Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 18 / Бизнинг маслаҳатлар

Таъсисчи мол-мулкини берса...

– Мазкур операциянинг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатлари таъсисчининг активларни корхонага қандай шартлар асосида берганлигига боғлиқ бўлади.

Хусусан, Солиқ кодексининг 355-моддасига асосан ялпи тушум ЯСТ бўйича солиқ солиш объекти бўлиб, солиқ солиш мақсадида ялпи тушум таркибига товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган бошқа даромадлар киритилади.

Солиқ кодекси 132-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мувофиқ, текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар бошқа даромадларга киради ва улар солиқ тўловчининг даромади ҳисобланади.

Мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар текин асосда олинаётганда олувчи шахснинг даромадлари бозор қиймати бўйича белгиланади.

Мол-мулкнинг, мулкий ҳуқуқ­ларнинг бозор қиймати ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:

жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;

етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

биржа маълумотлари;

давлат статистикаси органларининг маълумотлари.

Демак, таъсисчидан олинадиган мол-мулкни албатта баҳолаш лозим бўлади (уни худди шундай фойдаланиш муддатига эга бўлган мол-мулкнинг шу хил турлари қийматидан келиб чиққан ҳолда қолдиқ қиймат бўйича амалга оширса ҳам бўлади).

Шу тариқа, агар таъсисчи ди­ван-кресло, шкаф, мебель, компьютер, кондиционер, стол ва стуллар каби мол-мулкларни корхонангизга совға қиладиган бўлса (ҳадя шартномаси бўйича), уларнинг кирим қилиниши корхонанинг асосий фаолият тури ставкаси бўйича ЯСТ солинадиган бошқа даромаддир.

21-сон БҲМСга асосан ушбу операциялар бўйича бухгалтерия ҳисобида қуйидаги ёзувлар берилади:

0140, 0150 ва 1090-ҳисобварақ­лар дебети (олинган активлар корхонангизнинг ҳисоб сиёсатига кўра қандай активларга киришига боғлиқ);

8530-«Текинга олинган мол-мулк» ҳисобварағи кредити.

Энди иккинчи ҳолатни келтирамиз, яъни агар таъсисчи сиз қайд этган мол-мулкларни (активларни) корхонага текинга фойдаланиш шартномаси бўйича вақтинча фойдаланишга берса, уларнинг ҳисоби 011-«Ссуда шартномаси бўйича олинган мол-мулк» балансдан ташқари ҳисобварағида юритилади.

Ушбу ҳолда корхонада мол-мулкдан бепул фойдаланаётганлиги сабабли солиқ солинадиган бошқа даромад ҳам юзага келади. Амалиётда бундай даромад (мебель, компьютерлар ва ҳоказолар бўйича) активлар бўйича ҳисоблаб ёзилмаган амортизация миқдорида белгиланади.

Олинган даромад 21-сон БҲМСга асосан бухгалтерия ҳи­собида қуйидаги ёзувларда акс эттирилади:

харажатларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари дебети (активлардан қаерда фойдаланилишига боғлиқ);

9390-«Бошқа операцион даромадлар» ҳисобварағи кредити.

Бироқ корхонада ўтказиладиган молия-хўжалик фаолияти бўйича ҳужжатли текшириш чоғида мазкур сумманинг тўғри белгиланганлигини, эҳтимол, исботлашга тўғри келар. Бундай вазиятларга йўл қўймаслик учун яхшиси ушбу мол-мулкни таъсисчидан ижарага олиб, таъсисчини ҳам, корхонани ҳам қаноатлантирадиган ижара ҳақининг мақбул суммасини белгилаш керак деб ўйлаймиз. Мазкур ҳолда корхонада солиқ солинадиган даромад юзага келмайди.

Бироқ, солиқ оқибатлари таъсисчида юзага келади – ундан ижара ҳақи суммасидан энг кам ставкада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланади.

 

Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 3900 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика