Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 9 / Мавзуни газетхон белгилади

Экспортнинг қайтарилиши

 Декларант биз реимпортга тушиб қолдик дейди. Бироқ мен бу ҳолатга ҳеч қачон тўқнаш келмаганим боис, қандай ҳаракат қилиш кераклигини билмайман. Менга Божхона кодексининг 18-моддаси билан танишиб чиқишни маслаҳат беришди. У билан танишиб чиқдим. Аммо уни амалиётда қандай қўллаш мумкин?

Н.Н., МЧЖ директори.

 

– Ташқи савдо операцияларида реимпортдан анча кенг фойдаланилади, чунки кўпинча илгари мамлакатдан олиб чиқилган товарларни қайтадан олиб кириш зарурати туғилади. Реимпорт операциялари олди-сотди битимларини ривожлантириш варианти сифатида контракт мажбуриятларини ҳам, маъмурий-ҳуқуқий талабларни ҳам ихтилофларсиз бажариш имкониятини таъминлайди. Аввало улар товарлар рекламацияларида ва хорижга олиб чиқилган, у ерда ўз истеъмолчисини топмаган товарни қайтадан олиб кириш чоғида, битим шартларида назарда тутилган шартнома предметини қайтариш одатдан ташқари контракт вазиятидан чиқишда ёрдам берадиган бошқа ҳолларда амалга оширилади.

Реимпорт божхона режими тўғрисида низомда1 (бундан кейин – Низом) назарда тутилишича, қуйидаги товарлар божхона реимпорт режимида жойлаштирилиши мумкин эмас:

хорижий товарлар;

республикадан экспорт режимидан ташқари, бошқа божхона режимларига мувофиқ олиб чиқилган Ўзбекистон товарлари;

экспорт режимига мувофиқ олиб чиқилган, лекин уларни олиб кириш реимпорт учун белгиланган муддат тугаганидан кейин амалга ошириладиган Ўзбекистон товарлари;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистонга олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш тақиқланган товарлар.

 

Ҳужжат тили билан

Реимпорт шундай режимки, бунда экспорт режимида божхона ҳудудидан олиб чиқилган Ўзбекистон товарлари импорт божларини, солиқларни тўламасдан, шунингдек уларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда қайта олиб кирилади.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси, 18-модда.

 

Режимда жойлаштириш шартлари

1. Божхона реимпорт режимида Ўзбекистондан божхона экспорт режимига мувофиқ олиб чиқилган ва олиб чиқиш вақтидан бошлаб 10 йил давомида қайта олиб кирилаётган товарлар жойлаштирилиши мумкин. Божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган энг охирги ҳужжат қабул қилинган кун реимпорт режимида олиб кириш санаси ҳисобланади, олиб чиқишда божхона органи томонидан экспорт божхона декларацияси қабул қилинган кун, у мавжуд бўлмаган ҳолда эса республика чегарасидан ўтилгани расмийлаштирилган кун ҳисобланади.

 

Маълумот учун! БЮД мавжуд бўлмаганда ёки чегарадан ўтиш санаси тасдиқланмаганда Ўзбекистонда товарларнинг ишлаб чиқарилган санаси уларни олиб чиқиш вақти деб ҳисобланади. Товарнинг тайёрланган санаси кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда товарнинг тайёрланган санасини аниқлаш учун экспертиза ўтказилиши мумкин.

 

2. Олиб кириладиган товарлар олиб чиқиш вақтидаги ҳолатида бўлиши керак, табиий эскириш оқибатидаги ўзгаришлар ёки ташиш ва сақлашнинг меъёрий шароитлари натижасида юз берган талафотлар бундан мустасно. Уларга енгиб бўлмас куч таъсирида ёки авария натижасида, шунингдек товарлар Ўзбекистондан ташқарида бўлган вақтида уларнинг сақланишини таъминлаш бўйича таъсир кўрсатилганда, майда таъмирлаш ва бошқа операцияларда товарларнинг қисман ёки бошқа тарздаги зарарланиши ёки ёмонлашуви киради.

Дастлабки икки далилнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги божхона органининг мансабдор шахсларида шубҳа уйғотмайдиган усулда тасдиқланиши керак. Сўнгги ҳолатда бундай таъсирлар натижасида уларни олиб чиқиш вақтида белгиланган қиймати ошмаслиги керак.

Шу тариқа, товарлардан Ўзбекистондан ташқарида ишлаб чиқариш, тижорат ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш уларни реимпорт божхона режимида жойлаштиришга тўсиқ бўлмайди.

 

Маълумот учун! Товарларни олиб чиқиш ва олиб кириш вақтидаги қийматининг нисбати АҚШ доллари асосида аниқланади. Агар нархлар шартномада ёки бошқа ҳужжатда бошқа валютада акс эттирилган бўлса, бу валюталар тегишинча олиб чиқиш ёки олиб кириш вақтидаги АҚШ доллари курси бўйича қайта ҳисобланади.

 

Реимпорт қилинаётган товарларнинг айнан бирхиллигини, шунингдек уларни олиб чиқиш далили ва санаси, уларнинг келиб чиқишини тасдиқлаш учун декларант тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши керак. Божхона уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаганидан кейин улар БЮДга илова қилинади. Кўрсатилган ҳолатларни исботлаш мажбурияти манфаатдор шахс зиммасига юклатилади.

 

Маълумот учун! Товарлар уларни экспортга олиб чиқмаган шахс томонидан олиб кирилганда, зарур ҳолларда белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт) тақдим этилади.

 

Божхона расмийлаштируви

Товарларни реимпорт режимида жойлаштиришда декларант қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

Товарларни реимпорт божхона режимида жойлаштиришда божхона юк декларациясини тўлдириш тартибига (Низомга илова) мувофиқ тўлдирилган божхона юк декларацияси;

бошқа давлат органларининг рухсатномаси, агар реимпорт қилинадиган товарлар шу органларнинг назоратига оид бўлса;

реимпорт қилинадиган товарлар экспорт қилинишида асос бўладиган БЮД нусхаси ёки бундай товарларни Ўзбекистондан олиб чиқиш далилини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, шунингдек товарга илова қилинувчи ҳужжатлар ва ҳ.к.;

товарларни олиб кириш учун белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт) (товарлар уларни экспорт қилмаган шахслар томонидан олиб кирилганда).

Товарларни реимпорт режимида жойлаштириш тўғрисида қарорни ДБҚ бўлинмаси (ҳудудий бошқармаси ёки ихтисослаштирилган божхона мажмуаси) бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс қабул қилади.

Маълумот учун! Реимпорт қилинаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви учун божхона қийматининг 0,2%ига тенг бўлган, бироқ 25 АҚШ долларидан кам бўлмаган ва 3 000 АҚШ долларидан ошмайдиган божхона йиғими ундирилади (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида» 204-сон қарори).

 

Бож ва солиқлар

Агар реимпорт қилинаётган товарлар экспорти чоғида солиқлардан (ҚҚС, акциз) озод этилган бўлса, уларни олиб кирувчи шахс бу солиқларни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга қўлланадиган ставкалар бўйича, экспорти вақтидаги белгиланган қонунчиликка мувофиқ равишда тўлайди.

Тўланиши шарт бўлган суммаларни ҳисоблаб чиқариш учун божхона қиймати товарлар реимпорт режимида жойлаштирилишига асос бўладиган БЮД қабул қилинган санада белгиланади. Товарларни олиб чиқишда тўланган экспорт божлари ва солиқлар суммаси эса ушбу товарларни олиб чиқиш вақтидан бошлаб 3 йил давомида реимпорт режимида қайта олиб кирилиши шарти билан белгиланган тартибда божхона органи тақдимномаси бўйича қайтариб берилади. Тўланган суммалар қуйидаги шартларга риоя қилинган ҳолда қайтарилади:

биринчидан, агар товарлар экспорт божи ва солиқларни тўлаган биргина шахс томонидан олиб чиқилган ва олиб кирилган бўлса;

иккинчидан, агар товарларни экспорт режимида олиб чиққан ва уларни реимпорт режимида олиб кирган шахс БЮД қабул қилинган санадан 1 йил ўтгунига қадар тўланган суммаларни қайтариш тўғрисида божхона органига эркин шаклда ёзма ариза топширса;

учинчидан, агар божхона органига унинг асосида экспорт божлари ҳисоблаб ёзилган ва тўланган божхона декларациясининг нусхаси тақдим этилган бўлса, шунингдек тўловларнинг божхона органи ҳисобварақларига ёки бевосита давлат бюджетига ҳақиқатан келиб тушганлиги божхона органи томонидан ёзма равишда тасдиқланса.

 

Маълумот учун! Кўрсатилган шартлардан лоақал биттасига риоя этилмаганда экспорт божининг тўланган суммалари қайтарилмайди.

Экспорт божи ва солиқларнинг қайтариладиган суммаси индексацияланмайди, улардан фоизлар тўланмайди. Пенялар, кечиктирилган муддат учун тўловлар ва шу каби бошқа тўловлар қайтарилмайди.

Божхона божлари ва солиқлар қайси валютада тўланганидан қатъи назар, миллий валютада қайтарилади. Агар тўлов ЎзР Марказий банки томонидан курси котировка қилинадиган хорижий валютада амалга оширилган бўлса, у МБнинг реимпорт божхона режими эълон қилинган божхона декларацияси қабул қилинган кундаги курси бўйича миллий валютага қайта ҳисобланади.

Реимпорт божхона режимида экспорт қилинган товарларнинг бир қисми жойлаштирилган ҳолда, тўланган суммалар товарлар шу қисмининг экспорт қилинган товарлар туркумига миқдорий нисбатида қайтарилади.

Тўланган суммаларни реимпорт қилинаётган товарларни божхонада расмийлаштирган божхона органи, Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш тўғрисидаги йўриқномага2 мувофиқ қайтарилади.

Божхона органининг мансабдор шахси товарлар экспорт қилинишига асос бўлган БЮД нусхасига, шунингдек божхона органининг қайтариладиган сумма (рақамларда ва ҳарфларда ёзилган) ва қайтариш санасини кўрсатиш йўли билан божхона тўловлари тўлангани тасдиғига тўланган суммалар ёки уларнинг бир қисми қайтарилгани тўғрисида қайд қилади. Қайд божхона органи инспекторининг имзоси ва шахсий рақамли муҳри билан тасдиқланади. Суммаларнинг қайтарилгани тўғрисидаги қайд қўйилган тасдиқ нусхаси уни берган божхона органига йўлланади.

 

1ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.09.1999 йилда 818-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.07.2000 йилда 947-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2570 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика