Автомобилларга сиқилган метан газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг (ХХТУТ бўйича коди – 13116) фаолияти ишлаб чиқариш турига кирадими ёки чакана савдо туригами?
Давлат солиқ қўмитасининг 9.09.2011 йилдаги 13/4-13015-сонли модемограммасига асосан автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг фаолияти чакана савдо турига кирмайди, балки бунда бир турдаги маҳсулотдан сифат жиҳатидан бошқа турдаги ва мажбурий сертификатланадиган маҳсулот ишлаб чиқарилганлиги сабабли у ишлаб чиқариш фаолиятига киради деб кўрсатилган.
Иқтисодиёт вазирлигининг 19.07.2012 йилдаги ТД-5-4/7-33-сон хатига ва Молия вазирлигининг 20.07.2012 йилдаги ММ/04-01-35-16/758-сон хатига ҳамда Давлат статистика қўмитасининг 1.08.2012 йилдаги 01/2-04-6/2-231-сон хатига асосан сиқилган метан газ шохобчалари фаолияти чакана савдо турига кириши кўрсатилган.
Бу турдаги корхонада ишчилар сони қанча бўлиши мумкин ва ягона солиқ тўловини қанча фоизда тўлаш керак?
У.Аҳмедов, «Хоразм қурувчи инвест» МЧЖ директори.
– Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари орқали сиқилган метан газни сотиш фаолияти Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Эксперт кенгашининг 4.10.2012 йилдаги 19-сонли баённомасига мувофиқ янги саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш фаолияти деб эътироф этилди.
Хатингизда корхонангизнинг фаолият турлари бўйича хос рақамини 13116 деб кўрсатгансиз. Аслида ушбу фаолият тури Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги тармоқларининг умумдавлат Таснифлагичига асосан (ХХТУТ) кимёнинг бошқа маҳсулотларини ишлаб чиқариш, яъни кислород, водород, аргон, криптон, ксенон газларини сиқилган ва суюлтирилган ҳолда ишлаб чиқарувчи корхоналар киради. Табиий газни қайта ишлаш, яъни табиий газ (ёқилғи)ни қайта ишлаш фаолияти 11232 хос рақами билан белгиланиши Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясида (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган) кўрсатилган.
Мазкур Классификацияга асосан ҳар иккала ХХТУТ рақамидаги корхоналарда 50 тагача ходим ишласа, улар кичик корхоналар тоифасига киради ва ягона солиқ тўлови тўлаши мумкин.
СКнинг 350-моддасида микрофирма ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар кириши белгиланган. Бунда:
ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;
ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар (шуъба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади;
юридик шахсларни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритишда юридик шахснинг асосий фаолият (ихтисослиги) турига тўғри келадиган ходимлар сонининг мезони қабул қилинади.
Агар борди-ю, давлат статистика органлари сизнинг сиқилган метан газни сотиш фаолиятингизни чакана савдо фаолияти деб баҳоласа, шунга мос ХХТУТ рақами, яъни 71210–71280 хос рақамлари берилса, унда ушбу фаолиятдан тушган тушум бошқа тушумлардан устунлиги учун сизнинг асосий фаолият турингиз савдо ҳисобланади. СКнинг 350-моддасига асосан ходимларнинг сонидан қатъи назар, савдо корхоналари ЯСТ тўловчиси ҳисобланади.
Солиқ ставкасини қўллаш масаласига келсак, бунда корхонангиз сиқилган метан газни сотиш фаолиятидан солиқни саноат соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ставкада тўлаши керак. 2013 йил учун ишлаб чиқаришга ягона солиқ тўловининг ставкаси 5 фоиз деб белгиланган.
Жавобни экспертимиз Умидбек САФАРОВ
тайёрлади.