ЯСТ тўловчи МЧЖ (ХХТУТ бўйича коди – 61134, асосий фаолият тури – электрмонтаж, ишга тушириш-созлаш ишлари) бир қатор саволларга жавоб беришингизни сўрайди.
1. Ходимларимизга йилда бир маротаба энг кам иш ҳақи миқдорининг 12 баравари доирасида даволанишга ёки оғир молиявий аҳволи муносабати билан моддий ёрдам тўланади. Бундай тўловнинг солиқ оқибатлари қандай бўлади?
2. Қурувчилар куни, 8 март, Янги йил шарафига байрам тадбирлари ҳақи ташкилот ҳисобига (корпоратив карточка ёки пул ўтказиш билан) тўланса, солиқ оқибатлари қандай бўлади? Ҳисобда ушбу операция қандай акс эттирилади, қандай ҳужжатлар маблағларни ҳисобдан чиқариш учун асос бўлиб ҳисобланади?
Бош бухгалтер.
– 1. Агар корхона ходимга стационар ва (ёки) амбулаторияда тиббий хизмат кўрсатиш (даволаниш) ҳақини тўласа, иш берувчи тўлаган суммалар ходим учун Солиқ кодексининг (СК) 177-моддасига кўра ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайдиган моддий наф тарзида олинган даромадлар ҳисобланади, чунки меҳнат ҳақи тарзида олинган даромадларга кирмайди. Бунда иш берувчи томонидан соғлиқни сақлаш ташкилотлари ёзиб берган ҳужжатлар асосида ҳақи тўланган даволашнинг бутун суммасига ЖШДС солинмайди (СК 179-моддасининг 3-банди). Бу ходимга тиббий хизмат кўрсатганлик учун соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган, соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун нақд пул маблағлари бевосита ходимга (ходим йўқлигида унинг оила аъзоларига, ота-онасига) берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган ҳолларга ҳам тааллуқлидир.
Оғир молиявий аҳвол муносабати билан кўрсатиладиган моддий ёрдам, СК 178-моддасининг 16-бандига кўра, жисмоний шахснинг бошқа даромадлари жумласига киритилади. Бошқа даромадлар ЖШДС солинадиган объект ҳисобланади, бироқ ЯИТ ва суғурта бадаллари солинадиган объект бўлмайди (СКнинг 306, 307-моддалари). Оғир молиявий аҳвол муносабати билан солиқ даврида (календарь йилда) ЭКИҲнинг 12 баравари миқдорида тўланадиган моддий ёрдамга ЖШДС солинмайди. Агар йил давомида бир ходимга кўрсатилган бундай моддий ёрдам ушбу миқдордан ошиб кетса, ЭКИҲнинг 12 бараваридан ортган суммага белгиланган тартибда ЖШДС солинади.
2013 йилнинг 1 январидан бошлаб, СКнинг 186-моддасига 25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, моддий ёрдамнинг солиқ солинмайдиган суммаси, масалан ЭКИҲнинг 12 баравари, энг кам иш ҳақининг ҳисобот йили 1 январига белгиланган миқдоридан (2013 йилда – 79 590 сўм) келиб чиқиб белгиланади ва йил давомида ЭКИҲ ўзгарганда қайта ҳисобланмайди. Яъни 2013 йилда ЭКИҲнинг 12 бараварига тенг бўлган моддий ёрдам бўйича им-тиёз суммаси, 2013 йилнинг 31 декабригача қандай энг кам иш ҳақи миқдори белгиланишидан қатъи назар, 955 080 сўмни (79 590 х 12) ташкил этади.
2013 йил 1 январгача моддий ёрдамнинг солиқ солинмайдиган суммаси якуний ҳисоб-китоби йил охири – 31 декабрда амал қилган ЭКИҲдан келиб чиқиб амалга оширилган.
2. Байрам тадбирларини ўтказишга доир бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатлари уни ташкил этиш усули – ходимларга мукофот тўлаш, қимматли совғалар топшириш ёки корпоратив зиёфат билан уларни тақдирлашга боғлиқ бўлади.
Байрам тадбирини ўтказиш, масалан совғалар ёки бошқа моддий бойликларни харид қилиш, байрам тушлигини ташкил этиш харажатларига пул маблағларини корхонанинг банк ҳисобварағидан тўғридан-тўғри тўлов топшириқномасига кўра ўтказиш йўли билан ёки корпоратив карточка воситасида тўланиши мумкин. Бунда, Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг1 6-бандига кўра корпоратив карточка маблағларидан фақат Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомда2 назарда тутилган харажатларни тўлаш учун фойдаланиш мумкин. Харажатларга корпоратив карточка билан ҳақ тўланганда корхона бухгалтериясига ҳисобдор шахс (корпоратив карточка тутувчиси) харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ҳисобот тақдим этиб, унга терминаллар квитанцияларининг нусхаларини илова қилиши керак. Ҳисобот корпоратив карточка ҳисобот учун олинган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай тақдим этилади.
Байрам тадбирларини ўтказиш бўйича бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш, харажатларни ва солиқ оқибатларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш ҳақида батафсилроқ қуйидаги газета сонларида ўқинг: «Норма маслаҳатчи»нинг 20.12.2011 йилдаги 51 (336)-сон; «СБХ»нинг 8.03.2012 йилдаги 11 (919), 27.12.2012 йилдаги 52 (960)-сонлари.
1МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.