Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 10 / Хўжалик юритиш қоидалари

Реконструкцияга рухсат бериш қоидалари аниқлаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори (24.10.2013 йилдаги 288-сон) билан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 357-сон Низом) тузатишлар киритилди. Улар билан ушбу меъёрий ҳужжат «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунга (20.12.2012 йилдаги ЎРҚ-341-сон) ва Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар рўйхатига (ВМнинг 15.08.2013 йилдаги 225-сон Қарорига 1-илова) мувофиқлаштирилди.

Ўзгартиришлар тадбиркорлик субъектини ташкил этишнинг бошланғич босқичида рухсат бериш таомилларини тартибга солувчи асосий ҳужжатлардан бири бўлмиш 357-сон Низом бандларининг кўпчилигига тааллуқлидир. Хусусан, улар ҳужжатларни расмийлаштириш чоғида юзага келадиган алоҳида ҳолларни ҳисобга олиб аниқлаштирилган. 2014 йил 1 январдан кучга кирган янгиланишларни жамоатчи экспертимиз Мирқодир ҲИДОЯТОВ изоҳлайди.

 

Ҳозир амал қилаётган турар жой биноларини нотурар жой тоифасига ўтказишни расмийлаштириш тушунчаси бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартирган (фасадини таъмирлаган) ҳолда му­ҳандислик таъминоти юкламаларини ўзгар­тирмасдан объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш (қуриш ўрнига) билан тўлдирилди (357-сон Низом 1-бандининг учинчи хатбошиси).

Худди шундай қўшимчалар 357-сон Низомнинг 25-бандига киритилди, унда ваколатли органлар ва фойдаланиш ташкилотларида рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш босқичлари кўрсатилган.

357-сон Низомга киритилган 261-бандда объектни қайта ихтисослаштиришда ва реконструкция қилишда, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришда (фасадини таъмирлашда), юкламалари ҳажмларини ўзгартирмасдан ёки ўзгартирган ҳолда турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказишда рухсат бериш талаблари ва шартларининг ёпиқ рўйхати берилган. Шу ерга 357-сон Низом 46-бандининг турар жой биноларини нотурар жойлар тоифасига ўтказишда рухсат бериш талаблари ва шартларини белгиловчи меъёрлари кўчирилган.

Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун аризага илова қи­линадиган ҳужжатлар рўй­хати аниқлаштирилди (357-сон Низомнинг 40-банди). Шунингдек ариза берувчидан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳуж­жатларни талаб қилишга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

357-сон Низомнинг 401-банди билан объектни қайта ихтисослаштириш, реконструкция қилиш ва унинг фасадини ўзгартириш тушунчалари жорий этилган.

Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими) томонидан объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, шунингдек бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш (фасадини таъмирлаш) имкониятини ўрганиш муддати 2 кундан 5 кунгача узай­тирилди (357-сон Низомнинг 41-банди). Бу бошқармаларда фақат биргина бош архитектор ишлаши ва у 2 кун ичида кўриб чиқиши учун келиб тушадиган барча ҳужжатларга ишлов беришга қодир эмаслиги билан боғлиқ. Қўшимча 411-банд билан объектни ўрганиш таомиллари аниқлаштирилди.

Қўшимча 421-банд билан ариза берувчининг мурожаатини ижобий ҳал қилишни расмийлаштириш таомили аниқлаштирилди. Бундан буён 357-сон Низомга 8 ва 9-иловаларга мувофиқ шакл­лар бўйича объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, шунингдек бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишишга амал қилиш муддати чекланмаган рухсатнома берилади.

Нотурар жойлар (ёки уларнинг бир қисми) кўп квартирали турар жой ёки ётоқхона ёхуд якка тартибдаги турар жой сифатида фойдаланиладиган турар жой тоифасига қайта ихтисослаштирилган ҳолларда 357-сон Низомнинг 43-банди 357-сон Низомнинг янги шартлари ва талабларини ҳисобга олган ҳолда янги таҳрирда баён этилди.

357-сон Низомнинг 44-банди билан объектни қайта ихтисослаштиришга ёки реконструкция қилишга, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишга (фасадини таъмирлашга) рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишнинг муддатлари аниқлаштирилди. Асоссиз рад этилганда рухсат беришни расмийлаштириш масаласи бир кун ўрнига 2 кун мобайнида ҳал этилиши керак. Шунингдек рад этиш сабабларини бартараф этиш ва ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тайёрлаш учун муддат белгиланган – рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб камида 10 иш куни.

Рад этиш сабаблари ва сабаб­лар бартараф этилгандан кейин аризани қайта кўриб чиқиш муддати – кўпи билан 3 иш куни – 357-сон Низомнинг қўшимча 441 ва 442-бандларида баён этилган.

357-сон Низом 45 ва 46-бандларининг янги таҳририга биноан, агар туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бош­қармаси (бўлими) белгиланган муддатда ариза берувчига рухсатнома бермаса, бироқ уни беришни ҳам рад этмаса, ариза берувчи бу ҳақда тегишли архитектура органларини ёзма равишда хабардор қилиб, мўлжалланган ишга киришиш ҳуқуқига эгадир. Бу ҳолда улар хабарнома олинган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида рухсатнома беришлари шарт.

Турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатномани туман (шаҳар) ҳо­кимлигида расмийлаштириш муддатлари узайтирилди – энди 7 кун бўлди (357-сон Низомнинг 48-банди).

Янги 481–4812-бандларда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида юзага келадиган ҳоллар назарда тутилган:

асоссиз рад этилган ҳолда туманлар ва шаҳарлар ҳоким­ликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўй­хат­дан ўтказиш инспекцияси ҳужжатларни ҳокимликка қай­таришга ҳақли ва масала 2 кун мобайнида ижобий ҳал этилиши керак. Асосли рад этишда ариза берувчи унинг сабабларини бартараф этиши ва рад этиш тўғрисида ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида қайта мурожаат этиши мумкин. Ушбу муддат тугаганидан кейин ҳужжатлар яна берилган ҳисобланади;

ариза берувчи томонидан рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилганидан кейин ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш 3 кун ичида амалга оширилади;

агар тегишли органлар белгиланган муддатларда рухсатнома беришмаса ёки рад этишмаса, ариза берувчи бу ҳақда уларни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда мўлжалланган фаолиятни амалга ошириш учун зарур ҳаракатларга киришишга ҳақлидир. Қонун уларни хабарнома олинган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида ва унинг амал қилиш муддатини чекламаган ҳолда турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома беришга мажбур қилади.

Ишлаб чиқилган архитектура-режалаштириш топшириғи қиймати (илгари у ЭКИҲнинг 1 бараварига тенг эди) энди Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тарифлар бўйича аниқланади (357-сон Низомнинг 49-банди).

Бинонинг архитектура-режа­лаш­тириш топшириғи ишлаб чиқилишини туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бош­қармаси (бўлими)нинг ўзи, агар унда бунга вилоят архитектура ва қурилиш бош бош­қармасининг буйруғи билан берилган ваколатлар бўлганида, амалга ошириши мумкин (357-сон Низомнинг 493-банди).

Низом объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришга (фасадини таъмирлашга) рухсатнома, рухсат бериш ҳужжатлари йўқолган ёки ишдан чиққан ҳолларда турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш тўғрисидаги қарор дубликати берилишини, шунингдек рухсат бериш талаб­лари ва шартлари кўп маротаба ёки қўпол равишда бузилган ҳолларда рухсатномаларнинг амал қилишини тўхтатиш ва бекор қилишни назарда тутувчи IV1 ва IV2 бўлимлар билан тўлдирилди.

Киритилган қўшимчалар натижасида меъёрий талаблар аниқлаштирилди, бу эса уларни бир хил талқин этиш ва бажариш имконини беради.

 

Ҳужжат тили билан

 

Объектни қайта ихтисослаштиришда ва реконструкция қилишда, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришда (фасадини таъмирлашда), юкламалари ҳажмларини ўзгартирмасдан турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказишда рухсат бериш талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

объектни қайта ихтисослаштиришда ва реконструкция қилишда, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришда (фасадини таъмирлашда), юкламалари ҳажм­ларини ўзгартирмасдан ёки ўзгартириб турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказишда ариза берувчи томонидан қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мажбурий риоя қилиш;

объектни қайта ихтисослаштиришда ва реконструкция қилишда, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш (фасадини таъмирлаш), турар жойларни қурилиш лойиҳасида ёки фасад эскизида кўрсатилган нотурар жойлар тоифасига ўтказиш;

юкламаларини ўзгартирмасдан объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш.

Турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказишда қуйидагилар қўшимча рухсат бериш талаблари ва шартларига киради:

хонанинг турар жой биносининг албатта пастки қаватида жойлашган бўлиши;

турар жойнинг мақсадли йўналишдаги коммунал уй-жой фондига кирмаслиги;

алоҳида кириш жойи қуриш имкониятининг мавжудлиги;

турар жойнинг авария ҳолатида эмаслиги ёки нотурар жой тоифасига ўтказиш учун яроқсиз бўлмаслиги;

низо суд тартибида ҳал этилгунгача – турар жойнинг судда кўриб чиқиш предмети эмаслиги.

Нотурар жойларни турар жойлар тоифасига қайта ихтисослаштиришда қуйидагилар қўшимча рухсат бериш талаблари ва шартларига киради:

биноларнинг конструкциясига уларнинг бардошлилиги камайишига олиб келадиган ўзгартиришлар киритмаслик;

хона бинонинг ертўласида ёки ярим ертўласида жойлашмаган бўлиши керак;

хонани тўғридан-тўғри бошидан охиригача ёки бурчагидан шамоллатишни ташкил этиш имкониятининг мавжудлиги, шунингдек қўшни турар жой ёки нотурар жойлардан тўлиқ изоляцияланган бўлиши керак;

қайта ихтисослаштирилаётган хоналар шифтининг (максимум, минимум) баландлиги шаҳарсозлик ҳамда санитария-гигиена нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши керак;

зарур санитария-техник ва гигиена шароитлари яратиш учун хоналарни мослаштириш имкониятининг мавжудлиги;

хона муҳандислик ва транспорт коммуникацияларининг, ирригация иншоотларининг, дарё ва сув ҳавзаларининг, ишлаб чиқариш корхоналарининг, қабрис­тонларнинг қўриқланадиган зоналарида, қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов бериш учун заҳарли химикатларни қўллаш зоналарида жойлашмаган бўлиши керак;

хона турар жойларни жойлаштириш назарда тутилмаган зоналарда жойлашмаган бўлиши керак (ушбу зоналар аҳоли пунк­тининг бош режасида ёки қишлоқ (овул) фуқаролар йиғини ҳудудининг архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳасида белгиланмаган бўлса). Шаҳарсозлик ҳужжат­лари мавжуд бўлмаган тақдирда кўриб чиқилаётган аҳоли пункти ҳудудини зоналаштириш тегишли бош лойиҳалаш ташкилотлари томонидан улар билан қурилиш учун ер участкаларини танлашни келишиш учун белгиланган тартибда ва муддатларда аниқланади;

низони ҳал этиш тугагунгача – хона судда кўриб чиқиш предмети бўлмаслиги керак.

357-сон Низом, 261-банд.

Прочитано: 2146 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика