не оғир синовларни бошидан кечирганлигини сўз билан баён этиш қийин, – Саттор бобо шу сўзларни салмоқланиб айтар экан, кўз ёшларини секингина артиб олади. – Чарчоқ, бадан-баданингдан ўтиб кетадиган совуқ, очлик азобига қарамай, ҳужумга ташланардик бир жону бир тан бўлиб. Ҳар сафар бу галги ҳужум ҳаётимизда охиргиси бўлиб қолиши мумкинлигини бутун онгу шууримиз билан ҳис этардик. Баъзан елка баробар лой кечишга тўғри келарди: бошингни пасайтирсанг нафасинг тиқилиб қолиши, бошингни сал кўтарсанг, снайпер ўқига дуч келишинг ҳеч гап эмас эди. Ўн киши иккита пулемёт билан фашист танкларининг взводи ҳужумини тўхтатиб қолган пайтимиз ҳам бўлган. Ўшанда хаёлан бир-биримиз билан хайрлашган, рози-ризолик ҳам тилашган эдик. Бахтимизга ёрдам вақтида етиб келди. Яна бир мўъжиза ёнгинамга снаряд келиб тушганида рўй берган: у ерга қозиқдай кириб тик туриб қолган-у, аммо портламаган. Ана шунда ҳаёт нақадар азиз ва қадрли эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилганман. Фойдага қолган ҳаётимни уйга қайтгач, фақат хайрли ишларга бахш этаман деб ўз-ўзимга сўз берганман.

Ветераннинг орзуси ушалди. Боши, қўли ва оёғидан яраланган бўлса-да, немисларнинг Кёнисберг (ҳозирги Калининград) шаҳригача жанг қилиб борди ва ғалабани шу ерда нишонлади. У билан бирга урушга кетган 56 нафар элатларидан фақат 3 кишига қадрдон Карманага соғ-омон қайтиш насиб этди.

1948 йили Саттор бобо уйланди. Рафиқаси уруш йиллари меҳнат фронтида ишлаган экан. Оилада олти қиз ва икки ўғил дунёга келди. Кенжаси тўққиз ойлик бўлганида хотини Малика ая оғир дардга чалиниб вафот топди. Яқинлари қанчалик кўндиришга уринмасин, ветеран бошқа уйланмади. Болаларни ёлғиз ўзи оёққа турғазди. Ҳозир 25 невара ва 45 эвараси бор.

Бугунги кунда вилоятимизда 197 нафар ветеран умргузаронлик қилмоқда. Айниқса, шу байрам арафасида уларни йўқловчилар кўпаяди. Маҳаллий маъмурият раҳбарлари ва ходимлари, корхона ва ташкилотларнинг, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ўқув юртларининг вакиллари отахоннинг қўлини, дуосини олиш учун келишади. Уруш қаҳрамонлари ҳузурига совға-саломсиз боришмайди, албатта.

Меҳнат фронтининг 2 647 нафар иштирокчиси, шунингдек 100 ёшга тўлган 55 нафар отахон ва онахон ҳам эътибордан четда эмас.

Дарвоқе, ёши улуғ кишилар доимий эътибор ва ғамхўрлик билан қуршаб олинган. Чунончи, жорий йилнинг биринчи чорагида улардан 798 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди, 318 нафари стационарларда соғлиғини тиклаб олди. Мамлакатимиз санаторийларида 246 киши дам олиб даволаниб қайтди. Барча ветеранларга қарийб 11 млн сўмлик дори-дармон ва тиббий воситалар бепул тарқатилди. Уруш иштирокчиларидан 15 кишининг уй-жойи таъмирлаб берилди.

 

Иккинчи жаҳон уруши жанг майдонларида 1,5 млн ўзбекистонлик иштирок этган бўлиб, шулардан учдан бир қисмига оиласи бағрига қайтиш насиб этмади. Биз номлари пойтахтимизнинг Хотира майдонида мангу мужассам топган аждодларимизнинг мардлик ва жасоратидан ҳақли равишда фахрланамиз. Йиллар, асрлар ўтар, аммо фронтнинг олдинги қаторларида жанг ва фронт ортида меҳнат қилган ота-боболаримизнинг жасорати ҳеч қачон унут бўлмайди.  

Жалил НОРОВ,

«Нуроний» жамғармаси Навоий вилоят кенгашининг раиси.

Прочитано: 827 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика