Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 18 / Солиқ солиш

Қурувчилар вақтинча ишламаганда...

Бизнинг қурилиш ташкилотимиз ёрдамчи пудратчи ҳисобланади. Ҳисобрақамимизга пулларнинг ҳаммаси бош пудратчидан келиб тушади. Имзоланган далолатномаларга кўра биз ўтган йилнинг IV чораги учун 2 100 000 сўмга тенг ЯСТни ҳисобладик, «Камолот» жамғармасига 190 786 сўм ўтказилди. Ҳисоб-китоб ўз муддатида қабул қилинди, «Камолот»га пул 15 февралгача тўлиқ тўланди. ЯСТ 900 000 сўм миқдорида тўланди, қолган сумма – 1 200 000 сўм картотекага қўйилди.

Ўтган йил учун ЖШДС ҳисоб-китоби 13.02.2014 йилда қабул қилинди. Унга кўра биз қўшимча 500 000 сўм даромад солиғи тўлашимиз керак. 700 000 сўмга тўлов қоғози 13.02.2014 йилда картотекага қўйилди.

17.02.2014 йилдаги ДСИ билан солиштирма далолатномага кўра ЯСТ бўйича 1 200 000 сўм, ЖШДС бўйича 563 238 сўм тўланиши керак.

21.02.2014 йилда ДСИнинг камерал бўлими агар 2-картотекани 30 кун ичида сўндирмасак, бизни солиқларни тўламаган сифатида судга беришлари, бу эса директор ва бухгалтерга 10–15 ЭКИҲ миқдорида жарима солинишига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Бундай ҳаракатлар қанчалик тўғри? Солиқ кодексининг қайси моддаси уларни тартибга солади?

Иш ҳажмлари бўлмаганда асосий ишлаб чиқариш ходимларини тўлиқ иш ҳафтасига эмас, балки кун оралатиб ишга чақириш мумкинми? Агар рўйхат таркибида асосий ишлаб чиқаришнинг 15 ходими ва 3 нафар маъмурий-бошқарув ходими бўлса, февраль учун ЯИТ энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китобини тўлдиришда киши-соатлар қандай ҳисобланади?

И.Доркина.

 

– Солиқлар ва бошқа маж­бурий тўловларни тўлаш бў­йича бажарилмаган мажбуриятлари бўлган солиқ тўловчи ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бў­лишидан қатъи назар, солиқ­лар ва бошқа мажбурий тў­ловларни белгиланган тўлаш муддатидан кечиктирмай уларни хизмат кўрсатаётган банкка тўлаш учун тўлов топши­риқномасини тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг (СК) 59-моддаси). Мижознинг ҳисобварағида етарли маблағ бўлмаган тақдирда, тўлов топшириқномаси 2-кар­тотекага жойлаштирилади ҳам­да маблағларнинг келиб тушишига қараб белгиланган тартибда тўланади (Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг1 32-банди).

Маъмурий жарима корхонанинг мансабдор шахс­ларидан солиқларни тў­лашдан қасддан бўйин то­вланган тақдирда ундирилади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 174-моддаси). Бунда башарти уни содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ғайри­ҳуқуқий эканлигини билган бўлса, унинг зарарли оқибатларига кўзи етган, юз беришини истаган бўлса ёки бу оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган деб ҳисобланади (МЖТКнинг 11-моддаси). СКнинг 59-моддасидаги талабларга риоя этган ҳол­да белгиланган муддатда солиқларни тўлаш учун тў­лов топшириқномаларини тақдим этгансиз. Ушбу далил корхонанинг мансабдор шахслари солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товламаганлигини тасдиқлайди, шу сабабли жарима қўллаш нотўғри.

Қурилиш ишлари ҳажми бўлмаган ҳолда сиз ходимларга вақтинча тўлиқсиз иш ҳафтасини белгилашингиз мумкин. Меҳнат кодексининг 89-моддасига кўра иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини (хусусан, иш вақти муддатини) ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир. Бунинг учун меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимларни камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиш шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимларнинг розилиги билан йўл қўйилади.

ЯИТнинг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби­ни тўлдириш мақсадида ки­ши-соатлар ҳисоб-китоби юзасидан қуйидагиларни қайд этамиз. Сизнинг ташкилотингиз қурилиш билан шуғулланиши сабабли, аввало, сиз ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳисоб-китоби билан биргаликда ДСИга айни қандай Маълумотнома-ҳисоб-китобни – ЯИТнинг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби ёки Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди тўғрисида маълумот­нома-ҳисоб-китоб­ни топширишингизни аниқлаш зарур. ЯИТ ҳисоб-китобининг қўлланаётган тартибига муво­фиқ ДСИга маълумотномаларнинг биттаси берилади.

ЯИТнинг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-кито­бини Ягона ижтимоий тўлов­нинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга2 мувофиқ энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯИТ тўлайдиган корхоналар тўлдирадилар ва ДСИга тақдим этадилар. Ушбу Низом, у белгилайдиган тартиб сингари, қурилиш ташкилотлари – ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фао­лият тури қуйидаги турдаги қурилиш ишларини бажариш бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди:

барча турдаги бинолар, спорт иншоотларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шунингдек қурилиш майдонларидаги йиғма қури­лиш конструкцияларини монтаж қилиш;

бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилишда қурилиш майдонини тайёрлаш;

ҳар хил турдаги бино ва иншоотлар учун умумий бўлган бир йўналишга ихтисослаштирилган ҳамда махсус малака ва асбоб-ускуналарни талаб қилувчи қурилиш фаолияти (фундамент қуриш, шу жумладан қозиқ қоқиш; ўзи ишлаб чиқармаган пўлат конструкция­ларни монтаж қилиш; арматура каркаслари элементларини букиш; ғишт ва бошқа тошларни териш; ҳавозалар ва тахтасупаларни, шу жумладан ижарага олинганларини ўрнатиш ва демонтаж қилиш, ўзи ишлаб чиқармаган фасад каркасларини монтаж қилиш ва ўрнатиш);

бино ва иншоотларни қу­риш ва реконструкция қи­лишда муҳандислик асбоб-ускуналарини ўрнатиш;

бино ва иншоотларни қу­ришда ишлов бериш ва бошқа якуний ишлар;

аҳоли буюртмалари бўйи­ча уй-жойларни (квартираларни), шунингдек ишлаб чиқариш учун мўлжаллан­маган бино (хона)ларни таъмирлаш.

Агар бажариладиган қу­ри­лиш ишлари бўйича сиз қурилиш ташкилотларининг келтирилган таърифига мувофиқ келмасангиз, кўр­сатилган Низомга кўра ЯИТни ҳисоб-китоб қиласиз ва уни тўлайсиз ва ДСИга ЯИТнинг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби­ни топширасиз. Унда иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра бир ойда барча ходимлар (асосий ишлаб чиқариш ходимлари + маъмурий-бошқарув ходимлари) амалда ишлаган кунлар сони кўрсатилади. Бунда кун унда ишланган соатлар сонидан қатъи назар ишланган ҳисобланади. Амалда ишланган кунларга йиллик меҳнат таътили ва иш ҳақи сақланган ҳолда бериладиган таътил кунлари ҳам киради.

Агар сиз қурилиш ташкилоти ҳисоблансангиз, солиқ солиш мақсадида сизга энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯИТ тўлаш тартиби эмас, балки ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини белгилаш ҳамда улар билан боғлиқ солиқлар ва мажбурий тўловларни қўшимча ҳисоблаш тартиби татбиқ этилади. ДСИга ЯИТ ҳисоб-китоби ва суғурта бадаллари ҳисоб-китоби билан бирга Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб-китоб топширилади. Унда кўрсатиладиган қурувчи ишчилар сонининг энг кам меъёри киши-соатларда қури­лиш ишларини бажаришга меҳнат сарфларидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқланади. Бунда тасдиқланган шаҳарсозлик нормалари ва меҳнат сарфи меъёрлари қоидалари бўлмаган ва, тегишинча, улар асосида тузилган смета бўлмаган тақдирдагина амалдаги меҳнат сарфи ҳисобга олинади (Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг3 16-2-банди). Қолган ҳолларда қурувчи ишчиларнинг иш режимидан қатъи назар, ҳар бир қурилиш объекти бўйича меҳнат сарфи шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларидан ҳамда улар асосида тузилган сметалардан келиб чиқиб аниқланади. Ходимлар сонининг энг кам меъ­ёрини ҳисоб-китоб қилишда қурувчи ишчиларнинг рўйхат таркиби қўлланмайди.

 

1МБ бошқарувининг АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 28.12.2010 йилда 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

Жавобни
«Norma Ekspert»
мутахассислари
тайёрладилар.

 

 

Прочитано: 1012 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика