Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 10 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Зўр ишлайдиган бухгалтер деганлари ким?

Кўпинча бухгалтер ўз ишининг билимдони бўлиши, унинг ошиғи ҳамиша олчи бўлиши керак дейишади. Билимдонлик ўз йўлига, аммо ошиғи олчи бўлишлик замирида нималар ётибди экан?

Етарлича иш стажига эга, ўриндошлик йўли билан психологлик ҳам қилаётган бухгалтер Елена Алиева бу борада бизга яқин ёрдамчи бўлди.

 

ҲУЖЖАТЛАРНИ БИЛИШ, ОДАМЛАРНИ ТУШУНИШ

Иши аъло даражада бўлган, бинобарин зўр ишлайдиган мутахассис ҳақида сўз борар экан, унинг фаолиятидаги асосий вазифаларни билиш жуда муҳимдир. Кўпчилик буларнинг ҳаммаси ҳисоб иши билан, молиявий ҳужжатлар билан боғлиқ деб ўйлайди. Лекин бу вазифалар одамдан масъулиятли, синчков ва эътиборли бўлишни, асаббузарликларга чидамли бўлишни, вақтни бошқара билиш ва қадрлашни, қонунчилик билимларини пухта эгаллаган бўлишни талаб қилади. Қонунларни шунчаки билиш эмас, балки уларни чуқур тушуниб етиш, ҳуқуқ бобидаги янгиликлардан бохабар бўлиб туриш билан чекланмай, уларнинг оқибатларини ҳам кўра билиш талаб этилади. 

Бироқ мутахассис муваффақиятини таъминлаш учун буларнинг ўзи етарли эмас. Давлат органлари ходимлари, айтайлик солиқ идоралари ходимлари билан тўғри мулоқот қила билишда ҳам гап кўп.

Бир мисол келтираман. Узоқ йиллар бухгалтер бўлиб ишлаган холаваччамнинг хотираси зўр эди. Норматив-ҳуқуқий ва қонун ҳужжатларини унча-мунча юристдан кам билмасди. Ҳар қандай мураккабликдаги бухгалтерия ҳисобини оқилона олиб борарди. У назокатли ва юмшоқкўнгил эканлигига қарамай, нотаниш одамлар билан муомалада эҳтиёткор, ётсираб турарди. Шу боис у суҳбатдошда қандайдир совуққон, забти тез аёл тариқасида таассурот қолдирарди. Бу феълидан солиқ текширувлари ўтказилаётганда кўп бора панд еган. Негаки бундай кезлари инсон омили ва амалий руҳдаги суҳбатлашув ўрни бўлакдир. Шу сабабли ҳам иш берувчилар бундай бухгалтердан, гарчи унинг тоғдек ҳимоя-қалқон бўлиб туришини билсалар-да, бирмунча тажрибасизроқ, одамлар билан тез киришиб кетадиган мутахассисларни афзал билардилар.

Бухгалтерлик фаолияти тақозоси билан солиқ инспектори, бошлиқ, контрагент деганларидек, турли одамлар билан муомалада бўлиш зарур. Бунда эса айни сабр-чидам, ўзини тута билиш, бағрикенглик сингари фазилатлар керак. Кўпгина психологлар кулиб, ҳеч бўлмаганда кулимсираб туришни тавсия этишади. Бинобарин жилмайиб турган одамга ёмонлик исташ, раво кўриш қийин. 

 

БИЗНЕСДАГИ БИЛИМДОНЛИК

Бухгалтер компанияда раҳбардан кейинги иккинчи шахс деб кўп гапиришади. Ҳисоб соҳасида «пихини ёрган» мутахассислар аксарият ҳолларда директор қатори компания муассислари сирасига киради. Шахсан мен ўз бизнес ишини яхши юритаётган кўпгина эр-хотинларни биламан. Бунда одатда эр компания раҳбари, аёл эса бош бухгалтер бўлиб ишлайди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам аъло даражадаги иши билан ажралиб турувчи бухгалтер корхонанинг молия ва солиқ бобидаги масалаларини яхши тушунишдан ташқари бизнес ишининг ўзига хос жиҳатларини ҳам билиши керак. Акс ҳолда харажатларни шакллантириш, солиқларни ҳисоблаб чиқариш унга осон бўлмайди. Зотан ишлаб чиқаришдаги талаб умумий овқатланиш тармоқларидаги талабдан фарқ қилади. Бюджет ташкилотлари бу жиҳатдан тижорат ташкилотлари билан бир хил эмас. Табиийки, ҳамма соҳани қамраб олиб бўлмайди. Шундай бўлса-да, бугунги кунда барча соҳаларда кўламдор билимларга эга бўлиш тобора қадр топмоқда.

МУТТАСИЛ ЎҚИБ-ЎРГАНИШ, ЎЗ УСТИДА ИШЛАШ, ЎЗГАРИШЛАРГА ИНТИЛИШ

Билимини ошириш, ўз устида ишлаш ва камолотга интилиш ҳар қандай касбда муҳим эканлиги сир эмас. Мабодо мутахассис ўз соҳасида катта ютуққа эришишни истаса, буни сира унутмаслиги лозим. Бундай қилиш учун эса имкониятлар етарли. Ихтисослаштирилган адабиётлар, матбуот, сайтлар, электрон дастурлар, курслар, семинарлар шу мақсадни рўёбга чиқаришга қаратилган.

Юқорида айтган таниш бухгалтерим бўш вақтларида мавзуга оид адабиётларни ўрганишни, бизда, Тошкентда етарлича миқдорда ўтказиб келинаётган семинарларда қатнашишни маъқул кўради. Ҳозирги кунда CAP/CIPA бўйича сертификатлаштириш йўналишидаги курслар бирмунча шуҳрат топган. Ўзини билган ташкилотлар, шу жумладан халқаро ташкилотлар бухгалтерларни ишга қабул қилишда энг аввало шундай сертификатлари бор-йўқлигига эътибор қилишади.

Буларнинг ҳаммаси хизмат пиллапоясидан юқорилаш учун ҳам, мўмайгина маош олиш учун ҳам керак. 

 

ИДОРА ЭТИШ ҚОБИЛИЯТИ

Бу осонликча эришилмайдиган кўникма. Менга қолса, уни энг мураккаб ишлардан бири деган бўлур эдим. Башарти сиз бош бухгалтер бўлсангиз, қўлингизда ёрдамчилар ёки бутун бир бўлим бўлса, тасарруфингиздаги хизматнинг ишини тўғри ташкил эта билиш ва мақбуллаштириш пайида бўлганингиз дуруст. Ваколатларнинг муайян қисмини қўл остидагиларга ўтказиш, мажбуриятлар доирасини қатъий белгилаб қўйиш, назорат қилиб туриш жуда муҳимдир. Бу айниқса солиқ текширувлари пайтида ва ҳисобот топшириладиган кезлари ўзингизга ҳам, корхонангизга ҳам асқотади. Нўноқликка йўл қўйиш эса аксинча, талайгина муаммолар келтириб чиқаради.

Бир вазиятни тавсиф эта қолай. Йирик компания бухгалтериясида эндигина иш бошлаётган талабани бухгалтерияга ярим ставка маош оладиган қилиб расмийлаштиришган эди. Ана шу бўлимга раҳбарлик қилаётган дугонам у билан тил топиша олмади. Бош қашишга ҳам фурсат бўлмайдиган ҳисоботлар тайёрлаш даврида улар ўртасида низо келиб чиқди. Талаба ўз мажбуриятларини бажара олмади ва маълумотларни тақдим этмади, оқибатда ҳисоботни топшириш кечикиб кетди. Кейинчалик уни ишдан бўшатишди, қилган хатоларини эса бош бухгалтернинг ўзи тузатишга мажбур бўлди.

Ҳаммаси хайрли хотима топди ҳисоб. Бироқ кўнгилсиз воқеа бир неча кун мобайнида бутун хизмат ишини алғов-далғов қилиб турди.

Шу сабабли ҳам зўр ишлайдиган бухгалтернинг муҳим фазилатларидан бири юзага келаётган муаммолар ва низоларни пайқаб, уларнинг олдини ола билиш маҳорати ҳамда қобилиятидир. Бундай касбий кўникма бирдан ҳосил бўлмайди, бироқ бухгалтерия фаолиятида унинг ўрнини ҳеч нарса қоплай олмайди ҳам. Қўл остидаги ходимлар ўз билими ва малакасини ошириши учун ҳар хил йўналишлардаги семинарларда иштирок этиши сарф-харажатидан қочмайдиган талайгина раҳбарларни биламан.

БЎЙСУНУВНИНГ ҲАМ ФОЙДАСИ БОР

Бухгалтер ҳар қанча малакали бўлган тақдирда ҳам, агар у раҳбарининг, директорининг ишончига сазовор бўла олмаса, иш жойида узоқ қолиши даргумон. Бунда гап унинг раҳбарга ёқиш-ёқмаслигида эмас, балки бошлиқда ишонч ҳиссини уйғота билишидадир. Бизнес ишини юритаётган директор бухгалтерига тўла ишониши, корхонанинг тижорат сирларини ҳам унга ишониш мумкинлигини ҳис этиши лозим.

Бир ҳалол, софдил ва батартиб ишлайдиган бухгалтерни фирибгарликда ноҳақ айблаганликларига шоҳидман. Бунинг асл сабаби у ўз раҳбарида ишонч туйғусини уйғота олмаганлигидадир. Раҳбарият билан мулоқотда бухгалтер муқаддас бир қоидага риоя этиши, бинобарин у ишончли шахс бўлиб қолишга ҳаракат қилмоғи, лекин хушомадгўйлик қилмаслиги, ялтоқланмаслиги лозим.

Бунда раҳбарнинг касб эгасидан кутаётган умидларини ҳам назардан қочирмаслик лозим. У энг аввало бухгалтер ҳисобни билимдонлик билан олиб боради, ҳисоботларни вақтида топширади, солиқ текширувларига шай туради, энг муҳими, бундай текширувлардан жарима тўлаш ва шу сингари кўнгилсиз оқибатлардан холи тарзда чиқа билади деб умид қилади.

Асосий талаблардан бири даромадлардан солиқ тўлашни мақбуллаштириш ва харажатларни камайтиришдан иборатдир. Яхши бухгалтер қонун ҳужжатларини бирон-бир тарзда бузмасдан туриб фойданинг талайгина қисмини тежаб қолиши мумкин, бу эса ҳар қандай тадбиркор ёқтирадиган энг тотли «луқма»дир.

Раҳбарларнинг аксарияти кўп ҳолларда бухгалтер бутун бўлимнинг ишини қилиш­нинг уддасидан чиқишини хоҳлайди. Бу, гарчи қулай ва тежамкор иш бўлса-да, вақт ҳамда сифат нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқ эмас. Мана-ман деган малакали мутахассислар ҳам хато қилиши мумкин, иш бошдан ошиб-тошиб ётиши эса ҳеч қачон ишончни кўпайтирган эмас. Бухгалтерлари зиммасига ходимлар билан иш олиб бориш вазифасини ҳам юклаб қўяётган раҳбарларнинг бу йўсин йўл тутиши тўғри эмас. Компанияда иккинчи шахс саналган киши зиммасига шунчалик кўп топшириқ юкланганлигини кўрганда, одамда бундай бухгалтерда дебет билан кредит қандай тенг бўлиши мумкин деган савол туғилиши табиий.

МЧЖ бош директори Д.Ҳусанов:

– Мен бухгалтернинг ишини бағоят ҳурмат қиламан, бизнес ишини юритиш учун ўта зарур хизмат деб ҳисоблайман уни. Табиийки, унга нисбатан юксакроқ талабларни қўяман. Билимдон ва уқувли мутахассисни танлайман, анг аввало тажрибасига эътибор қаратаман. Суҳбат асносида ундан ишлаган йиллари мобайнида қандай муаммоларга дуч келганлигини суриштириб кўраман. Аввалги иш жойларидаги бухгалтерия ҳисобининг ўзига хос жиҳатларини чуқур билиши ҳам муҳимдир. Муайян вазиятларни мисол келтириб, шу хусусда унинг фикрини оламан, жавобларига қараб тегишли хулоса чиқараман.

Шахсий фазилатлар иккинчи даражали бўлса-да, яхшигина салмоғи бор. Мен яхши бухгалтер батартиб, ҳалол ва виждонли бўлиши, ўз ишига меҳр қўйиши ва ишидан қониқиш ҳосил қилиши жоиз деб ҳисоблайман. Ўз тажрибамдан шуни биламанки, қилаётган ишингни, фаолиятингни севмай туриб, бирон-бир ютуққа эришиш мушкул.

 

Шундай қилиб, зўр ишлайдиган бухгалтер:

бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш бўйича каттагина билимга эга. Соҳадаги ўзгаришлардан бохабар бўлиб туриш ва уларни кузатиб боришга қодир;

бизнес ишининг ўзига хос жиҳатларини яхши билади;

ўқиб-ўрганиш ва камол топишга қобил ҳамда тайёр;

раҳбариятда ишонч уйғота олади;

қўл остидагилар билан ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни билимдонлик ва уқув билан олиб боради;

ўз вақтини бошқара билади;

асабийлашиш ҳолатларида жаҳлини жиловлай билади;

сабр-чидамли, бағри кенг, ўз ҳис-ҳаяжонлари ва туйғуларини идора эта билади;

ўз касбини севади.

 

Бухгалтер касбини мураккаб ва қизиқарли дедик. Бу касб энг муҳими, камол топиш, ўз имкониятларини ишга солиш учун яхшигина имкониятлар беради. Ўз кучи ва имкониятларига ишонган ҳар қандай одам, ҳатто махсус билими бўлмаган тақдирда ҳам, бухгалтерия сир-синоатларини эгаллаши мумкин.

Бунга касби филолог Галина Никитинанинг кечмиши яққол мисолдир. У ёши ўттизга борганда ўзини бухгалтерияда синаб кўришга аҳд қилди. Курсларда ўқиди, билимини мустақил оширди. Булар ҳисоб соҳаси мутахассиси бўлиш йўлидаги қатъияти билан қўшилиб, унга катта ютуқларга эришиш имконини берди. Бугунги кунда Галина катта компанияда бош бухгалтерлик қилмоқда. Бу ишни логистика билан боғлиқ бошқа сердаромад иш билан қўшиб олиб бораётгани ҳам рост.

Тиғиз деб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти унга ишдан бўш вақтда фаоллик кўрсатишига монелик қилмаяпти. Галина волонтёрлик билан шуғулланмоқда, ижтимоий лойиҳаларда иштирок этмоқда. «Ўзбектуризм» тизимида курсни тамомлаб, шаҳар бўйича экскурсиялар ўтказмоқда. Бу дилбар аёл ҳаётда эришган салмоқли ютуқларига маҳлиё бўлиб қолмай, янада мукаммаллик сари дадил интилмоқда.

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 2763 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2016-09-21 19:43:18, Гость_раъно:
бизда аксинча!!! уша зуо ишдайдиган бухгалтр айни байрам вактларида ходимларни пулсиз тгаям битгаям ялиниб утказишини хохлайди.бу факт куп марта синалган.Хатто солик ходимлари,молия ходимлари зеч кимнинг арзини эшитмаяпти.Маошисмзни кам ёзгани етмагандек яна сизларга нотугри туланибди деб ойлигимиздан босиб колади.Ойлигисиздан босиб колиш мумкин эмаску нотугри туланган булса карорини чикариб узимизга беринг узимиз кассадан туоаб келамиз деймиз.Аммо бу гапларни факат девор эшитади.Слдик даромади удвр хохдаганча босилади.Молияга борсанггиз тугрику деб тураверади.Айни байрам саънаси арашлаган ой умуман ойлик омаймиз.яна сизларга кандай бухгалтерлар керак!!!!!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика