Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 18 / Хўжалик юритиш амалиётидан

Ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби қандай бўлади?

Ўриндошлик бўйича ишлаш ходимнинг асосий ишидан бўш вақтида қўшимча меҳнат вазифаларини бажариши ҳисобланади.

Иш берувчи билан ўриндошлик асосида ишловчи ходим ўртасидаги муносабатлар қуйидагилар билан тартибга солинади:

– Меҳнат кодекси (МК),

– ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда – 297-сон Низом).

Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;

агар шахснинг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари, давлат бошқаруви органлари раҳ­барлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;

бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари – соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар) (297-сон Низомнинг 4-банди).

297-сон Низомнинг II бўлимига биноан ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шарт­номасига мувофиқ:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида – ҳақиқатда бажарилган иш учун;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида – ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади.

Бунда ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат унумдорлигига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб, ишланган вақтга мутаносиб равишда, қонун ҳужжатларида белгиланган. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ягона тариф сеткаси бўйича I разряд тариф коэффициенти асосида ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас.

Туман коэффициентлари ва иш ҳақига устамалар белгиланган туманларда ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш коэффициентлари ва устамалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Асосий иш жойидан ташқарида ўрин­дошлик бўйича ишга киришда ходим асосий иш жо­йидан маълумотнома (меҳнат дафтарчасининг ўрнига), паспорт, АВ томонидан 29.01.2013 йилда 2417-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг буйруғи (кейинги ўринларда – 2417-сон Буйруқ) билан тасдиқланган шакл бўйича асосий иш жойидан маълумотнома ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Маълумотномада корхонанинг номи ва манзили, ходим асосий иш жойи бўйича бажарадиган иш (лавозим) номи кўрсатилган бўлиши керак. Иш берувчи ходимдан таълим олганлиги ёки касбий тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни ҳам кўрсатишни талаб қилишга ҳақлидир.

Ўриндошлар билан меҳнат шартномаси барча зарурий талабларга риоя қилинган ҳолда ёзма шаклда тузилади. Ўриндошлик бўйича ишга қабул қилинаётган ходимга мажбурий тартибда ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарилиши, шахсий варақача юритилиши, корхона бухгалтерияси томонидан эса шахсий ҳисобварақ очилиши керак. Буйруқ ходимга имзо чектириб маълум қилинади.

Ўриндошлик бўйича иш тўғрисидаги ёзув меҳнат дафтарчасига 2417-сон Буйруқ билан тасдиқланган шакл бўйича асосий иш жойидан маълумотномага асосан ўриндош ходимнинг илтимосига биноан киритилади.

Таъкидлаш лозимки, башарти ўриндошлик бўйича ишловчи ходимлардан қонун ҳуж­жатларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқ ушлаб қолинса, улар жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчилар сифатида жамғариб бориладиган пенсия тизимининг мажбурий қатнашчилари ҳисобланадилар. Фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий бадаллари ходимнинг ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи (даромади) солиқ солинадиган суммасининг 1 фоизи миқдорида ҳисоблаб ёзилади, ушбу сумма жисмоний шахсларнинг даромадига қонунга мувофиқ ҳисоблаб ёзилган солиқ суммасидан тегишинча чегирилади (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом).

Ўриндошлик бўйича иш давомийлиги кунига 4 соатдан ёки дам олиш кунида тўлиқ иш кунидан ошмаслиги лозим. Алоҳида ҳолларда ўриндошлар учун иш вақтининг умумлаштирилган ҳисобини олиб боришга йўл қўйилади. Ўриндошлик бўйича бир ой мобайнида ишларнинг умумий давомийлиги ходимларнинг тегишли тоифаси учун белгиланган ойлик меъёр­нинг ярмидан ошиб кетмаслиги керак.

Ўриндошлик бўйича ишловчи ходимлар асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда, йиллик меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эгалар (МКнинг 133, 143-моддалари).

Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсиз­лик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир (297-сон Низомнинг 18-банди).

Ўриндошларни ишдан бўшатиш республика меҳнат қонунчилигида назарда тутилган умумий асосларда амалга оширилади. Бунда ишдан бўшатиш нафақаси ўриндошларга МКнинг 109-моддасида назарда тутилган асослар бўйича, ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўланади.

Ўриндошлик асосида ишламайдиган бош­қа ходимнинг ишга қабул қилиниши, яъни ўриндош ўрнига ушбу ишга унинг учун бу иш асосий бўлган ходимнинг ишга олиниши муносабати билан иш берувчининг хоҳишига кўра ўриндош билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ишдан бўшатиш учун асос бўлиб ҳисобланади (МКнинг 100-моддаси 5-банди).

 

Материаллар «Кичик корхона электрон бухгалтери»

ва «Солиқлар: саволлар ва жавоблар» электрон-маълумотлар тизимларидан олинди.

Прочитано: 5615 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика