Давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлмиш божхона хизмати мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларининг ҳимояси билан шуғулланади. Табиийки, бу жараёнда замонавий билимларни чуқур ўзлаштирган, юқори малака ва амалий тажрибага эга бўлган божхоначи кадрларнинг ўрни беқиёс.
Божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш, божхона назорати бўйича халқаро амалиётда жорий этилган замонавий шакл ҳамда услубларни қўллаш соҳа мутахассислари олдига юқори талаблар қўймоқда. Олий ҳарбий божхона институти таркибидаги Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида тизимга малакали кадрларни тайёрлаб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яқинда мазкур факультетда 3 ой давомида бошланғич тайёргарлик курсларида таҳсил олган тингловчилар Она Ватанимизга, Президентимизга ва божхона ишига садоқат ҳақида тантанали равишда «Божхоначи қасамёди»ни қабул қилишди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, божхона фахрийлари ва ота-оналар иштирок этишди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультети божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали уларнинг профессионал билимларини янгилаш ва чуқурлаштиришни таъминлайди. Республикамизнинг турли вилоятларидан келган йигит-қизлар бу ерда нафақат соҳа бўйича ўз билимларини оширадилар, балки ўзаро тажриба ҳам алмашадилар. Сабаби тингловчиларнинг таркиби турличадир – кимдир чегара божхона постидан, кимдир ташқи иқтисодий фаолият божхона постидан ёки ҳудудий божхона бошқармасидан келган.
Факультет ўқув аудиториялари ва ихтисослаштирилган синфлар энг замонавий техника ҳамда интерактив воситалар билан жиҳозланган.
Нурбек САЛОМОВ.