Ҳозир вилоятларда йирик корхоналар уй-жой коттежлари қурилишига бадаллар ўтказмоқдалар. Бу суммалар жуда катта, бироқ уй қурувчиларнинг ҳаммаси ҳам ёш оилалардан эмас. Солиқ кодексининг 171-моддасига кўра эса фақат ёш оила аъзолари учун иш берувчи томонидан ўтказилган сумма (дастлабки бадал) даромад ҳисобланмайди. Бироқ Президентнинг 3.08.2009 йилдаги ПҚ-1167-сон қарори 9-бандига мувофиқ Президентнинг «Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони (18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон) 4-бандининг амал қилиши қишлоқ жойда «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ кредитлари ҳисобига намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилишини амалга ошираётган қурувчиларга татбиқ этилади.
Агар уй қурувчи ёш оила аъзоси бўлмаса, дастлабки бадалга даромад солиғи солинадими ёки йўқми?
– Президентнинг 18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон Фармони 4-банди билан белгиланишича, жисмоний шахслар – ёш оила аъзоларининг солиққа тортиладиган даромадларига қуйидаги даромадлари кирмайди:
солиққа тортиладиган иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг шахсий уй-жой ёки кўп қаватли уйда хонадон қуриш, таъмирлаш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган суммаси;
хўжалик субъекти – иш берувчидан уй-жой сотиб олиш учун олинган маблағ.
Сотиб олинган (мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган) кундан бошлаб 5 йил ичида ушбу мол-мулк сотилса, даромадлар белгиланган тартибда жисмоний шахслар даромадларига солинадиган солиққа тортилади.
2009 йил 3 августдан бошлаб Президентнинг 3.08.2009 йилдаги ПҚ-1167-сон қарорининг 9-банди билан ушбу икки имтиёзнинг амал қилиши қишлоқ жойларда «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ, 2013 йил 4 январдан эса Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ипотека банк» АТИБ кредитлари ҳисобидан ҳам намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда иморат қурувчиларга нисбатан татбиқ этилган.
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилишини амалга оширадиган қурувчилар учун ёш ва оилавий аҳволи бўйича чеклашлар белгиланмаган. Шу сабабли, фикримизча, уй қурувчи ёш оила аъзоси бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар:
унинг иш ҳақи ва солиқ солинадиган, «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ипотека банк» АТИБдан олинган кредитни (ва унга доир фоизларни) сўндиришга йўналтирилган бошқа даромадлари ЖШДС солишдан озод қилинади;
у иш берувчи корхонадан олган ёки корхонанинг ўзи юқоридаги банкларнинг кредитларига доир тўлов ҳисобига банкка ўтказган маблағларга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.