Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 10 / Солиқ солиш

Сотилган қўлёзмадан солиқ

Мен ўтган йил учун даромадлар тўғрисида маълумотномаларни йиғяпман. Бир жойда менга муаллиф гонораридан солиқ ўзгача, умумқабул қилинган ставкалардан бошқача тарзда олинишини айтишди. Шу тўғрими? Муаллиф гонорарларига оид солиқ ставкалари ҳақида қаердан билишим мумкин?

 

– Муаллиф ўзи гонорар олган буюртмачи билан қандай шартнома тузилганлигини кўрсатмаган. Шу боис ҳам муаллиф гонорари сифатида олинган даромадларга солиқ солишнинг бир нечта вариантини кўриб чиқамиз.

 

ИШЛАРНИ бажариш ва хизматлар кўрсатишга фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартнома доирасидаги тўловлар Солиқ кодексининг (СК) 172-моддасига асосан жисмоний шахснинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари таркибида ҳисобга олинади.

Бундай шартномани ташкилот ходими ёки ташкилот билан меҳнат муносабатларида бўлмаган ҳар қандай фуқаро билан тузиш мумкин. Агар иш берувчи ўзининг штатдаги ходими билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузса, унга оид ишни ходим ишдан ташқари вақтда бажариши шарт, акс ҳолда у ўриндошлик бўйича мажбуриятларни бажариш деб ҳисобланади.

Ижрочи томонидан фуқа­ролик-ҳуқуқий тусдаги шарт­нома бўйича олинган даромадларга солиқ солиш буюртмачи зиммасига юкланади, у даромадларни тўлаш манбаи ва солиқ агенти ҳисобланади (СКнинг 184-моддаси). СКнинг 186-моддасига кўра асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахс­лардан олинган даромадларга ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш жами даромад суммасидан СКнинг 179 ва 180-моддаларида назарда тутилган имтиёзларни қўлламасдан, унинг ҳисобланишига қараб, йил бошидан ортиб борувчи якун билан белгиланган ставкаларда амалга оширилади. Ҳисобланган солиқ суммаси жисмоний шахсларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий ойлик бадаллар миқдорига камайтирилади.

Агар асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан даромадлар оладиган жисмоний шахс бухгалтерияга ўз даромадидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг юқори ставкаси бўйича ушлаб қолиш тўғрисида ариза топширса, даромадлар тўлайдиган юридик шахслар солиқни энг юқори ставкада ушлайдилар.

Шунингдек ушбу тўловларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинади, чунки улар СКнинг 172-моддасида кўрсатилган иш ҳақи тарзидаги даромадлар ҳисобланади (СКнинг 306-моддаси).

 

ФУҚАРОЛИК кодекси (ФК) ва «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонун (20.07.2006 йилдаги ЎРҚ-42-сон) томонидан тартибга солинадиган, муаллифлик шартномаси доирасида олинган муаллифлик ҳақи (гонорар) тарзидаги даромадларга нисбатан солиқ солишнинг бошқа тартиби қўлланади.

ФКнинг 1041-моддасига мувофиқ, муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади. У қуйидаги бирон-бир объектив шаклда бўлган ошкор қилинган асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади:

ёзма (қўлёзма, машинкаланган ёзув, нотали ёзув ва ҳоказо);

оғзаки (омма олдида сўзлаш, омма олдида ижро этиш ва ҳоказо);

овозли ёки видеоёзув (механик, магнитли, рақамли, оптик ва ҳоказо);

тасвир (расм, эскиз, манзара, тарҳ, чизма, кино, теле-, видео- ёки фотокадр ва ҳоказо);

ҳажмли-фазовий (ҳайкал, модель, макет, иншоот ва ҳоказо);

бошқа шакллардаги.

Муаллифнинг мулкий ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида ёки мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин (ФКнинг 1067-моддаси).

ФКнинг 1068-моддасига кўра, тўланадиган ҳақ муаллифлик шарт­номасида, асардан фойдаланишнинг тегишли усули учун олинадиган даромаддан фоиз тарзида ёки қайд этилган сумма тарзида ёхуд бошқача тарзда белгиланади. Мазкур ҳақнинг энг кам миқдорлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади (ВМнинг 8.01.2007 йилдаги 81-сон ва 19.01.2008 йилдаги 10-сон қарори).

Мазкур шартнома бўйича тўловлар жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари ҳисобланади (СК 178-моддасининг 12-банди) ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайди. Шу сабабли ҳам улардан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ушланмайди.

Агар даромаднинг тўлов манбаи юридик шахс – Ўзбекистон резиденти ёки фаолиятини Ўзбекистонда доимий муассаса ёки чет эл юридик шахсининг ваколатхонаси орқали амалга ошираётган норезидент бўлса, уларга ҳам тўлов манбаида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади (СКнинг 184-моддаси). Солиқ агентлари ҳисоблаб ёзилган ЖШДС суммасини улар ҳақиқатда тўланган пайтда солиқ тўловчининг даромадларидан ушлашлари шарт. Солиқ СКнинг 186-моддасига мувофиқ фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шарт­номалар бўйича олинган даромадлар билан бўлганидек тартиб ва ўша ставкаларда ҳисоблаб чиқарилади.

Бироқ муаллифлик шартномаси бўйича олинган даромадларга солиқ солишнинг яна бир хусусияти бор. СКнинг 189-моддасига кўра фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақига ЖШДС дек­ларация асосида солинади. СКнинг 190-моддасида назарда тутилишича, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олувчи жисмоний шахслар бундай фаолиятни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга. Улар ЖШДСни солиқ органининг ёзма хабарномаси асосида тўлайдилар.

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи олаётган жисмоний шахс даромадлар ва уларни олиш билан боғлиқ харажатлар ҳисобини юритиши шарт. У ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ, ҳақиқатда қилинган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириш ҳуқуқига эга, бироқ чегирма олинган жами даромад суммасининг 30%идан кўп бўлмаслиги керак.

Ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларга қу­йи­дагилар киради:

фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олишга доир харажатлар;

фақат фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, нашр қилиш, ижро этиш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш мақсадида фойдаланиладиган бино ва мол-мулк ижарасига доир харажатлар.

Яъни агар картина, бадиий асар ва ҳоказоларни яратиш чоғида ҳуж­жат билан тасдиқланган харажатлар қилинган бўлса, жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай жами йиллик даромад тўғрисида декларацияни тақдим этиб, тўлов манбаида ушланган ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқига эгадир (СКнинг 192-моддаси).

 

Мария САБИРОВА,

экспертимиз.

Прочитано: 989 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика